Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси номидан
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 288-моддаси иккинчи қисмининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш ҳакида
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди (бундан буён матнда — Конституциявий суд) раислик қилувчи М. Абдусаломов, судьялар К. Камилов, Ж. Балкибаева, Р. Исмайлов, Ғ. Машкуров, А. Рахимов ва А. Рахмановдан иборат таркибда, бош консультант У. Гиязовнинг котиблигида, тарафларнинг вакиллари — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ф. Эшматова, тегишли давлат органлари вакиллари ва Конституциявий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари иштирокида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг мурожаати бўйича Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 288-моддаси иккинчи қисмининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27-моддаси учинчи қисмига мувофиқлигини аниқлаш тўғрисидаги ишни очиқ суд мажлисида кўриб чиқди.
Конституциявий суд маърузачи судья Р. Исмайловнинг маърузасини, мурожаат этувчи тарафнинг тушунтиришларини ва тегишли давлат органлари вакилларининг ҳамда Конституциявий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши аъзоларининг фикрларини эшитиб, иш материалларини ўрганиб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Конституциявий судга мурожаат қилиб, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 288-моддаси иккинчи қисмининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27-моддаси учинчи қисмига мувофиқлигини аниқлашни сўраган.
Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 133-моддаси биринчи қисми 1-банди ва «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонунининг (бундан буён матнда — Конституциявий қонун) 4-моддаси биринчи қисми 1-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг мурожаатида келтирилишича, унга келиб тушган мурожаатлар таҳлили ўрганилганда, 2025-2026 йиллар давомида ноқонуний маъмурий йўл билан қирқ саккиз соатдан ортиқ вақт ушлаб турилганлигидан норози бўлиб фуқаролардан 6 та мурожаат келиб тушганлиги, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27-моддаси учинчи қисмига мувофиқ шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги, бироқ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 288-моддаси иккинчи қисмида чегара тартибини ёки Ўзбекистон Республикаси давлат чегараси орқали ўтиш пунктларидаги тартибни бузган шахслар баённома тузиш учун уч соатгача муддатга ушлаб турилиши мумкинлиги, ҳуқуқбузарнинг шахсини ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларини аниқлаш учун зарур бўлган ҳолларда эса — ушлаш пайтидан бошлаб йигирма тўрт соат ичида прокурорга ёзма тарзда маълум қилиб, уч суткагача ёки ҳуқуқбузарда ўзининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат бўлмаса, прокурорнинг санкцияси билан (суднинг қарорисиз) ўн суткагача муддатга ушлаб турилиши мумкинлиги ва бундаги уч суткагача ва ўн суткагача муддатларнинг белгиланиши шахснинг эркинлик ва дахлсизлик ҳуқуқини бузаётганлигини ва бу қоидалар Конституция нормаларига мувофиқ эмаслигини баён этган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан маъмурий йўл билан ушлаб туриш муддатлари институти бўйича хорижий давлатларнинг қонунлари ўрганилганда, Россия Федерацияси ва Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон Республикаларида маъмурий йўл билан ушлаб туриш муддати уч соатгача эканлиги, Тожикистонда уч соатгача (ўн суткагача узайтирилиши фақат суд қарори асосида амалга оширилиши), Францияда тўрт соатгача эканлиги, Германияда аниқ вақт кўрсатилмаганлиги (ҳибсга олинган куннинг эртасидан кечиктирилмасдан судга етказилиши лозимлиги) аниқланган.
Мазкур ҳолатлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Конституциявий суддан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 288-моддаси иккинчи қисмининг Конституцияга мувофиқлигини аниқлашни сўраган.
Конституциявий суд мазкур масалани ўрганиб чиқиб ва иш материалларини таҳлил қилиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 288-моддаси иккинчи қисмининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27-моддаси учинчи қисмига мувофиқлигини аниқлаш лозим деган хулосага келди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27-моддасининг учинчи қисмида ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қуйилиши, шунингдек, шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги аниқ белгиланган.
Ўзбекистон Республикасида ўтказилган конституциявий ислоҳотлардан кейин «Habeas corpus» принципи кучайтирилди, яъни шахсни суд қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ ушлаб туриш мумкин эмаслиги Конституция даражасида мустаҳкамланди.
Мазкур конституциявий норма «Habeas corpus» принципининг асоси бўлиб, у шахснинг озодлигини чеклашда мустақил ва ҳолис суд назоратининг мажбурийлигини кафолатлайди, қирқ саккиз соатлик муддат шахс эркинлигини суд қарорисиз чеклашнинг мутлақ ва юқори чегараси ҳисобланади. Бу қоида шахс озодлигини чеклашнинг ҳар қандай шаклига, жумладан, маъмурий йўл билан ушлаб туриш шаклига ҳам татбиқ этилиши лозим.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси ўзининг Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги пакт юзасидан шарҳида суд қарорисиз ушлаб туришнинг энг мақбул муддати сифатида қирқ саккиз соат этиб белгилаган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 288-моддасининг иккинчи қисмида чегара тартибини ёки давлат чегараси орқали ўтиш пунктларидаги тартибни бузган шахслар ҳуқуқбузарнинг шахсини ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларини аниқлаш учун зарур бўлган ҳолларда — ушлаш пайтидан бошлаб йигирма тўрт соат ичида прокурорга ёзма тарзда маълум қилиб, уч суткагача ёки ҳуқуқбузарда ўзининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат бўлмаса, прокурорнинг санкцияси билан ўн суткагача муддатга ушлаб турилиши мумкинлиги белгиланган.
Шундай хулоса келиб чиқадики, шахс қонуннинг ушбу нормасига мувофиқ, суд қарорисиз — уч суткагача, яъни етмиш икки соатгача ёки ўн суткагача, яъни икки юз қирқ соатгача маъмурий йўл билан ушлаб турилиши мумкин.
Бунда маъмурий йўл билан ушлаб туриш муддатлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясида қатъий белгиланган қирқ саккиз соатлик муддатдан яққол ошиб кетган.
Энг муҳими, ушбу нормаларда маъмурий йўл билан ушлаб туриш муддатини қирқ саккиз соатдан узайтириш зарурати туғилганда, бунинг учун суднинг қарорини олиш лозимлиги назарда тутилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ шахсни қирқ саккиз соатдан ортиқ ушлаб туриш фақат суд қарори асосида амалга оширилиши мумкин.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 288-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган маъмурий йўл билан ушлаб туриш муддатини суд қарорисиз уч суткагача ёки ўн суткагача узайтириш мумкинлиги тўғрисидаги норма Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27-моддаси учинчи қисмига мувофиқ эмас деган хулосани келтириб чиқармокда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.
Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 15-моддаси биринчи қисми ва Конституциявий қонуннинг 21-моддасига мувофиқ, Конституциявий суд ишларини юритиш Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг устунлиги принципи, қонун чиқарувчи ҳамда ижро этувчи ҳокимиятнинг ҳужжатларида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари устуворлигига оид конституциявий принципнинг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси бошка нормаларининг руёбга чиқарилиши асосида амалга оширилади.
Конституциявий суд фақат Ўзбекистон Республикаси Конституциясига амал қилган ҳолда ишларни ҳал этади ва хулосалар беради.
Конституциявий суд юқорида кўрсатилган ҳолатларни инобатга олиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 288-моддаси иккинчи қисмидаги шахсни маъмурий йўл билан қирқ саккиз соатдан ортиқ ушлаб туришга рухсат берувчи қоида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27-моддаси учинчи қисмига мувофиқ эмас деб ҳисоблайди.
1. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 288-моддаси иккинчи қисмидаги «ҳуқуқбузарнинг шахсини ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларини аниқлаш учун зарур бўлган ҳолларда эса — ушлаш пайтидан бошлаб йигирма тўрт соат ичида прокурорга ёзма тарзда маълум қилиб, уч суткагача ёки ҳуқуқбузарда ўзининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат бўлмаса, прокурорнинг санкцияси билан ўн суткагача муддатга ушлаб турилиши мумкин»лигини назарда тутувчи норма Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27-моддаси учинчи қисмига мувофиқ эмас деб топилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мазкур қарори тегишли ташкилотларга ижро учун юборилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг ушбу қарори «Халқ сўзи» газетаси, «Ўзбекистон Республикаси қонунчилик тўплами», Ўзбекистон Республикаси қонунчилик маълумотлари миллий базаси ва Конституциявий суднинг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.
4. Мазкур қарор қатьий, унинг устидан шикоят қилиниши мумкин эмас ва у расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди
Тошкент ш.,
2026 йил 22 сентябрь,
КСҚ-8-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.09.2026 й., 12/26/8/0966-сон)