Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ХУСУСИЙЛАШТИРИЛАДИГАН КОРХОНАЛАРНИНГ ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАР ТОМОНИДАН ТЕКИН ОЛИНГАН АКЦИЯЛАРИГА СОЛИҚ СОЛИШ МЕХАНИЗМИ ТЎҒРИСИДА
Хусусийлаштириладиган корхоналарнинг акцияларини жойлаштиришни ва жисмоний шахсларнинг акциялар сотиб олиш билан боғлиқ даромадига солиқ солишни тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Белгилансинки:
давлат корхонасини акциядорлик жамиятига айлантиришда акцияларнинг бир қисми меҳнат жамоаси аъзоларига республика Ҳукуматининг тегишли қарори мавжуд бўлган тақдирдагина текин берилади;
акцияларни текин олиш ҳуқуқига меҳнат жамоаси аъзоси бўлган меҳнат фахрийлари ва кексалиги ёки ногиронлигига кўра мазкур корхонадан пенсияга чиққан, унда камида 10 йил ишлаган пенсионерлар эга бўладилар.
2. Маълумот учун қабул қилинсинки, меҳнат жамоаси аъзоларига текин бериладиган акциялар қиймати жисмоний шахсларнинг жами даромадига киритилади ва ундан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига мувофиқ жисмоний шахслар даромадига солинадиган солиқ ундирилади.
Белгилансинки:
жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқ суммаси бир ойда олинган даромад суммасидан ортиқ бўлганда (хусусийлаштириладиган давлат корхоналарининг текин олинган акциялари қиймати чиқариб ташланган ҳолда) жисмоний шахслар даромадидан солиқ акциялар берилган вақтдан бошлаб бир йил давомида бўлиб-бўлиб ундирилади;
акциялар бериш вақтида хусусийлаштирилаётган корхона ходимларининг рўйхатдаги таркибида бўлмаган пенсионерлар томонидан текин олинган акциялар бўйича жисмоний шахслар даромадидан солиқ ундириш давлат солиқ хизмати органлари томонидан жами йиллик даромад бўйича йиллик декларациялар асосида жисмоний шахслар даромадига солиқ солиш учун назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
3. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази акциядорлик жамиятларида текин олинган акциялар меҳнат жамоаси аъзолари ўртасида зарур даражада тақсимланишига риоя қилиниши устидан мунтазам назорат қилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Давлат мулки қўмитаси бир ой муддатда:
мазкур қарорга зид бўлган идоравий норматив ҳужжатлар қайта кўриб чиқилиши ва бекор қилинишини таъминласинлар;
меҳнат жамоасига унинг улушини текин бериш хусусида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларини ўзгартириш тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси таклиф киритсинлар.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Б. С. Ҳамидов ва В. А. Чжен зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1998 йил 29 июнь,
270-сон
(Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларининг тўплами, 1998 й., 6-сон, 22-модда)