Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
ЖИНОЯТЧИЛИККА ҚАРШИ КУРАШДА ҲАМКОРЛИК ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА
1998 йил 30 октябрь, Тошкент
Мазкур Битим Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 2 майдаги ПҚ–65-сонли «Халқаро шартномаларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган.
(2005 йил 14 июндан кучга кирган)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қозоғистон Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
жиноятчилик, айниқса уюшган шаклдаги жиноятчилик ривожланишининг миқёслари ва йўналишларидан ташвишланаётганликларини билдириб,
ўз мамлакатларининг фуқароларини инсоннинг ҳаёти, ҳуқуқи, эрки, шаъни ва қадр-қимматига таҳдид солувчи кучлардан ишончли ҳимоя қилиш, жамият ва давлат манфаатларини таъминлашга интилишдан келиб чиқиб,
умум тан олинган инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилишда халқаро ҳамкорликка алоҳида аҳамият бериб,
Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида фуқаролик, оилавий ҳамда жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида 1997 йил 2 июндаги Шартномани эътиборга олиб,
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий одил судловни амалга ошириш борасидаги ҳужжатларининг қоидаларини ҳисобга олиб,
тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро фойдали ҳамкорлик принципларидан келиб чиқиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Битимнинг қўлланиш доираси ва субъектлари
Битимнинг қўлланиш доираси ва субъектлари
1. Томонлар ўзларининг ваколатли марказий органлари орқали ушбу Битим қоидаларига мувофиқ ва ўз давлатининг қонунлари ҳамда халқаро мажбуриятларига амал қилиб, жиноятчиликка қарши курашишда ҳамкорликни амалга оширадилар.
2. Ушбу Битим мақсадлари учун қуйидагилар марказий ваколатли органлар ҳисобланадилар:
Ўзбекистон Республикасидан — Прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Марказий банк;
Қозоғистон Республикасидан — Бош Прокуратура, Миллий хавфсизлик қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Мудофаа вазирлигининг Давлат чегараларини қўриқлаш кучлари, Давлат даромадлари вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар бўйича қўмита.
3. Томонлардан ҳар бири ўзининг марказий ваколатли органлари рўйхатига ўзгартишлар киритиш тўғрисида бошқа Томонни хабардор қилади.
4. Марказий ваколатли органлар ушбу Битимни бажариш мақсадида бир-бири билан бевосита ҳамкорлик қиладилар.
2-модда
Ҳамкорлик йўналишлари
Ҳамкорлик йўналишлари
1. Томонлар жиноятларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, бартараф этиш ва очиш бўйича, хусусан жамият учун хавфли қуйидаги қилмишлар бўйича ҳамкорлик қиладилар:
— шахснинг ҳаёти, соғлиғи, эркинлиги ва қадр-қиммати, шунингдек мулкига қарши куч ишлатиб қилинадиган жиноятлар;
— тажовузкорлик, уюшган жиноятчилик ва коррупция;
— қурол-яроғ, ўқ-дори, портловчи ва заҳарли моддалар, кимёвий, биологик, радиоактив ҳамда ядровий материалларнинг ғайриқонуний айланиши, стратегик мақсадлардаги технологиялар ва ҳарбий техниканинг ғайриқонуний айланиши;
— одам ўғирлаш ва одамфурушлик, киши аъзолари ва тўқималарини ғайриқонуний сотиш;
— фоҳишабозликка алоқадор ғайриқонуний фаолият;
— наркотик воситалар, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ғайриқонуний айланиши;
— экологик жиноятлар;
— иқтисодиёт, жумладан валюта бойликлари операцияси билан ғайриқонуний шуғулланиш, ғайриқонуний равишда халқаро молиявий ва экспорт операциялари билан шуғулланиш, жиноий фаолиятдан топилган даромадларни легализация қилиш, қалбаки пул белгиларини ва молиявий ҳужжатларни, қийматдор қоғозларни ва нақд пулсиз воситаларни ясаш ва тарқатиш;
— контрабанда ва божхона қонунларини бузиш;
— маданий ва тарихий бойликларга жиноий тажовузлар;
— транспортдаги жиноятлар;
— автотранспорт воситаларини ўғирлаш ва уларни ғайриқонуний тасарруф этиш.
2. Томонлар қуйидаги соҳалар бўйича бир-бирларига кўмаклашадилар:
— транспортда ва йўл ҳаракатида хавфсизликни таъминлаш;
— жиноий жазоларни ўташни ташкил қилиш;
— паспорт-виза ишлари, хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг келиш-кетишлари, транзит тарзда ўтишлари ҳамда туришларини назорат қилиш;
— қимматбаҳо ва махсус юкларни кузатиб бориш ва қўриқлаш;
— ёнғин хавфсизлигини таъминлаш;
— номаълум жасадларнинг, ўзи ҳақида маълумот бера олмайдиган беморлар ва болаларнинг кимлигини аниқлаш.
3. Томонлар қуйидаги йўналишлар бўйича ҳам ўзаро ҳамкорлик қиладилар:
— ўз ваколатли органлари фаолиятини моддий-техникавий таъминлаш;
— кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
— жиноятчиликка қарши курашишни кўзлаб, жумладан ахборот тизимлари, алоқа воситалари ва махсус техникани ривожлантириш учун илмий тадқиқотлар олиб бориш.
4. Томонлар ушбу Битим доирасидаги фаолият натижасида олиб қўйилган ўғирлаш ёки ғайриқонуний молиявий (ёки экспорт) операциялар натижасида қўлга киритилган нарсаларни, мол-мулк, шунингдек пул маблағларини қайтаришда бир-бирларига ёрдам берадилар.
3-модда
Ҳамкорлик шакллари
Ҳамкорлик шакллари
Ушбу Битимнинг 2-моддаси қоидаларини бажариш мақсадида Томонларнинг марказий ваколатли органлари хусусан қуйидаги шаклларда ҳамкорликни амалга оширадилар:
— тайёрланаётган ёки содир этилган жиноятлар ҳамда уларга алоқадор жисмоний ва юридик шахслар, ташкилотлар тўғрисида қизиқиш уйғотадиган ахборотларни ўзаро алмашиш;
— тезкор-қидирув тадбирларни ўтказиш тўғрисидаги сўровларни бажариш;
— жиноий таъқибдан ёки жазони ўташдан қочиб юрган, шунингдек бедарак йўқолган шахсларни қидириш;
— ғайриқонуний айланишда пайдо бўлган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар ҳамда прекурсорларнинг янги турлари, уларни ишлаб чиқариш технологияси ва бунда ишлатиладиган моддалар, шунингдек, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни тадқиқ этиш ҳамда тенглаштиришнинг янгича методлари юзасидан ахборотларни ўзаро алмашиш;
— муайян номер ёки махсус таниш белгиларига эга бўлган, жумладан автотранспорт ва ўқотар қуролларни, шунингдек номерли қийматдор қоғоз ва паспорт (шахсий гувоҳнома)ларни қидириш;
— иш тажрибасини алмашиш, шу жумладан стажировка, маслаҳатлашиш, семинар ва ўқув курсларини ўтказиш;
— қонуншуносликка оид ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ўзаро алмашиш, ўқув ва методик асарларни сотиб олишда кўмаклашиш;
— ўзаро манфаатли масалалар бўйича биргаликда илмий тадқиқотлар ўтказиш;
— ўзаро манфаатли асосда илмий-техникавий асарлар ҳамда ахборотларни алмашиш.
4-модда
Кўмаклашиш тўғрисида сўровлар
Кўмаклашиш тўғрисида сўровлар
1. Ушбу Битим доирасида ҳамкорлик Томонлар ваколатли органларининг кўмаклашиш тўғрисидаги сўровлари асосида амалга оширилади.
2. Кўмаклашиш тўғрисидаги сўров ёзма равишда юборилади. Сўровнинг ҳаққонийлиги ёхуд унинг мазмунига шубҳа туғилганида уни тасдиқлашни сўраб мурожаат қилиш мумкин.
3. Кўмаклашиш тўғрисидаги сўровда қуйидагилар бўлиши шарт:
а) кўмаклашишни сўраётган ваколатли орган билан сўров юборилаётган органнинг номи;
б) иш мазмунининг баёни;
в) мақсад ва сўровнинг асослилигини кўрсатиш;
г) сўралаётган ёрдамнинг мазмуни.
4. Сўровда, шунингдек, мумкин ва лозим бўлгани қадар, қуйидагилар ҳам бўлиши шарт:
а) ишга алоқадор шахсларнинг исми ва фамилияси, лақаби, қайси мамлакат фуқароси эканлиги, туғилган санаси ва жойи, машғулоти, турар жойи ҳамда яшаб турган манзили;
б) ишга алоқадор фирма ҳамда ташкилотларнинг номи ва жойлашган ўрни;
в) қилмиш ёки воқеанинг баёни, жиноий ишлар бўйича эса сўров жўнатаётган Томоннинг давлат қонунларига мувофиқ қилмишнинг квалификацияси ва қўлланадиган жазонинг матни;
г) жавоб олиниши керак бўлган саволлар рўйхати;
д) сўров бажарилаётганида амал қилиш шарт бўлган махсус тартиб баёни ва бу заруратнинг асосланиши;
е) сўровни бажаришни осонлаштириши мумкин бўлган бошқа ҳар қандай маълумотлар.
5. Кўмаклашиш тўғрисидаги сўров кўмаклашишни сўраётган ваколатли органнинг раҳбари ёки унинг ўринбосари тарафидан имзоланиб, ушбу ваколатли органнинг гербли муҳри билан тасдиқланади.
6. Кўмаклашиш тўғрисидаги сўров ушбу Битим 1-моддасининг 4-бандида кўрсатилган тартибда юборилади.
5-модда
Кўмаклашишни рад этиш
Кўмаклашишни рад этиш
1. Сўровни бажариш ёрдам сўралаётган ваколатли орган давлатининг миллий хавфсизлигига ва бошқа манфаатларига зиён етказса ёки бу давлатнинг миллий қонунлари ёхуд халқаро мажбуриятларига зид келса, ушбу Битим доирасида кўмаклашиш тўла ё қисман рад этилиши мумкин.
2. Агар сўров юборилишига сабаб бўлган қилмиш сўралаётган Томон давлатининг қонунлари бўйича жиноят ҳисобланмаса, кўмаклашиш рад этилиши мумкин.
3. Сўровни бажаришни рад этишга қарор қилинса, сўраётган Томон рад этишнинг сабаби кўрсатилган ҳолда хабардор қилинади.
6-модда
Сўровни бажариш
Сўровни бажариш
1. Агар сўровни бажариш сўровни олган органнинг ваколатига кирмаса, бу орган уни тезда ўз давлатининг тегишли ваколатли органига ўтказиб, бу тўғрисида сўраётган Томонни хабардор қилади.
2. Зарурат туғилганида сўров олган Томон, унинг фикрича, сўровни бажариш учун керак бўладиган қўшимча маълумотларни талаб қилишга ҳақли.
3. Сўралаётган Томоннинг марказий ваколатли органлари сўровни тез, имкони борича тўлиқ ва сифатли қилиб бажариш учун барча зарур чораларни кўради.
Сўровнинг бажарилишига тўсқинлик қиладиган ёки уни хийла кечиктириши мумкин бўлган ҳолатлар мавжуд бўлса, бу ҳақда сўров юборган орган дарҳол хабардор қилинади.
4. Сўровни бажаришда сўралаётган Томоннинг қонунлари қўлланади, аммо сўраётган Томоннинг илтимосига кўра, сўровни олган Томон давлатининг қонунлари ёки халқаро мажбуриятларига зид келмаса, унинг давлати қонунлари қўлланиши мумкин.
5. Агар сўралаётган Томоннинг ваколатли органи сўровни бажариш ўз давлатида амалга оширилаётган жиноий таъқиб қилиш ёки бошқа ишларга халақит беради деб ҳисобласа, у сўровни бажаришни кечиктириши ёки унинг бажарилишини сўров юборган Томоннинг марказий ваколатли органи билан маслаҳатлашиш ўтказганидан кейин зарур деб ўртага қўйган шартларга риоя қилинишига алоқадор қилиб қўйиши мумкин. Агар сўраётган Томон шундай шартларда ёрдамни қабул қилса, у ушбу шартларга амал қилиши керак.
6. Сўралаётган Томон сўраётган Томон ваколатли органининг сўров ва унинг мазмунини махфий тутишни таъминлаш учун барча зарур чора-тадбирларни кўради. Сўралаётган Томоннинг ваколатли органи сўровни унинг мазмунини сир тутган ҳолда бажариш имкони бўлмаса, бу ҳақда сўраётган Томоннинг ваколатли органини хабардор қилиб, шундай вазиятда сўровни бажариш-бажармаслик масаласини ҳал қилишни сўрайди.
7. Сўралаётган Томоннинг ваколатли органи сўраётган Томон ваколатли органининг илтимосига кўра сўровни бажаришнинг боришидан уни хабардор қилиб туриши мумкин.
8. Сўралаётган Томоннинг ваколатли органи сўраётган Томон ваколатли органини сўровнинг бажарилиши натижаларидан мумкин бўлган энг қисқа муддат ичида хабардор қилади.
9. Томонларнинг ваколатли органлари ўз давлатларининг қонунларига мувофиқ равишда ва ўз ваколатлари даражасида бир-бирларига кўмаклашадилар.
7-модда
Назорат қилинадиган етказиб беришлар
Назорат қилинадиган етказиб беришлар
1. Томонлар ўз давлатларининг қонунлари ҳамда ўз имкониятлари доирасида буюм ва моддаларнинг ғайриқонуний айланишида иштирок этаётган, шахсларни аниқлаш, уларни жиноий таъқиб этиш мақсадида исталган учинчи томон билан ўзаро мақбул шартномалар асосида, айланиши тақиқланган буюм ва моддаларни назорат учун етказиб бериш методидан тегишлича фойдаланиш учун лозим чораларни кўрадилар.
2. Назорат учун етказиб беришлар усулидан фойдаланиш тўғрисидаги қарор ҳар бир алоҳида ҳолатда иккала Томоннинг ваколатли органлари тарафидан жамоат хавфсизлиги учун таҳдидни ҳисобга олган ҳолда қабул қилинади ва зарурат бўлганида, молиявий шартномалар ҳамда юрисдикция бўйича Томонлар эришган ўзаро ҳамфикрликни инобатга олади.
3. Буюмлар ва моддаларнинг назорат қилинадиган гуруҳлари эришилган шартномаларга мувофиқ, шунингдек ҳар қандай учинчи томон иштирокида назорат қилинади, жиноий-процессуал қонунчиликка амал қилган ҳолда, бу юклар тутиб қолиниб, кейинги жўнатишларда фойдаланиш учун сақлаб турилиши ёки олиб қолиниши, ёхуд улар тўла ё қисман алмаштирилиши мумкин.
8-модда
Жиноий процесс иштирокчилари ва бошқа шахслар муҳофазаси
Жиноий процесс иштирокчилари ва бошқа шахслар муҳофазаси
Томонлар тегишли ҳолларда ўз давлатларининг қонунлари асосида шахсларнинг, шунингдек кўрсатма ҳамда ҳаракатлари уюшган жиноий гуруҳ фаолиятининг олдини олиш ёки бартараф этиш учун ёхуд жиноий ишларни тергов қилиш ёки судда кўриш учун муҳим аҳамиятга эга бўлса ёки шундай аҳамиятга эга бўлиши мумкин бўлса, яқин қариндошларининг хавфсизлигини таъминлаш учун ҳамжиҳатлик асосида ўзаро келишилган чора-тадбирларни амалга оширадилар.
9-модда
Марказий ваколатли органлар ўртасида битимлар
Марказий ваколатли органлар ўртасида битимлар
Ушбу Битимни амалга ошириш учун манфаатдор марказий ваколатли органлар алоҳида битимлар тузишлари мумкин.
10-модда
Харажатлар
Харажатлар
1. Агар ҳар бир конкрет ҳолларда алоҳида тартиб белгилаб олинган бўлмаса, Томонлар ушбу Битимни амалга ошириш давомида келиб чиқадиган харажатларни ўзлари мустақил тўлайдилар.
2. Томонлар зарур ҳолларда жиноятчиликка қарши курашишда муайян вазифаларни ҳал этиш учун керак бўладиган ускуна ва моддаларни бир-бирига ёрдам тариқасида текинга бериши мумкин.
11-модда
Тил
Тил
Ҳамкорликни амалга оширишда Томонларнинг ваколатли органлари рус тилидан фойдаланадилар.
12-модда
Ишчи учрашувлари ва маслаҳатлашишлар
Ишчи учрашувлари ва маслаҳатлашишлар
1. Томонларнинг ёки улар марказий ваколатли органларининг вакиллари лозим ҳолларда ушбу Битим асосидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, самарадорлигини ошириш мақсадида ишчи учрашувлари ва маслаҳатлашишлар ўтказадилар.
2. Ушбу Битим қоидаларини талқин қилиш ва қўллашда келиб чиқиши мумкин бўлган барча баҳсли масалалар Томонлар ўртасидаги маслаҳатлашиш ҳамда музокаралар йўли билан ҳал қилинади.
13-модда
Бошқа халқаро шартномаларга муносабат
Бошқа халқаро шартномаларга муносабат
Ушбу Битимнинг қоидалари Томонларнинг улар иштирок этган бошқа халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
14-модда
Ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш
Ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш
Томонларнинг розиликлари билан ушбу Битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Улар алоҳида протоколларда расмийлаштирилиб, ушбу Битимнинг 15-моддасига биноан кучга киради ва ушбу Битимнинг ажралмас қисми бўлиб ҳисобланади.
15-модда
Якуний қоидалар
Якуний қоидалар
Ушбу Битим Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганликлари тўғрисидаги охирги ёзма билдиришнома санасидан бошлаб кучга киради.
Ушбу Битим Томонлардан бири унинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида бошқа Томонни ёзма равишда хабардор қилгунича амал қилади. Бу ҳолда ушбу Битим иккинчи Томон шундай билдиришнома олганидан сўнг олти ой ўтгач амал қилишини тўхтатади.
Тошкент шаҳрида 1998 йил 30 октябрда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, қозоқ ва рус тилларида тузилди, барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилишда рус тилидаги матн қўлланади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2005 й., 2-4-сон)