Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси солиқ органларида маълумотларни ишлаш бўйича ягона компьютер тизимини яратиш тўғрисида
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Тадбиркорлик ва бошқа кўринишдаги фаолиятдан, кўчмас мулк билан боғлиқ муомалалардан даромад кўрувчи юридик ва жисмоний шахсларнинг пул маблағлари ҳаракати устидан давлат назорати тизимининг самарадорлигини ошириш, шунингдек, солиқ тўловчиларга солиқларни тўғри ҳисоблаб чиқишда, уларнинг ўз вақтида ва тўла миқдорда тўланишида ёрдам кўрсатиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
* 1-илова рус тилидаги матнда берилган.
** 1а-илова берилмайди.
2. Ўзбекистон Республикаси солиқ хизмати таркибида қуйидагилар ташкил этилсин:
Давлат солиқ бош бошқармаси таркибида 2-иловага* мувофиқ 32 нафар ходимдан иборат солиқ органларини компьютерлаштириш бошқармаси:
* 2-илова рус тилидаги матнда берилган.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Давлат солиқ бошқармалари таркибида 3-иловага* мувофиқ 14 минтақа компьютер марказлари;
* 3-илова рус тилидаги матнда берилган.
Самарқанд, Термиз, Фарғона, Урганч ва Тошкент шаҳарларида 4-иловага* мувофиқ солиқ тўловчиларга ахборот консультатив хизмат кўрсатувчи комплекс ўқув синфларига эга бўлган 5 минтақа сервис—марказлар.
* 4-илова рус тилидаги матнда берилган.
Ушбу мақсадларда солиқ органлари ходимлари сони 193 нафарга кўпайтирилсин (хизмат кўрсатувчилардан ташқари).
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Қуйидагилар асосий вазифалар деб белгилансин:
Давлат солиқ бош бошқармасининг компьютерлаштириш бошқармаси бўйича — солиқ ахборотларини қабул қилиш, уларни ишлаш, узатиш ва сақлашнинг, хусусан солиқ тўловчиларнинг уларни танитувчи белгилар асосида ҳисобини олиб бориш ҳамда уларнинг даромадларини ҳисоблашнинг, аудит ўтказишнинг сермеҳнат жараёнларини компьютерлаштиришнинг техникавий ва ташкилий концепциясини ишлаб чиқиш; барча солиқ органларида компьютерлаштириш муаммоларни ҳал этишга банклар ва молия органлари фаолияти билан мувофиқлаштирилган ягона техник ва дастурий ёндашувни таъминлаш, декларацияларни, ҳисоботларни ишлашни автоматлаштириш негизида солиқ тўловчиларни хабардор қилиш ва улардан ахборат олиш тизимини ишлаб чиқиш;
минтақа компьютер маркази бўйича — тегишли маъмурий туманлардан солиқ маълумотларини қабул қилиб олиш, текшириш, тартибга келтириш ва ишлашнинг дастлабки жараёнини ташкил этиш; хабардор қилиш ва ахборот олиш тизими бўйича солиқ тўловчилар билан бевосита ишлашни ташкил этиш; солиқ тўловчиларни рўйхатга олишни амалга ошириш, улар даромадларининг ҳаракатини кузатиб бориш; аудит ўтказиш учун электрон ҳисоблаш машиналари ёрдамида солиқ тўловчи — номзодларни танлаш;
сервис — марказлар бўйича — солиқ қонун ҳужжатлари ва тегишли қонун асосидаги ҳужжатлар тўғрисидаги тўлиқ ахборотларни нашр этиш, кўпайтириш ва солиқ тўловчиларга етказиш. Ўқув синфлари бўйича — солиқ тўловчиларни солиқларни тўғри ҳисоблаб чиқаришга, декларациялар ва ҳисоботларни тўғри тақдим этишга ўргатиш, консультация ва аудиторлик хизмати кўрсатиш.
Белгилансинки, сервис — марказларнинг ва комплекс ўқув синфларининг солиқ тўловчиларга кўрсатган бепул хизматлари харажатлари кейинчалик республика бюджети ҳисобидан қопланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Давлат солиқ бош бошқармаси:
бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси солиқ органларида маълумотларни узатиш ва ишлашнинг ягона компьютер тизимини яратиш дастурини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштириш кенгаши тузсин ҳамда солиқ органлари фаолиятини компьютерлаштириш жараёнининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 30 мартдаги 97-ф-сон фармойиши билан тасдиқланган банк тизимини компьютерлаштиришга доир тегишли чора-тадбирлари билан ўзаро узвий боғлиқлигини таъминласин;
Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига солиқ ахборотини қабул қилиш ва ишлашнинг компьютерлаштирилган тизимини юзага келтиришнинг энг яхши техник ечими лойиҳасини аниқлаш бўйича халқаро тендер-танловни ташкил этишнинг шартлари тўғрисида, ҳукуматдан ташқари халқаро ташкилотларнинг таклифларини ва консультацияларини ҳисобга олган ҳолда танловлар натижаларини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш бўйича таклифлар киритсин.
1993—1996 йиллар мобайнида:
ҳар бир солиқ тўловчига индентификация (танитиш) номерларини бериш тизимини ишлаб чиқсин ва уни 1994 йилнинг 1 январидан бошлаб жорий этишни бошласин ҳамда бунинг асосида солиқ тўловчиларни ҳамда уларнинг тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолиятидан, кўчмас мулк билан боғлиқ муомалалардан оладиган даромадларини тўлиқ ҳисобга олинишини таъминлансин;
1993-1994 йилларда замонавий электрон ҳисоблаш машиналари, солиқ тўловчиларни сонли индентификация коди бўйича ҳисобга олишни ташкил этиш асосида солиқ тушумларини ҳисобга олиш тизимини яратиш бўйича пилот лойиҳасини ишлаб чиқсин ва амалга оширсин;
солиқ тўловчиларни текширувдан ўтказиш мобайнида улардан ундириладиган қўшимча тўловлар ҳамда молиявий санкциялардан тушадиган сумманинг ҳаммаси, ушбу маблағларнинг бир қисмидан фойдаланиш тўғрисидаги илгари ҳукумат томонидан қабул қилинган қарорлардаги шартларни ҳисобга олган ҳолда, сервис-марказларни ва ўқув синфларни, иш жойларини босма, нусха кўпайтирувчи ва ўқув техникаси билан жиҳозлаш, Ўзбекистон Республикаси солиқ органларида маълумотларни узатиш ва ишлашнинг ягона компьютер тизимини яратиш дастурининг алоҳида бўлимларини маблағ билан таъминлаш учун фойдалансин.
5. Белгилаб қўйилсинки, 1994 йилнинг 1 январдан бошлаб барча солиқ тўловларни ҳисобга олишнинг самарадорлигини таъминлаш мақсадида:
мулкчилик шаклидан қатъи назар, ташкил этилаётган корхоналар, ташкилотларни, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахсларни маҳаллий ҳокимиятнинг ижроия органлари томонидан рўйхатга олиш;
тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахсларнинг банкларда ҳисоб-китоб счётларини очиш;
фуқароларнинг мулкчилигига ўтказиладиган транспорт воситаларнинг ички ишлар органлари томонидан рўйхатга олиниши;
уларга солиқ органлари томонидан солиқ тўловчининг индентификация (танитиш) номери берилганидан кейингина амалга оширилади.
6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
Ўзбекистон Республикаси солиқ органларида маълумотларни узатиш ва ишлашнинг ягона компьютер тизимини яратиш дастурини дастлаб маблағ билан таъминлаш учун 1993 йилда 5-иловагa* мувофиқ Республика валюта фондидан 929,4 минг АҚШ долларини ажратишни назарда тутсин ва маблағларни дастурнинг амалга оширилишига қараб ажратиб борсин.
* 5-илова рус тилидаги матнда берилган.
Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги ва Давлат солиқ бош бошқармаси билан биргаликда бир ой муддатда солиқ органларини компьютерлаштириш дастурини чет эл кредитлари, хорижий мамлакатларнинг ҳукуматлари ҳамда халқаро молия ташкилотлари томонидан ажратиладиган ва мақсадли маблағларни жалб қилиш ҳисобига қисман маблағ билан таъминлаш имкониятлари тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин:
солиқ органларининг янги тузилаётган бўлинмалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлашга ва уларни республика бюджети ҳисобига сақлаш учун қўшимча маблағ ажратсин;
бир ой муддатда 1990 йилда республика солиқ органлари учун мақсадли ажратилган ва Молия вазирлигининг Ахборот-ҳисоблаш марказининг вақтинчалик балансида бўлган компьютер техникасини Давлат солиқ бош бошқармасининг балансига ўтказсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Давлат солиқ бош бошқармаси билан биргаликда республика солиқ органларини компьютерлаштириш дастурини маблағ билан таъминлашда мақсадли фойдаланиш учун солиқ органларини ривожлантириш жамғармасига тушадиган тушумлар суммасини конвертация қилиш масаласини ҳал этсин.
8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари икки ой муддатда ташкил қилинаётган компьютер марказлари, сервис—марказлари ва ўқув синфлари учун тегишли бинолар ажратсинлар.
9. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазирнинг ўринбосарлари Б. С. Хамидов ва Ў. Т. Султонов ўртоқлар зиммасига юклатилсин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1993 й 3 август.,
388-сон