Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Иқтисодиёт ва солиқ соҳасидаги жиноятларга қарши курашишни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2001 йил 6 июлдаги 291-сон қарорига ўзгартиришлар киритиш ҳақида
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 июндаги 402-сонли ««Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар ҳақида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Прокуратура органларининг меҳнатга ҳақ тўлаш ва ижтимоий таъминот тизимида ягона тартибни жорий этишни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Иқтисодиёт ва солиқ соҳасидаги жиноятларга қарши курашишни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2001 йил 6 июлдаги 291-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2001 й., 7-сон, 37-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси прокуратураси ҳузуридаги валюта ва солиққа оид жиноятларга қарши курашиш департаментида хизматни ўташ тўғрисидаги низомга қуйидаги ўзгартиришлар киритилсин:
а) 38-банди иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ходимларнинг лавозим маошлари, даража унвонлари ва кўп йиллик хизматлари учун устамалар прокуратура ходимлари учун белгиланган тартибда ва миқдорда ўрнатилади»;
б) 42-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Департамент ходимларининг ва улар оила аъзоларининг пенсия таъминоти қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади».
2. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ўзининг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқиб, тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари В.А. Голишев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2005 йил 6 ноябрь,
243-сон
(Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 43-44-сон, 332-модда)