Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг
Қарори
Фуқаролик ишлари бўйича, маъмурий ва иқтисодий судлар томонидан даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чораларини кўришнинг айрим масалалари тўғрисида
Даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чораларини кўришга доир қонунчилик ҳужжатларининг судлар томонидан тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарор қилади:
1. Судларнинг эътибори даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чораларини кўриш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси (бундан буён матнда ФПК деб юритилади), Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади), Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси (бундан буён матнда МСИЮтК деб юритилади), «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тартибга солинишига қаратилсин.
2. Даъвони таъминлаш чораларини қўллашнинг мақсади суд ҳужжати ижросини қийинлаштириши ёки уни бажариб бўлмайдиган қилиб қўйишини, шунингдек, жавобгар томонидан мол-мулкни яширилиши ёки бегоналаштирилишининг олдини олишга қаратилган.
Шунга кўра, судларнинг эътибори иқтисодий ва фуқаролик ишлари бўйича даъвони таъминлашга, агар бундай чораларни кўрмаслик суд ҳужжатининг ижросини қийинлаштириши ёхуд бажариб бўлмайдиган қилиб қўйиши мумкин бўлганда, маъмурий ишлар бўйича эса дастлабки ҳимоя чораларини кўришга суд ҳужжати қабул қилингунига қадар аризачининг ёки манфаатларини кўзлаб ариза берилган шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилишининг аниқ хавфи мавжуд бўлса ёки аризачининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бундай чораларни кўрмасдан туриб ҳимоя қилиш мумкин бўлмаса ёки қийин бўлса, йўл қўйилиши мумкинлигига қаратилсин.
3. Судларнинг эътибори даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чораларини кўриш тартиби ва унинг турлари ФПКнинг 9-боби, ИПКнинг 8-боби, МСИЮтКнинг 8-бобида белгиланганлигига қаратилсин.
Шу билан биргаликда, даъвони таъминлаш чоралари ва алоҳида тоифадаги низоларни кўришда уларни қўллашнинг ўзига хос хусусиятлари процессуал қонунчиликнинг бошқа қоидаларида (масалан, ИПКнинг 28, 37-моддалари) ва айрим моддий ҳуқуқ нормаларида белгиланганлигини (масалан, Оила кодексининг 89, 110, 112-моддалари, «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 19-моддасининг учинчи қисми, «Рақобат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 40-моддасининг учинчи қисми ва ҳ.к.) инобатга олиш лозим.
4. ФПКнинг 39-моддаси, ИПКнинг 41-моддаси ва МСИЮтКнинг 38-моддасида кўрсатилган ишда иштирок этувчи шахслар даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чораларини кўриш тўғрисидаги ариза (илтимоснома) билан мурожаат қилиши мумкинлиги назарда тутилган бўлиб, бундай чорани қўллаш асослари ва мақсадидан келиб чиққан ҳолда ушбу ариза (илтимоснома) жавобгар ва (ёки) учинчи шахслар томонидан улар қарши даъво ёки мустақил талаб билан арз қилинган ҳолатларда берилиши мумкинлигига судларнинг эътибори қаратилсин.
Бундан ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахл қилган ҳолатлар мустасно бўлиб, даъвони таъминлаш чораларини кўрмаслик суд ҳужжати ижросини қийинлаштирса ёки уни бажариб бўлмайдиган қилиб қўядиган ҳоллардагина ушбу шахсларнинг мустақил равишда берган аризалари қаноатлантирилиши мумкин.
Шунингдек, ФПК 105-моддасининг бешинчи қисми, ИПК 93-моддасининг бешинчи ва олтинчи қисмларига кўра, ҳакамлик (арбитраж) судида кўрилаётган иш бўйича даъвони таъминлаш чораларини кўриш ҳақидаги ариза билан ҳакамлик (арбитраж) муҳокамаси тарафи мурожаат қилишга ҳақли.
5. Тушунтирилсинки, тарафнинг қонун бўйича вакили ФПКнинг 69-моддаси, ИПКнинг 63-моддаси, МСИЮтКнинг 62-моддасида кўрсатилган барча процессуал ҳаракатларни ишончномасиз амалга оширишга ҳақли бўлиб, вакил даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чорасини кўриш ҳақида ариза билан мурожаат қилганида ваколатларини тасдиқловчи ҳужжат (ишончнома) тақдим этиши талаб этилмайди.
6. Фуқаролик ва Маъмурий суд ишларини юритиш тартибида судья (суд) ўз ташаббуси билан даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чораларини кўриши мумкин, масалан:
низоли мол-мулкка тақиқ қўйиш ҳақида — мол-мулкни талаб қилиб олиш, турар жойга киритиш ҳақидаги ва низога оид мол-мулкнинг бегоналаштирилиши эҳтимоли бўлган бошқа талаблар бўйича;
Оила кодексининг 145-моддасида назарда тутилган асосларга кўра, алиментни бир йўла тўлаш ёки алимент эвазига муайян мол-мулкни бериш ёхуд алиментни бошқа усулда тўлаш тўғрисидаги даъво бўйича — алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш ҳақида.
7. Даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чораларини кўришга судда иш юритишнинг ҳар қандай босқичида, шу жумладан иш юритиш тўхтатилган даврда ҳам йўл қўйилади.
Иш юритиш тўхтатилган даврда берилган даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чораларини кўриш тўғрисидаги ариза ФПК 9, ИПК 8 ва МСИЮтКнинг 8-бобларида белгиланган тартиб ва муддатларда тарафларни хабардор қилмасдан, иш юритиш тикланмаган ҳолда ҳал қилинади.
Даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чорасининг бир турини бошқаси билан алмаштириш тўғрисидаги масала ФПК 108-моддасининг учинчи қисми, ИПК 97-моддасининг учинчи қисми, МСИЮтК 96-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ ҳал қилинади.
8. Соддалаштирилган тартибда иш ФПК ва ИПКда назарда тутилган даъво ишини юритишнинг умумий қоидаларига мувофиқ кўрилиши белгиланганлиги боис, бундай иш юритишда ҳам даъвони таъминлаш чоралари кўрилиши мумкин.
9. Судлар шуни назарда тутишлари керакки, иш қўзғатилгунга қадар даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чораларини кўришга йўл қўйилмайди, бундан ҳакамлик судида кўрилаётган даъвони таъминлаш чораларини кўриш ҳоллари мустасно.
Даъво аризаси (ариза, шикоят) судга топширилмаган ҳолда берилган даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чораларини кўриш ҳақидаги ариза алоҳида ажрим чиқарилмасдан хат билан қайтарилиши лозим.
Даъво аризаси (ариза, шикоят) билан бирга берилган даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чораларини кўриш ҳақидаги аризани қаноатлантириш ёки рад этиш масаласи даъво аризасини (аризани, шикоятни) иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш, апелляция, кассация, тафтиш инстанцияси судларида эса шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилиш вақтида ҳал қилинади.
Даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чораларини кўриш тўғрисидаги ариза (илтимоснома) даъво аризаси (ариза, шикоят), шикоят (протест) иш юритишга қабул қилинганидан сўнг берилганда ФПК 107-моддасининг биринчи қисми талабига кўра, у келиб тушган куниёқ, иш вақти тугаганидан кейин электрон ҳужжат тарзида келиб тушган ҳолатларда кейинги иш кунидан кечиктирмасдан, ИПК 96-моддасининг учинчи қисми ҳамда МСИЮтК 95-моддасининг учинчи қисмига кўра эса ариза келиб тушганидан кейинги кундан кечиктирмай ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилмасдан, суд мажлисида тақдим этилганида эса, шу суд мажлисида кўриб чиқилади.
Ҳакамлик судида кўрилаётган иш юзасидан даъвони таъминлаш тўғрисида фуқаролик ишлари бўйича ва иқтисодий судга келиб тушган аризалар ҳам шу тартибда ҳал қилинади.
Ариза суд мажлисидан ташқари вақтда келиб тушган ҳолларда суд мажлиси ўтказилмасдан ва тарафларни хабардор қилмасдан ҳал қилинади.
10. Даъво аризаси (ариза, шикоят) қайтарилганда ёки уни иш юритишга қабул қилиш рад этилганда, даъво аризаси (ариза, шикоят) билан бир вақтда топширилган даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чораларини кўриш ҳақидаги ариза муҳокама қилинмайди.
11. Апелляция, кассация ва тафтиш тартибидаги шикоят (протест) бериш муддатини тиклаш ҳақидаги илтимоснома билан бир вақтда даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чораларини кўриш тўғрисида ариза келиб тушган ҳолда дастлаб шикоят (протест) бериш муддатини тиклаш ва шикоятни иш юритишга қабул қилиш масаласи ҳал этилиши лозим.
Апелляция, кассация, тафтиш тартибидаги шикоят (протест) қайтарилган ёки қабул қилишдан рад этилганда, шикоят (протест) билан бирга топширилган даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чорасини кўриш ҳақидаги ариза муҳокама қилинмайди.
12. Даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чораларини кўриш тўғрисидаги аризада даъвони таъминлаш чораларининг асослари ва зарурати кўрсатилган бўлиши лозим.
Фуқаролик ва маъмурий суд ишларини юритишда аризада асослар ёки зарурат аниқ кўрсатилмаган ҳолларда эса судья (суд) томонидан ушбу камчиликлар бартараф этилиши ва аризани мазмунан ҳал қилиш чоралари кўрилиши мумкинлигига эътибор қаратилсин.
Шу билан биргаликда, ИПКнинг 95-моддасига асосан аризада даъвони таъминлаш чорасининг тури ҳам кўрсатилиши лозим бўлиб, иқтисодий суд ишларини юритишда ушбу тартибга риоя қилинмаганлиги аризани қаноатлантиришни рад этиш учун асос бўлади.
13. Судларга тушунтирилсинки, давлат фойдасига мулкий ундирувлар (солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, божхона тўловлари ва жарималарини ундириш, давлатга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш, давлат мулкидан фойдаланганлик учун тўловларни ундириш, давлат мулкини қонунсиз эгаликдан талаб қилиб олиш, экология, атроф-муҳитга ёки табиий ресурсларга етказилган зарар (компенсация)ни ундириш, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрнини қоплаш ва шу каби давлатнинг қонун билан қўриқланадиган бошқа мулкий манфаатлари) ишларни кўриб чиқаётганда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан ариза бўлмаган ҳолларда ҳам ўз ташаббуси билан, иқтисодий суд томонидан эса даъвогарнинг аризасига кўра даъвони таъминлаш чоралари кўрилиши шарт.
Шунингдек, иқтисодий ва маъмурий судларнинг эътибори давлат органининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қонунга зид ҳужжати қабул қилинганлиги ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан қонунга зид ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) содир этилганлиги натижасида тадбиркорлик субъектига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъво (талаб)ни кўришда даъвогар (аризачи)нинг аризаси бўйича даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чораларини кўриши шартлигига қаратилсин.
14. Судлар шуни инобатга олишлари лозимки, даъвони таъминлаш чоралари тезкор ва дастлабки ҳимоя чораси ҳисобланиши сабабли, уни қўллаш учун даъво талабларини асословчи далиллар тақдим этилиши талаб қилинмайди.
Суд даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чораларини кўриш тўғрисидаги аризани ҳал қилишда, аризада бундай чораларни кўриш учун асослар ва зарурат мавжудлигини, таъминланиши сўралаётган чораларнинг даъво (ариза, шикоят) предмети билан боғлиқлигини, унга мутаносиблигини аниқлайди.
Судларга тушунтирилсинки, даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чоралари даъво (ариза, шикоят) предметига алоқадор ва (ёки) суд ҳужжатининг ижроси билан боғлиқ бўлмаган ҳолатларда ариза рад этилади.
15. Фуқаролик ва иқтисодий суд ишлари юритувида ҳакамлик судида кўриб чиқилаётган иш бўйича даъвони таъминлаш чораларини кўриш тўғрисидаги ариза, унга даъвонинг доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судига тақдим этилганлигини исботловчи далиллар, яъни ҳакамлик иши қўзғатиш ҳақидаги тасдиқланган ажрим нусхаси ёки маълумотнома илова қилинади. Иш муваққат ҳакамлик суди томонидан кўрилаётганда тақдим қилинган ажрим ёки маълумотномадаги ҳакамлик суди судьясининг имзоси нотариал тартибда тасдиқланган бўлиши лозим.
Судларнинг эътибори бундай аризаларни ҳал қилишда даъвонинг ҳакамлик судига тақдим этилганлигини исботловчи далиллар илова қилинмаган, ҳакамлик судида кўрилаётган низони ҳал қилиш қонунга кўра ҳакамлик судлари ваколатига кирмайдиган ҳолларда аризани рад этиш лозим бўлишига қаратилсин.
16. Тушунтирилсинки, аризада кўрсатилган мол-мулкни ёки пул маблағларини хатлаш тарзидаги даъвони таъминлаш чораси суд томонидан нафақат мулкий, балки номулкий хусусиятга эга бўлган талабларни таъминлаш учун ҳам қўлланилиши мумкин.
Мол-мулк ёки пул маблағларини хатлаш тарзидаги даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чораси жавобгарга тегишли бўлган ва унинг ўзида ёки бошқа шахсларнинг ихтиёрида бўлган мол-мулкка нисбатан қўлланилиши мумкин бўлиб, айни вақтда тез бузиладиган ашёларга нисбатан қўлланилмаслиги инобатга олиниши лозим.
Процессуал қонунчиликда жавобгарга тегишли бўлган пул маблағларини хатлашда унинг ҳисобварағига банд солиш назарда тутилмаган. Шунинг учун судлар мазкур даъвони таъминлаш чорасини қўллашда жавобгарга тегишли бўлган ҳисобварағидаги пул маблағлари хатланиши лозимлигига эътибор қаратишлари лозим.
Бундай чорани кўришда даъвонинг баҳоси доирасида пул маблағлари билан бирга жавобгарнинг мол-мулки ҳам хатлаб қўйилиши мумкин.
17. Судлар шуни эътиборга олишлари лозимки, жавобгарга муайян ҳаракатларни амалга оширишни тақиқлаш тарзидаги даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чорасининг мақсади, жавобгарнинг қонуний фаолиятини амалга оширишига асоссиз тўсиқлар яратишга эмас, балки ариза берувчи ва бошқа шахсларнинг манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган.
18. Судлар ФПК 106-моддаси биринчи қисмининг 4-банди, ИПК 94-моддаси биринчи қисмининг 5-бандига кўра, мол-мулкни хатлашдан озод қилиш (рўйхат (арест)дан чиқариш) тўғрисидаги низолар бўйича даъвони таъминлаш чораси сифатида рўйхатдан чиқарилиши талаб қилинаётган мулкни реализация қилишнинг тўхтатиб турилиши бундай чоранинг бошқа низолар бўйича қўлланилишини ҳам истисно қилмаслигини инобатга олишлари керак.
Судлар бундай масалани ҳал қилишда даъвони таъминлаш чораси сифатида айнан мулкни реализация қилишни тўхтатиб турмаслик суд ҳужжати ижросини қанчалик қийинлаштириши ёки уни бажариб бўлмайдиган қилиб қўйишига баҳо беришлари лозим.
19. ФПК 106-моддаси биринчи қисмининг 5-банди талабига кўра, суд, қонунчиликда йўл қўйилганда, қарздор ижро ҳужжати юзасидан суд тартибида низолашаётган бўлса, бу ҳужжат бўйича ундирувни тўхтатиш шаклидаги даъвони таъминлаш чорасини кўриши мумкин.
«Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг 7-моддасида ижро ҳужжатлари турлари келтирилганлиги боис, судлар мазкур рўйхатдаги ижро ҳужжатларининг қайси бирлари бўйича қонунчиликда суд тартибида низолашишга йўл қўйилганлигини аниқлашлари лозим.
Хусусан, Оила кодекси 131-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ, алимент тўлаш тўғрисидаги келишув ижро варақаси кучига эга бўлганлиги ҳамда мазмун-моҳиятига кўра битим ҳисобланиши сабабли мазкур келишув юзасидан ФКда белгиланган битимларга оид умумий асослар бўйича низолашилиши мумкин.
ФПК 106-моддаси биринчи қисмининг 5-бандига асосан даъвони таъминлаш чорасини кўриш шу иш юритувида кўрилаётган даъво бўйича қўлланилиши сабабли давлат ижрочисининг қарори, хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан маъмурий судга шикоят берилганлиги асоси билан ижро ҳаракатларини тўхтатиш ҳақидаги ариза ФПКнинг 455-моддаси тартибида ҳал қилиниши мумкин эмаслигига судларнинг эътибори қаратилсин.
Мазкур масала маъмурий суд томонидан МСИЮтК 92-моддаси биринчи қисмининг 1 ва 2-бандларига кўра, дастлабки ҳимоя чораси сифатида ҳал қилиниши лозим.
20. Жавобгарга низоли мол-мулк бузилиши, ҳолати ёмонлашишининг олдини олиш мақсадида муайян ҳаракатларни бажариш мажбуриятини юклаш кўринишидаги даъвони таъминлаш чораси мол-мулкни сақлаш, унинг бузилишининг олдини олиш, низоли мулкни таъмирлаш, бузмаслик, бошқа шахсларга бермаслик ва шу каби бошқа ҳаракатларни амалга ошириш мажбуриятини юклатишда намоён бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, иқтисодий ва фуқаролик ишлари бўйича судлар ҳар бир муайян ишнинг ҳолатидан келиб чиққан ҳолда мол-мулкни сақлаш, бузиш ёки қайта қуришни тақиқлаш, фойдаланишни чеклаш ёки тартибга солиш, учинчи шахсларга ўтказмаслик, мулкни маълум ҳолатда сақлаш, муайян ҳаракатларни бажариш, мулкни бошқаришни вақтинча тартибга солиш каби мажбуриятлар белгиланиши мумкинлигини назарда тутишлари лозим.
Судларнинг эътибори бундай даъвони таъминлаш чораларини кўришда реал хавф ва жавобгар зиммасига юклатилаётган мажбуриятни ижро қилиш имкони мавжуд бўлиши лозимлигига қаратилсин.
21. Низоли мол-мулкни сақлаш учун учинчи шахсга (сақловчига) топшириш кўринишидаги даъвони таъминлаш чорасини кўриш мол-мулкни учинчи шахсда сақлаш орқали унинг бузилиши, йўқолиши ёки ноқонуний фойдаланилишининг олди олинишини таъминлайди ва мулк йўқолиши ёки яширилиши, унинг бузилиши ёки зарарланиши хавфи мавжуд бўлганда самарали ҳисобланади.
Ушбу чора орқали мол-мулк тарафларнинг ихтиёридан олиниб, бетараф шахснинг ёки ихтисослашган ташкилотнинг сақловига берилади. Бу билан мол-мулкдан фойдаланмаган ҳолда, уни бут сақлаш таъминланади.
Учинчи шахс (сақловчи) мулкни бут сақлаши, уни бошқа шахсга бермаслиги ва даъвони таъминлаш чораси бекор қилингандан сўнг уни эгасига қайтариши лозим.
22. Судлар инобатга олишлари лозимки, фуқаролик ва иқтисодий процессуал қонунчилигида кўрсатилган даъвони таъминлаш чораларининг рўйхати тугал эмаслиги сабабли процессуал қонунчиликда кўрсатилмаган даъвони таъминлаш чораларини қонунчиликда кўрсатилмаганлиги асоси билан қўллашни рад этишга йўл қўйилмайди.
Мисол учун суд зарур ҳолларда, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ёки бундай ҳуқуқни чеклаш билан боғлиқ ишларни кўришда ота-онадан боласини олиш ҳамда уни васийлик ва ҳомийлик органлари қарамоғига топшириш, фуқарони Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетишини вақтинча чеклаш ва бошқа чораларни ҳам кўриши мумкин.
23. Судларга тушунтирилсинки, даъвони таъминлаш чораси сифатида бошқа иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжатининг ижросини тўхтатишга йўл қўйилмайди.
24. Даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чорасини кўриш ҳақидаги аризанинг рад этилганлиги, бундай чорани кўриш учун янги асослар пайдо бўлган ва даъвони таъминлаш чорасини қўллаш зарурати асослантирилган ҳолларда қайта мурожаат қилишга тўсқинлик қилмайди.
25. Тушунтирилсинки, бир вақтнинг ўзида бир нечта даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чоралари кўрилиши мумкин бўлиб, бундай аризалар бўйича суд ажримининг асослантирувчи қисмида билдирилган даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чораларидан ҳар бирини тўлиқ ёки қисман қўллаш ёки қўллашни рад этиш тўғрисидаги хулосалар кўрсатилган бўлиши керак.
26. Даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чораларини кўриш тўғрисидаги ажрим суд ҳужжатларини ижро этиш учун белгиланган тартибда дарҳол ижро этилади.
Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чораларини кўриш суднинг ажрими асосида ижро этилади ва бунда ижро варақаси бериш талаб этилмайди.
Даъво аризаси (ариза, шикоят) қаноатлантирилганда, даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чораси суд ҳужжати амалда ижро этилгунга қадар сақланади.
Даъво аризаси (ариза, шикоят)ни қаноатлантиришни рад этиш, даъвони кўрмасдан қолдириш ва иш юритишни тугатиш тўғрисидаги суд ҳужжатларини қабул қилиш билан бир вақтда ёки улар қабул қилинганидан кейин суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномасига кўра ёки ўз ташаббуси билан алоҳида ажрим чиқариш орқали даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чорасини бекор қилиши мумкин, бундан ФПК 123-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар мустасно.
Тушунтирилсинки, даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чораси бекор қилинганлиги ҳақида суд томонидан кўрилган бундай чора ижро қилиш учун юборилган орган ёки мансабдор шахсга ёзма равишда маълум қилиниши лозим.
Судлар инобатга олишлари лозимки, ҳакамлик суди (арбитраж)нинг даъво талабларини қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги ҳал қилув қарори даъвони таъминлаш чораларининг суд томонидан ФПК 111-моддасининг учинчи қисми, ИПК 99-моддасининг еттинчи ва саккизинчи қисмларига мувофиқ бекор қилиниши учун асос бўлади.
Даъвони таъминлаш чораларини бекор қилиш тўғрисидаги ажримнинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга у чиқарилган куннинг эртасидан кечиктирмасдан юборилади.
27. Даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чоралари ишни кўраётган суд томонидан ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномасига кўра бекор қилиниши мумкин.
Фуқаролик суд иш юритувида даъвони таъминлаш чоралари ҳуқуқ ва манфаатларига дахл қилган бошқа шахслар томонидан ҳам уни бекор қилиш ҳақида илтимоснома берилиши мумкин.
Даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чораларини бекор қилиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш натижаси бўйича чиқарилган ажримнинг хулоса қисмида даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чорасини қўллаган суднинг номи, ажрим чиқарилган санага оид маълумотлар ва қўлланилган қайси чора бекор қилинаётганлиги кўрсатилиши керак.
28. ИПКнинг 100-моддасида даъвони рад этиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кейин жавобгар даъвогардан даъвони таъминлаш туфайли ўзига етказилган зарарнинг ўрнини қоплашни ўша судда даъво тақдим этиш йўли билан талаб қилишга ҳақли эканлиги белгиланган.
ФПКнинг 115-моддасига мувофиқ фуқаролик иши бўйича даъвони рад этиш ҳақидаги ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кейин жавобгар шундай тартибда даъвони таъминлаш туфайли ўзига етказилган зарарнинг ўрнини қоплашни талаб қилишга ҳақли.
Бунда, етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш (ундириш) тўғрисидаги талаб алоҳида даъво тартибида кўриб чиқилади.
Судларга тушунтирилсинки, маъмурий иш бўйича аризани рад этиш ҳақидаги ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан кейин жавобгар ёки манфаатдор шахслар дастлабки ҳимоя чораси қўлланилиши туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш юзасидан тегишли судга даъво тақдим этишлари мумкин.
29. Агар низолашилаётган маъмурий ҳужжат (ҳаракат) ижросининг мажбурий тўхтатиб турилиши қонунда назарда тутилган бўлса (масалан, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 231-моддасининг учинчи қисми, «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 19-моддасининг учинчи қисми, «Рақобат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 40-моддасининг учинчи қисми), судья аризачи судга мурожаат қилганлиги муносабати билан низолашилаётган маъмурий ҳужжатнинг (ҳаракатнинг) бажарилиши маъмурий орган ёки мансабдор шахс томонидан тўхтатилган-тўхтатилмаганлигини текшириши, унинг ижроси тўхтатилмаганлиги аниқланганда эса ўз ташаббуси билан маъмурий ҳужжатнинг (ҳаракатнинг) ижросини тўхтатиб туриши лозим.
Шуни назарда тутиш лозимки, қонунда назарда тутилган ҳолларда маъмурий орган мансабдор шахсининг фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ва аҳоли ҳаёти ва соғлиғига реал хавф соладиган бошқа ҳолатларнинг олдини олиш билан боғлиқ қарорлари, ҳаракатларини тўхтатиб туришга йўл қўйилмайди.
30. Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чораларини кўриш ва суд ҳужжатлари ижросини тўхтатиб туриш масалалари бўйича суд амалиётини мунтазам равишда умумлаштириб бориши ва мазкур тоифадаги ишлар кўрилишида суд хатоларининг олдини олиш юзасидан чоралар кўриши лозим.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Р. МАХМУДОВА
Тошкент ш.,
2026 йил 3 июль,
19-сон
Пленум котиби, Олий суд судьяси У. ХОЛОВ