Ҳужжат кучини йўқотган " " 15.01.2026
Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЕНГИЛ САНОАТ МАҲСУЛОТЛАРИ ЯРМАРКА САВДОСИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ БЎЙИЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Президентининг 2026 йил 12 январдаги ПФ-4-сонли «Маҳаллий енгил саноат корхоналарининг халқаро етказиб бериш занжирларида иштирокини кенгайтириш ҳамда ташқи бозорларда ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Маркетинг тадқиқотлари ўтказишга кўмаклашиш ва енгил саноат корхоналарининг экспорт салоҳиятини ошириш, маҳаллий тўқимачилик маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш, импорт қилинадиган паст сифатли буюмлар ҳажмларини қисқартириш, республика ишлаб чиқарувчиларининг манфаатларини ҳимоя қилиш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражасини ошириш ва ички бозорнинг маҳаллий енгил саноат товарларига бўлган эҳтиёжини қондириш учун янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Ўзбекенгилсаноат» давлат-акциядорлик компанияси, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг «Ўзбекенгилсаноат» давлат-акциядорлик компанияси биносининг кўргазмалар залида доимий равишда енгил саноат маҳсулотларини сотиш бўйича кўргазма-ярмарка (кейинги ўринларда кўргазма-ярмарка деб аталади) ўтказиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Енгил саноат маҳсулотларини сотиш бўйича кўргазма-ярмарка ишини мувофиқлаштириш мақсадида иловага мувофиқ таркибда кўргазма-ярмарканинг ташкилий қўмитаси ташкил этилсин.
Қуйидагилар кўргазма-ярмарка ташкилий қўмитасининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
тайёр тўқимачилик маҳсулотларини (трикотаж мато, газламалар, тикувчилик буюмлари ва бошқалар) сотиш бўйича салоҳиятли ташқи бозорларни ўрганиш ва маҳаллий корхоналарнинг халқаро кўргазмаларда иштирок этишига кўмаклашиш;
кўргазма-ярмарка ишида иштирок этиш учун хорижий мамлакатларнинг йирик харидорлари ва импортчиларини жалб этиш, енгил саноат маҳсулотларини етказиб бериш географиясини кенгайтириш ва сотишнинг муқобил бозорларини, айниқса МДҲ, Жануби-Шарқий Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатларига аниқлаш бўйича тизимли чора-тадбирлар кўриш;
кўргазма-ярмарка ишида қатнашиш учун мамлакатимиз корхоналарининг кенг доирасини, шу жумладан рақобатбардош енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи кичик ва хусусий бизнес корхоналарини жалб этиш, улар томонидан ишлаб чиқарилаётган товарларни ярмарка савдоларига қўйиш ва сотиш;
маҳсулотларни минтақавий ва халқаро миқёсда фаол илгари суриш учун кўчма кўргазма-ярмаркаларни мунтазам ўтказиш асосида республика корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган енгил саноат товарларини улгуржи ва чакана сотиш ишларини ташкил этиш;
кўргазма-ярмаркаларнинг ўтказилиши тўғрисида ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тегишли ахборот тақдим этиш.
3. Ташкилий қўмита манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ўзига юклатилган вазифаларни амалга оширишни назарда тутувчи комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқсин.
4. «Ўзбекенгилсаноат» давлат-акциядорлик компанияси ҳузуридаги Тўқимачилик маҳсулотлари рекламаси ва маркетинги агентлиги кўргазма-ярмарка ташкилий қўмитасининг ишчи органи (кейинги ўринларда — ишчи орган) этиб белгилансин.
5. Ишчи органга қуйидаги вазифалар юклансин:
енгил саноат маҳсулотларининг ички ва ташқи бозорларида маркетинг тадқиқотлари ўтказиш, мавзули намойишларнинг ҳар хил турларини ташкил этиш ва товарларнинг янги моделларини сотиш, шунингдек республика корхоналарида буюртмаларни жойлаштиришга кўмаклашиш;
маҳаллий енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга хорижий истеъмолчилар билан алоқалар ўрнатишда, енгил саноат маҳсулотларининг салоҳиятли хорижий импортчилари билан ўзаро манфаатли контрактлар тузишда кўмаклашиш;
кўргазма-ярмарка иши натижалари бўйича аҳолининг талаби юқори бўлган енгил саноат товарлари номенклатурасини аниқлаш, товар ишлаб чиқарувчиларга маҳсулот ишлаб чиқариш учун буюртмалар тайёрлаш масалаларини ишлаб чиқиш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар турларини кенгайтиришга, товарлар дизайни ва сифатини яхшилашга йўналтирилган тавсиялар ишлаб чиқиш;
енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар, савдо-воситачи ташкилотлар ва истеъмолчилар ўртасида амалий алоқалар ўрнатишга кўмаклашиш;
маҳаллий товарларни ички ва ташқи бозорларда илгари суриш мақсадида реклама-ахборот фаолияти бўйича комплекс тадбирларни доимий асосда ўтказиш;
Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлардаги савдо уйлари, компаниялари ва дипломатик ваколатхоналари манзилига енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича республиканинг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини очиб берувчи ахборот ва тақдимот материалларини юбориш.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари енгил саноат товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарнинг кўргазма-ярмарка ишида фаол иштирок этишини таъминласинлар, шунингдек кўргазма-ярмаркада қатнашишга савдо-воситачи ташкилотларни жалб этишга кўмаклашсин.
7. «Ўзбекенгилсаноат» давлат-акциядорлик компанияси кўргазма-ярмарка қатнашчилари бўлган корхоналарга енгил саноат товарларини сотиш учун зарур шарт-шароитлар яратсин, уларни омборхона бинолари ва тегишли инвентар билан таъминласин.
8. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Миллий ахборот агентлиги «Ўзбекенгилсаноат» давлат-акциядорлик компанияси билан биргаликда ташкил этилаётган кўргазма-ярмарканинг мақсад ва вазифалари, республика ишлаб чиқарувчилари томонидан ишлаб чиқарилаётган енгил саноат товарларининг янги турлари тўғрисида аҳолини ва манфаатдор ишбилармон доираларни оммавий ахборот воситалари орқали кенг хабардор қилишни таъминласин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2009 йил 28 январь,
25-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 28 январдаги 25-сон қарорига
ИЛОВА
Енгил саноат маҳсулотларини сотиш бўйича кўргазма-ярмарка ташкилий қўмитаси
ТАРКИБИ

Э.М. Ғаниев

Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири, ташкилий қўмита раиси

Р.Р. Рўзиқулов

«Ўзбекенгилсаноат» ДАК бошқаруви раиси, ташкилий қўмита раисининг ўринбосари

Ш.Н. Файзуллаев

Иқтисодиёт вазирининг ўринбосари, ташкилий қўмита раисининг ўринбосари

Э.Э. Турсунов

Молия вазирининг ўринбосари

Э.Ф. Гадоев

Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари

лавозими бўйича

Вазирлар Маҳкамасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари ахборот-таҳлил департаментининг етакчи мутахассиси

Х.К. Мухитдинов

«Ўзбекенгилсаноат» ДАК ҳузуридаги Тўқимачилик маҳсулотлари рекламаси ва маркетинги агентлиги директори, ташкилий қўмита котиби

О.А. Охунбобоев

Табиий толалар илмий-тадқиқот институти директори

Х.А. Абдулхакимов

«Алишер Навоий» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси

М.Т. Артиков

«MURUVVATTEKS» хорижий шўба корхонаси директори

лавозими бўйича

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ҳокимларининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари

Эслатма. Ташкилий қўмита аъзолари бошқа ишга ўтганда унинг таркибига мазкур лавозимларга янгидан тайинланган шахслар киритилади.