Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ИҚТИСОДИЙ МАНФААТЛАРИНИ ВА АҲОЛИНИ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ ҚИЛИШНИ ТАЪМИНЛАШ БЎЙИЧА КЕЧИКТИРИБ БЎЛМАЙДИГАН ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 июлдаги 396-сонли «Қонунчилик базасини янада тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
МДҲ мамлакатларидаги пулнинг қадрсизланиши шароитларида республиканинг иқтисодий манфаатларини ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Республика банк муассасалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Пул муомаласини барқарорлаштириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чоралар тўғрисида» 1992 йил 6 апрелдаги 166-сон қарори билан белгиланган нақд пул беришдаги чеклашларни олиб ташласинлар.
2. Республика марказий ва тижорат банклари «Ўзбексавдо», «Ўзбекбирлашув», «Ўзшартномасавдо» уюшмаларига, «Ўзкооптайёрловсавдо» бирлашмасига, «Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш» давлат-кооператив қўмитасига, «Ўзавтотранс» корпорациясига ва «Тошшаҳартранскорхона» уюшмасига уларнинг республикага зарур бўлган товар-моддий бойликларни сотиб олишлари учун нақд пул беришни таъминласинлар.
«Ўзбексавдо» ва «Ўзбекбирлашув» уюшмаларига республикада сотиш мақсадида товарлар харид қилиш учун савдодан тушган нақд пул маблағларидан фойдаланишига рухсат этилсин.
Нақд пуллардан мақсадли фойдаланиш учун масъулият кўрсатилган идораларнинг раҳбарларига юклатилсин.
3. Банк муассасалари, почта алоқаси бўлимлари аҳоли ва ташкилотлардан омонатларни, почта орқали юбориладиган пулларни савдодан ташқари аъмоллар бўйича ҳукуматлараро битимларда назарда тутилган тартибда қабул қилсинлар ва берсинлар.
Республикадан ташқарида яшовчи омонатчиларнинг ҳисобларидан нақд пулларни беришга ва уларнинг аризалари бўйича омонатларни почта орқали собиқ Иттифоқ давлатларининг банк муассасаларига ўтказишга рухсат этилсин.
4. Банк муассасаларига фермер, деҳқон хўжаликлари ва шахсий ёрдамчи хўжаликларнинг эгаларига туман ва қишлоқ (шаҳарча) уюшмаларининг тақдимномасига кўра моллар, паррандалар, озуқалар, уруғлар ва қурилиш материаллари сотиб олиш учун бир оила ҳисобига 1 млн сўмгача, вилоятларда 2 млн сўмгача миқдорда нақд пул билан қарз беришларига рухсат этилсин.
Ушбу хўжаликларнинг ўз маблағлари ҳисобидан нақд пул бериш чекланмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Банк муассасалари, савдо ташкилотлари Ўзбекистон Республикаси ташқарисида берилган ҳисоб чеклари, сертификатлар ва бошқа қийматли қоғозларни қабул қилмасинлар, шунингдек, собиқ Иттифоқнинг бошқа давлатлари ҳудудида топширилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун фуқароларнинг омонатларига пул ўтказмасинлар.
6. Бир жисмоний шахснинг зарур ҳужжатларни кўрсатиш йўли билан республика ҳудудига нақд пул олиб киришининг чекланган суммаси 300 минг сўм миқдорида белгилансин.
Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги нақд пулларнинг олиб келиниши устидан назоратни кучайтирсинлар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 6 апрелдаги 166-сон, 1993 йил 18 январдаги 39-сон қарорлари, республика Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 3 декабрдаги 565-сон қарори 1-бандининг биринчи хатбоши ва 2-банди, Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 5 майдаги 204-сон қарори 1-бандининг иккинчи хатбоши ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1993 йил 8 июль,
337-сон