Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитасининг 2025 йилдаги ва 2026 йил биринчи чорагидаги фаолияти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитасининг (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) 2025 йилдаги ва 2026 йил биринчи чорагидаги фаолияти тўғрисидаги ахборотини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши таъкидлайдики, ҳисобот даврида Қўмита томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби муҳим йўналишларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ҳамда қонунчиликда белгиланган ваколатларга мувофиқ назорат-таҳлил тадбирларини ташкил этишга устувор аҳамият қаратилган.
Хусусан, 2025 йилда Қўмита 14 та қонун лойиҳасига масъул бўлган. Улардан 13 таси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) томонидан қабул қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилган, 1 таси рад этилган. 2026 йил биринчи чораги давомида Қўмита 4 та қонун лойиҳасига масъул бўлган ва уларнинг барчаси Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилган.
Ушбу қонунлар фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, парламентдаги мухолифатнинг кафолатланган ҳуқуқларини кенгайтириш, ҳомийлик фаолиятини тартибга солиш, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар ва уларнинг болалари ижтимоий ҳимоя қилинишини янада кучайтириш, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг фаолиятида янги назорат шаклларини жорий этиш, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакилининг фаолиятини ташкил этишнинг қонуний асосларини янада такомиллаштириш каби муҳим масалаларга қаратилган.
Ҳисобот даврида Қўмита томонидан 39 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилган. Улардан 31 таси давлат органлари раҳбарларининг ўз фаолияти масалалари юзасидан ахборотини эшитишга, 6 таси қонунларнинг ижро этилиш ҳолатини ўрганишга, 2 таси Қонунчилик палатаси қарорининг ижросини мониторинг қилишга тааллуқлидир.
Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмитаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси ҳамда қатор бошқа ташкилотлар мутасаддиларининг ахбороти эшитилиб, Қўмита мажлисларида муҳокама қилинган.
Қўмита аъзолари томонидан сайловчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан мансабдор шахсларга жами 15 та депутат сўрови юборилган.
Ҳисобот даврида Қўмита томонидан жойларда ўтказилган ўрганишлар, тегишли соҳалар вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувлар ҳамда назорат-таҳлил тадбирлари якунлари бўйича «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги, «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги, «Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Жамоат фондлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларини такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқилиб, ваколатли органларга юборилган.
Қонун ижодкорлиги жараёнини ва парламент назоратини ҳуқуқий, ташкилий ва амалий жиҳатдан такомиллаштириш мақсадида илмий-тадқиқот муассасаларининг ва соҳавий ташкилотларнинг 5 таси, хусусан «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази, «Юксалиш» ҳаракати, Барқарор ривожланиш маркази, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази билан ҳамкорлик меморандумлари тузилган.
Қўмита жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида ўрганишга ҳамда уларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратган. Ўтган даврда жисмоний ва юридик шахслардан Қўмита номига келиб тушган жами 613 та мурожаат белгиланган тартибда кўриб чиқилган.
Ўз фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, соҳага оид қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка етказиш мақсадида Қўмита оммавий ахборот воситалари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйган. Қўмитанинг ҳисобот давридаги фаолияти оммавий ахборот воситаларида жами 2 091 маротаба ёритилган.
Шу билан бирга Қўмитанинг ўтган даврдаги фаолияти таҳлили келгусидаги ишларни ташкил этишда бир қатор жиҳатларга эътиборни янада кучайтириш лозимлигини кўрсатмоқда.
Жумладан, қонунларнинг жойларда ижро этилиш ҳолатини ўрганиш якунлари бўйича қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш борасида Қўмитанинг ташаббускорлигини янада кучайтириш зарурати мавжуд.
Шунингдек қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва назорат-таҳлил тадбирларини ўтказиш чоғида Қўмита ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари имкониятларидан самарали фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитасининг 2025 йилдаги ва 2026 йил биринчи чорагидаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси:
«Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш» йилида амалга оширишга оид давлат дастурининг ҳамда эркин фуқаролик жамиятини шакллантиришга, демократик қадриятларни ҳимоя қилишга доир бошқа вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан таъсирчан парламент назоратини олиб боришга;
ўзи масъул бўлган қонун лойиҳаларини Қўмита ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши йиғилишларида мунтазам равишда муҳокама қилиб боришга, кенг жамоатчиликнинг таклифлари ва фикр-мулоҳазаларини инобатга олишга ҳамда назорат-таҳлил тадбирларига соҳа мутахассисларини ва экспертларни кенгроқ жалб этишга;
парламент назорати тадбирлари якунлари бўйича қабул қилинган қарорларнинг ижросини тизимли равишда мониторинг қилишга;
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз муддатида кўриб чиқишга ва фуқаролардан қонунчиликни такомиллаштириш бўйича келиб тушган таклифларни улар иштирокида Қўмита мажлисларида муҳокама қилиб боришга;
ўз фаолиятига доир қонун ҳужжатларига киритилаётган ўзгартиришларнинг оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритилишини таъминлаб боришга ҳамда уларнинг мазмуни ва моҳиятини аҳолига етказиш ишларини янада жонлантиришга алоҳида эътибор қаратсин.
3. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари М. Ходжаева зиммасига юклатилсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Р. ХАКИМОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 1 июнь,
2143-V-сон