|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 22.07.2022
|
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИНИНГ АЙРИМ ҚАРОРЛАРИГА ЎЗГАРТИРИШЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА («ОДАМ САВДОСИГА ҚАРШИ КУРАШИШ ТЎҒРИСИДА» ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ 2008 ЙИЛ 17 АПРЕЛДАГИ ЎРҚ-154-СОН ҚОНУНИ)
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 июлдаги 396-сонли «Қонунчилик базасини янада тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
«Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида» Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 17 апрелдаги ЎРҚ-154-сон Қонунига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С.Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2008 йил 2 июнь,
117-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 2 июндаги 117-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 24 декабрдаги ПҚ-2095-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган)
2. Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 апрелдаги 171-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1999 й., 4-сон, 18-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида васийлик ва ҳомийлик тўғрисидаги низом иккинчи қисмининг 4-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«4. Мактабгача таълим, умумтаълим, даволаш муассасалари, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш муассасалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уй-жой хўжалиги органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, вояга етмаганлар иши бўйича комиссиялар, одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатувчи ва уларни ҳимоя қилувчи ихтисослаштирилган муассасалар ва бошқа муассасалар, шунингдек фуқаролар васийлик ва ҳомийлик органларига:
ота-онаси ёки фарзандликка олувчилари бўлмаган болалар тўғрисида;
ота-онаси ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган болалар тўғрисида;
ота-онасининг тарбиясида бўлиши болалар манфаатларига зид бўлганда, шунингдек уларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун бевосита таҳдид мавжуд бўлган болалар тўғрисида;
ота-онаси 6 ойдан ортиқ йўқ бўлган болалар тўғрисида, агар бу болаларнинг манфаатлари учун зарур бўлса;
ота-онасининг касаллиги сабабли ота-онасининг қаровисиз қолган болалар тўғрисида;
ота-онаси уларни тарбиялаш, даволаш муассасаларидан, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш муассасаларидан ва бошқа шунга ўхшаш муассасалардан олишдан бош тортган болалар тўғрисида;
одам савдосидан жабрланган болалар тўғрисида;
суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомалага лаёқати чекланган деб эътироф этилган шахслар тўғрисида;
соғлиғи туфайли ҳомий тайинланишига муҳтож бўлган вояга етган муомалага лаёқатли шахслар тўғрисида маълумотлар беришга мажбурдирлар».
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 22-23-сон, 204-модда)