Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартиби янада такомиллаштирилиши муносабати билан «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 431 ҳамда 432-моддаларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида
Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 12 августда қабул қилинган
Сенат томонидан 2025 йил 31 октябрда маъқулланган
Сенат томонидан 2025 йил 31 октябрда маъқулланган
Кейинги йилларда мамлакатимизда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш юзасидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Шу билан бирга бугунги кунда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари бўйича қарздорликларни соддалаштирилган тартибда ундириш кўламини кенгайтириш зарурияти юзага келмоқда.
Мазкур Қонун билан ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартиби почта ва (ёки) видеоконференцалоқа харажатларини, коммунал хизматлар тўлови юзасидан қарздорликни, кўп квартирали уйлар мулкдорларининг мажбурий бадалларини ёки тўловлар бўйича қарздорликни, шунингдек базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан кўп бўлмаган миқдордаги суммани ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатларига нисбатан ҳам татбиқ этилиши белгиланмоқда.
Ушбу Қонун суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади.
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 29 августда қабул қилинган «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги 258-II-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2001 йил, № 9-10, 169-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, № 8, 367-модда, № 12, 598-модда; 2008 йил, № 4, 184, 187-моддалар; 2009 йил, № 1, 1-модда; 2010 йил, № 9, 337, 340-моддалар; 2012 йил, № 12, 336-модда; 2014 йил, № 5, 130-модда; 2015 йил, № 8, 312-модда, № 12, 452-модда; 2016 йил, № 9, 276-модда; 2017 йил, № 9, 510-модда; 2018 йил, № 1, 1, 4, 5-моддалар; 2019 йил, № 2, 47-модда, № 5, 267-модда, № 7, 389-модда, № 8, 469-модда, № 10, 671-модда, № 12, 880-модда; 2021 йил, 4-сонга илова, № 8, 800, 803-моддалар; 2022 йил, № 4, 337-модда, № 6, 570-модда; 2023 йил, № 4, 269-модда; 2024 йил, № 2, 111-модда, № 8, 827-модда, № 10, 1073-модда; 2025 йил, № 4, 522-модда, № 6, 729-модда) қуйидаги ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин:
1) 431-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартиби қарздор жисмоний шахслардан маъмурий жарималарни, солиқ қарзини, давлат божини, почта ва (ёки) видеоконференцалоқа харажатларини, коммунал хизматлар тўлови юзасидан қарздорликни, кўп квартирали уйлар мулкдорларининг мажбурий бадалларини ёки тўловлари бўйича қарздорликни, шунингдек базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан кўп бўлмаган миқдордаги суммани ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатларига нисбатан татбиқ этилади, бундан жарима тариқасидаги жиноий жазони ижро этиш тўғрисидаги ва дарҳол ижро этилиши лозим бўлган ижро ҳужжатлари мустасно»;
2) 432-модда:
қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Ушбу модда биринчи қисмининг 1-бандида қайд этилган мажбурий ижро этиш чораси видеоконференцалоқа харажатларини, коммунал хизматлар тўлови юзасидан қарздорликни, кўп квартирали уйлар мулкдорларининг мажбурий бадалларини ёки тўловлари бўйича қарздорликни ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатларига нисбатан қўлланилмайди»;
иккинчи ва учинчи қисмлари тегишинча учинчи ва тўртинчи қисмлар деб ҳисоблансин.
2-модда. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
3-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
4-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 20 апрель,
ЎРҚ-1134-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.04.2026 й., 03/26/1134/0389-сон)