Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Қонун ижодкорлиги жараёнининг сифати ва самарадорлигини оширишда кенг жамоатчилик имкониятларидан унумли фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида
Кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг фаолиятида, шу жумладан қонун ижодкорлиги жараёнида ва парламент назоратини амалга оширишда кенг жамоатчиликни жалб қилишга, қонун лойиҳаларини фуқароларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини ўрганган ҳолда ишлаб чиқишга, кўриб чиқилаётган лойиҳалар юзасидан аҳоли ўртасида муҳокамалар ўтказишга устувор аҳамият берилмоқда.
«Халқ — қонунларнинг том маънода ягона манбаи ва муаллифи ҳисобланади» ҳамда «Барча муҳим қарорлар бевосита халқ билан мулоқот асосида, жамоатчиликнинг фикри ҳисобга олинган ҳолда қабул қилинади» деган принциплар миллий парламентимиз фаолиятининг бош мезонига айланди.
Қонун ижодкорлиги жараёнининг ва парламент назоратининг ҳуқуқий, ташкилий ва амалий жиҳатдан такомиллашиб бориши парламент фаолиятининг сифат кўрсаткичларини янада яхшилаш, халқимиз ҳаёти ва фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган қонунлар қабул қилинишига эришиш учун муҳим омил бўлмоқда.
Жамоатчилик фикрини ўрганиш қабул қилинаётган қонун лойиҳаларида сайловчиларнинг манфаатларини янада тўлиқроқ ифодалашга ва қонунларнинг ҳаётимизда самарали қўлланилишини таъминлашга хизмат қилади.
Шу боис қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш ва парламент назоратини амалга ошириш чоғида кенг жамоатчилик фикрини ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида социологик тадқиқотлар ва сўровлар ўтказиш, шу жумладан «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази имкониятларидан самарали фойдаланиш амалиётини йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга.
«Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури бўйича Амалий тадбирлар режасининг 251-бандидан келиб чиқиб ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2026 йилдаги фаолияти асосий йўналишларининг 2-банди ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш ва парламент назоратини амалга ошириш чоғида жамоатчилик фикрининг ўрганилишини таъминлаш мақсадида «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази (бундан буён матнда Марказ деб юритилади) билан ҳамкорлик йўлга қўйилсин.
2. Қонунчилик палатаси қўмиталари Марказ билан ҳамкорликни амалга ошириш чоғида қуйидагиларга эътибор қаратсин:
муҳим ижтимоий аҳамиятга эга бўлган қонун лойиҳаларига нисбатан жамоатчиликнинг муносабатини аниқлаш юзасидан Марказ билан биргаликда социологик тадқиқотлар ва сўровлар ўтказишга;
парламент назоратини амалга ошириш доирасида давлат дастурлари ҳамда қонун ҳужжатлари ижросини баҳолашга қаратилган социологик тадқиқотлар ва сўровлар ўтказилишини ташкил этишга;
социологик тадқиқотлар ва сўровлар ўтказилиши чоғида жамоатчилик фикри ҳар томонлама ва чуқур ўрганилишини таъминлаш мақсадида зарур ҳолларда, «Менинг фикрим» жамоавий мурожаатлар порталига келиб тушаётган мурожаатларнинг таҳлилидан кенг фойдаланишга;
Марказ тайёрлаган социологик тадқиқот натижаларидан ва сўровга оид маълумотлардан қўмиталар фаолиятида, шу жумладан қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш жараёнида ҳамда парламент назорати тадбирларида унумли фойдаланишга.
3. Қайд этилсинки, Марказ билан ҳамкорликда социологик тадқиқотлар ва сўровлар ўтказишга доир масалалар ҳамда уларнинг ўтказилишини ташкил этиш тартиби Қонунчилик палатаси қўмиталари томонидан мустақил равишда белгиланади.
Қонунчилик палатаси қўмиталари:
қўмитанинг ҳар йилги иш режасини шакллантириш чоғида жамоатчилик фикрининг ўрганилиши талаб этиладиган қонун лойиҳалари ҳамда парламент назорати тадбирлари учун социологик тадқиқотлар ва сўровлар ўтказилишини назарда тутсин;
қонун лойиҳаси бўйича масъул қўмита заруратга кўра, лойиҳанинг ижтимоий таъсирини ва жамоатчилик томонидан қабул қилиниши эҳтимолини баҳолаш учун социологик тадқиқот ёки сўров ўтказиш ташаббуси билан чиқсин;
қонун лойиҳаларини такомиллаштиришда, парламент назорати объектларига тегишли тавсиялар тайёрлашда ҳамда қонунчилик ташаббусларини ишлаб чиқишда социологик тадқиқотлар ва сўровлар натижаларидан кенг фойдалансин.
4. Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти:
Қонунчилик палатаси қўмиталарига ва сиёсий партиялар фракцияларига қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш ҳамда парламент назоратини амалга ошириш чоғида жамоатчилик фикрини ўрганиш учун социологик тадқиқотлар ва сўровлар ўтказилишини ташкил этишда илмий-услубий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан кўмаклашсин;
қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш ҳамда парламент назоратини амалга ошириш чоғида кенг жамоатчилик фикрининг ўрганилиши юзасидан хорижий давлатлар парламентларида қўлланилаётган илғор тажрибани мунтазам ўрганиб борсин.
5. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари зиммасига юклатилсин.
6. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 29 апрель,
2016-V-сон