Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«АФҒОНИСТОНГА ЎТАДИГАН ТЕРМИЗ—ҒАЛАБА ТЕМИР ЙЎЛ УЧАСТКАСИГА АСБОБ-УСКУНАЛАР ЕТКАЗИБ БЕРИШ ВА УНИ РЕКОНСТРУКЦИЯ ҚИЛИШ» ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА ОШИРИШ УЧУН ЕВРОПА ИТТИФОҚИ КОМИССИЯСИ ТОМОНИДАН БЕРИЛАДИГАН ГРАНТДАН САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг транспорт коммуникацияларини ривожлантириш ва Афғонистонга мурувват ва тижорат юкларини ўз вақтида етказиб бериш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Термиз—Ғалаба темир йўл участкаси инфратузилмасини тиклаш ва юқори даражада яхшилаш учун Европа Иттифоқи Комиссияси томонидан ТРАСЕКА дастури бюджети ҳисобига 2 млн евро миқдорида беғараз грант берилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. «Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акциядорлик компанияси грантни олувчи этиб белгилансин, компания раҳбариятига Термиз—Ғалаба темир йўл участкаси инфратузилмасини яхшилаш учун асбоб-ускуналар, материаллар ва техника етказиб бериш сифатидаги беғараз ёрдамни олиш учун барча тартиб-қоидаларни белгиланган тартибда расмийлаштириш ва Европа Иттифоқи Комиссияси билан келишиб олиш вазифаси юклансин.
3. «Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акциядорлик компаниясининг раиси А.Ж. Раматовга грантни олиш учун зарур бўлган барча ҳужжатларни имзолаш ваколати берилсин.
4. «Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акциядорлик компанияси Термиз—Ғалаба темир йўл участкасини реконструкция қилиш учун беғараз ёрдам ҳисобига сотиб олинадиган асбоб-ускуналар, машиналар, механизмлар, материаллар (истеъмол товарларидан ташқари) учун божхона тўловлари тўлашдан озод қилинсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги «Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акциядорлик компаниясининг буюртманомаларига кўра кўрсатиб ўтилган лойиҳани амалга оширишда қатнашувчи хорижий мутахассисларга кўп марталик келиш визалари белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.
Кўрсатиб ўтилган лойиҳани амалга оширишга жалб этилаётган хорижий мутахассислар виза берилганлиги учун консуллик йиғимлари тўлашдан озод қилинсин. Амалдаги харажатлар белгиланган тартибда ундирилсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари К.Н. Тўлаганов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2003 йил 9 декабрь,
541-сон