ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ФАРМОЙИШИ
Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда «Сифатли давлат бошқаруви» дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш, давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш соҳасида Бирлашган Араб Амирликларининг илғор тажрибасини жорий этиш, шунингдек, республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти самарадорлигини ягона мезонлар асосида баҳолаш тизимини йўлга қўйиш мақсадида қарор қиламан:
1. Қуйидагилар:
(а) Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги икки томонлама келишувлар доирасида «Сифатли давлат бошқаруви» дастурини (кейинги ўринларда — Дастур) амалга ошириш юзасидан ўзаро келишувга эришилгани;
(б) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) Бошқарув самарадорлиги агентлиги билан биргаликда Бирлашган Араб Амирликлари тажрибаси асосида ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш методикасини ишлаб чиққанлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилансинки:
(а) Агентлик ва Бошқарув самарадорлиги агентлиги Дастурни амалга ошириш учун масъул органлар ҳисобланади;
(б) 2026 йилдан бошлаб ҳар икки йилда республика ижро этувчи ҳокимият органлари (вазирлик, қўмита, агентлик ва инспекциялар)нинг фаолияти самарадорлигини Дастур асосида баҳолаш тизими жорий этилади;
(в) Дастурда иштирок этувчи республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда мукофот номинациялари рўйхатлари Агентлик ва Бошқарув самарадорлиги агентлиги томонидан тасдиқланади;
(г) Агентлик Бирлашган Араб Амирликлари экспертларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги фаолиятини ташкилий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди ҳамда Дастур юзасидан якуний ҳисоботни тайёрлайди.
3. Бошқарув самарадорлиги агентлиги ва Агентлик:
(а) бир ҳафта муддатда Дастурни амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»ни ҳамда Дастур ғолибларини тақдирлаш тартибини тасдиқласин;
(б) Дастур бандларининг бажарилишини ташкил этиш, Дастурнинг якуний ҳисоботлари ва тавсиялари асосида ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тизимли ишларни амалга оширсин;
(в) барча номинациялар ғолибларининг илғор тажрибаси Дастур доирасида иштирок этган қолган давлат органлари фаолиятига кенг жорий этилишини таъминласин.
4. Республика ижро этувчи ҳокимият органлари биринчи раҳбарлари зиммасига Дастурни амалга ошириш доирасида белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши ҳамда илғор тажрибаларни ўз фаолиятига жорий этиш бўйича шахсий жавобгарлик юклансин.
5. Мазкур фармойиш ижроси учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари С.Ш. Мирзиёева зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 22 май,
Ф-32-сон