|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 22.02.2021
|
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
1999-2000 ЙИЛЛАРДА ИРРИГАЦИЯ-МЕЛИОРАЦИЯ ИШЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Суғориладиган ерларда деҳқончиликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини изчил амалга ошириш ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «1998—2000 йиллардаги даврда қишлоқ хўжалигидаги иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш дастури тўғрисида» 1998 йил 18 мартдаги Фармонини бажариш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг 1999-2000 йилларда 1 — 4-иловаларга* мувофиқ ҳажмларда ирригация-мелиорация ишларини амалга ошириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, «Ўзсувқурилиш» давлат концерни, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари 1 — 4-иловаларга мувофиқ янги суғориладиган ерларни фойдаланишга топшириш ва ирригация-мелиорация ишларини амалга ошириш бўйича белгиланган топшириқларнинг қатъий бажарилишини таъминласинлар.
* Иловалар берилмайди.
Маълумот учун қабул қилинсинки, Вазирлар Маҳкамасининг «1999 йил учун Ўзбекистон Республикасининг инвестиция дастури тўғрисида» 1999 йил 13 январдаги 16-сон қарорига мувофиқ ирригация-мелиорация ишларини амалга ошириш учун 10,06 млрд сўм капитал маблағлар ажратиш назарда тутилган.
Белгилансинки, янги суғориладиган ерларни фойдаланишга топшириш фақат мавжуд ёки сув хўжалиги тадбирлари натижасида бўшаб қолган сув ресурслари доирасида амалга оширилади.
2. Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги ва Молия вазирлиги ҳар йили инвестиция дастурларини шакллантиришда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига қувватлар ва объектларни ишга тушириш бўйича мазкур қарор билан белгиланган топшириқларнинг бажарилиши учун маблағлар ажратишни назарда тутсинлар.
3.Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги:
икки йил давомида ҳар хил экинларни томчи ва ёмғир усулида суғориш технологияларини экспериментал синовдан ўтказсин, республика шароитларида уларни қўллашнинг мақсадга мувофиқлигининг техник-иқтисодий асосларини тайёрласин ва уларнинг натижалари юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда 1999 йил иккинчи чорагида Хўжаликлараро суғориш ва коллектор-дренаж тармоқларини тузатиш ва реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш тартиби ва уларни маблағ билан таъминлаш манбалари тўғрисида Низом ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.М.Олимжонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1999 йил 20 май,
259-сон