Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маърузаси ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (бундан буён матнда Агентлик деб юритилади) директорининг Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маърузасини кўриб чиқиб, 2025 йилда мамлакатда коррупцияга қарши курашиш борасида муайян ишлар амалга оширилганлигини қайд этади.
Мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг ҳуқуқий ва институционал асослари такомиллаштирилиб, жамиятда унга нисбатан муросасиз муҳитни шакллантиришга қаратилган тизимли ислоҳотлар давом эттирилмоқда.
Коррупциянинг олдини олиш борасидаги ишлар натижадорлиги Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашининг 2025 йил 5 мартда ўтказилган кенгайтирилган йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев бошчилигида муҳокама қилиниб, устувор вазифалар белгилаб олинди.
Кўрилган чоралар натижасида маиший коррупциянинг олдини олиш бўйича «Андижон тажрибаси», фуқаролик жамияти институтларининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаоллигини ошириш бўйича «Навоий тажрибаси», рақамлаштириш бўйича «Самарқанд тажрибаси» каби ижобий тажриба тизими яратилиб, бошқа ҳудудларда ҳам татбиқ этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясида Комплаенс хизматининг ташкил этилиши, давлат органлари ва ташкилотларида раҳбарларнинг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосарлари фаолиятининг йўлга қўйилиши коррупцияга қарши курашиш борасидаги янгиланишлар изчиллигини таъминлашда ҳамда жойларда белгиланган чора-тадбирлар ижросини самарали ташкил этишда катта туртки бўлмоқда.
«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиб, коррупцияга оид жиноятларнинг турлари белгиланди ҳамда улар учун жавобгарлик мустаҳкамлаб қўйилди.
Бундан ташқари 2025 йилда коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий ва институционал асосларини такомиллаштиришга қаратилган 7 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.
Агентлик томонидан 2025 йилда давлат харидлари соҳасида ўтказилган ўрганишларда жами 673,3 млрд. сўм миқдордаги 192 та харидда қонун бузилиши ҳолларига йўл қўйилганлиги аниқланиб, давлат буюртмачиларига 117 та тақдимнома киритилган ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларига 109 та сўровнома юборилган. Киритилган тақдимномалар асосида 70 млрд. сўм миқдордаги 60 та харид бекор қилинган.
Аниқланган ҳолатлар бўйича 14 нафар мансабдор шахс маъмурий, 12 нафар мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилган ҳамда 2 нафар мансабдор шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
2025 йилда соғлиқни сақлаш, таълим, бандлик, кадастр, банк ва маҳаллий ҳокимликлар тизимида коррупцияга сабаб бўлаётган омиллар комплекс тарзда ўрганилиб, уларни бартараф этишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилган.
Коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда ушбу соҳада тўлиқ фойдаланилмаётган имкониятлар ва эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар ҳам мавжуд.
Давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликда коррупцияга имкон берадиган шарт-шароитларни бартараф этишга, рақобатга асосланган харид тизимини яратишга қаратилган ҳуқуқий нормалар жорий этилган бўлсада, манфаатлар тўқнашуви, давлат харидлари, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ҳамда бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш борасида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишига имкон бераётган ҳолатлар тўлиқ бартараф этилмаяпти.
2025 йил 1 январдан эътиборан «Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси» электрон платформаси ишга туширилиб, давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича малакасини ҳар уч йилда оширишга доир мажбурий тартиб белгиланган бўлсада, айрим вазирликлар ва идораларда мазкур платформада ходимларни ўқитишни ташкил этиш ишлари ҳозирги кунга қадар бошланмаган.
2025 йилда судлар томонидан республика бўйича жами 4 768 та жиноят иши бўйича 7 517 нафар шахс коррупцияга оид жиноятлар учун жиноий жавобгарликка тортилган. Ушбу жиноятлар оқибатида давлат манфаатларига жами 2 трлн. 931 млрд. сўм миқдорида зарар етказилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида 2025 йилда «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида»даги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 9-моддаси талаблари вазирликлар ва идоралар томонидан бажарилмаганлиги, уларнинг фаолият соҳаларида амалда бўлган 530 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилиши белгиланган бўлсада, шундан 190 та (36 фоиз) норматив-ҳуқуқий ҳужжат коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилмаганлиги маълум бўлди.
Агентлик томонидан коррупцияга қарши курашиш ишлари самарадорлигини рейтинг асосида баҳолаш натижаларига кўра, баҳолашдан ўтказилган 128 та давлат ташкилотидан 10 тасининг фаолияти «қониқарсиз» деб топилган. Шунингдек давлат органлари ва ташкилотларида очиқлик принципи бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашга қаратилган Очиқлик индексининг натижасига кўра, 2025 йил якунлари бўйича баҳолашдан ўтказилган 97 та давлат органи ва ташкилотидан 13 тасининг фаолияти «қизил» тоифага киритилган.
Агентлик давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилиши ҳоллари бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида баённома тузиш ҳуқуқидан самарали фойдаланмаган.
Юқорида баён этилганларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддасига, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 82-моддасига, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 262-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маърузаси маълумот учун қабул қилинсин.
2. Агентликка:
маиший ва тизимли коррупциявий муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан кўрилаётган чораларни изчиллик билан давом эттириш, шу жумладан қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга оид таклифлар ишлаб чиқиш;
«коррупциядан холи ҳудуд» лойиҳаси амалга оширилаётган туманлардаги дастурларнинг ижроси ўрганилишини, уларнинг танқидий муҳокамаси ташкил этиб борилишини Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашлари билан биргаликда амалга ошириш;
вазирликлар ва идораларнинг фаолияти соҳаларини тартибга соладиган амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги коллизияларни, номувофиқликларни, «ноаниқ» қоидаларни, «оқ доғлар»ни ва коррупцияни келтириб чиқарувчи бошқа омилларни адлия органлари билан ҳамкорликда бартараф этиш борасидаги фаолиятни изчиллик билан давом эттириш;
коррупцияга оид хавф-хатарлар харитаси юритилишини таъминлаш, бунда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида коррупцияга оид жиноятлар рўйхати белгиланганлигидан келиб чиқиб, республикада коррупцияга оид жиноятлар статистикаси янгитдан шакллантирилишини инобатга олиш;
фуқаролик жамияти институтларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги иштирокини янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг «Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси» электрон платформаси учун махсус ўқув модулларини ишлаб чиқиш ва унда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг ўқитилишини ташкил этиш;
коррупцияга қарши курашиш соҳасида илмий-тадқиқот натижаларини оммалаштириш мақсадида «Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси» электрон платформасида соҳага доир илмий ишларни, тавсиявий илмий-тадқиқот мавзуларини жойлаштириб, эълон қилиб бориш амалиётини йўлга қўйиш;
коррупцияга қарши курашиш ишлари самарадорлигини рейтинг асосида баҳолаш мезонларини халқаро стандартлар талабларига мувофиқлаштириш ҳамда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳаққоний натижадорликни акс эттирувчи индикаторларни такомиллаштириш;
коррупцияга қарши курашиш ишлари самарадорлигини рейтинг асосида баҳолаш натижаларига кўра фаолияти самарадорлиги «қониқарсиз» деб топилган давлат органлари ва ташкилотларида аниқланган камчиликлар бартараф этилишини таъминлаш;
Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий стратегияни қабул қилиш ишларини якунига етказиш чораларини кўриш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари парламент назоратини амалга оширишда Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маърузада қайд этилган маълумотлардан ўз фаолият йўналишларининг ўзига хос жиҳатларини инобатга олган ҳолда фойдалансин.
4. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Р. Хакимов зиммасига юклатилсин.
5. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 14 июль,
2332-V-сон