Ўзбекистон Республикаси
Молия вазирлиги томонидан
1999 йил 4 августда, 64-сон билан
«ТАСДИҚЛАНГАН»
Молия вазирлиги томонидан
1999 йил 4 августда, 64-сон билан
«ТАСДИҚЛАНГАН»
«Таҳлилий тартиб-таомиллар»
Ўзбекистон Республикаси Аудитнинг миллий стандарти 13-сонли АМС
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1999 йил 3 сентябрда рўйхатидан ўтказилди, рўйхат рақами 814]
Мазкур стандарт Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2021 йил 2 июлдаги 43-сонли «Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан қабул қилинган айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги буйруғига (рўйхат рақами 3316, 30.07.2021 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1. Мазкур стандарт Ўзбекистон Республикасининг «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 10 июндаги 296-сон «Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис XIV сессиясида қилган маърузасида баён этилган асосий қоидаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикасида аудиторлик фаолиятини норматив тартибга солиш элементи ҳисобланади.
СТАНДАРТНИНГ МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ
2. Стандартнинг мақсади аудиторлик ташкилоти таҳлилий тартиб-таомилларни бажараётганда қўллайдиган нормаларни белгилашдир.
3. Стандартнинг вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:
3.1. Таҳлилий тартиб-таомилларни ўтказиш мақсадларини белгилаш.
3.2. Таҳлилий тартиб-таомил турларнинг тавсифи.
3.3. Таҳлилий тартиб-таомилларни бажариш тартиби ва усулларини белгилаш.
3.4. Таҳлилий тартиб-таомилларни бажариш натижалари олингандан кейинги аудиторлик ташкилотининг ҳаракатларини тартибга солиш.
АМАЛ ҚИЛИШ СОҲАСИ
4. Мазкур стандартнинг талаблари барча аудиторлик ташкилотлари учун расмий аудиторлик хулосасини тайёрлашни кўзда тутувчи аудитни амалга оширишда мажбурий ҳисобланади, бундан тавсиявий тусга эга эканлиги тўғридан-тўғри кўрсатилган қоидалар мустасно.
5. Мазкур стандарт талаблари, текширув натижалари асосида расмий аудиторлик хулосаси тайёрлашни кўзда тутмайдиган аудитнинг амалга оширилишида, шунингдек, аудитга турдош хизматлар (консалтинг хизматлари) кўрсатилишида тавсиявий тусга эга бўлади. Аниқ топшириқни бажариш чоғида мазкур стандартнинг мажбурий талабларидан четга чиқилган ҳолларда аудиторлик ташкилоти буни ўзининг иш ҳужжатларида ҳамда аудит ва (ёки) унга турдош хизматларга буюртма берган хўжалик юритувчи субъект раҳбариятига бериладиган ёзма ҳисоботда мажбурий тартибда кўрсатиб ўтиши лозим.
ТАҲЛИЛИЙ ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАР
6. Таҳлилий тартиб-таомиллар қуйидагиларни ўз ичига олади:
6.1. Хўжалик юритувчи субъект молиявий ҳисоботининг ҳақиқий кўрсаткичларини режадаги кўрсаткичлари билан солиштириш.
6.2. Молиявий ҳисоботнинг ҳақиқий кўрсаткичларини аудиторлик ташкилоти томонидан аниқланган прогноз кўрсаткичлари билан солиштириш.
6.3. Молиявий ҳисобот кўрсаткичларини амалдаги қонунчилик ва норматив ҳужжатларда ёки хўжалик юритувчи субъект томонидан белгиланган норматив кўрсаткичлар билан солиштириш.
6.4. Молиявий ҳисобот кўрсаткичларини молиявий ҳисобот таркибига кирмайдиган кўрсаткичлар билан солиштириш.
6.5. Молиявий ҳисобот кўрсаткичларини тармоқнинг ўртача маълумотлари билан солиштириш.
6.6. Молиявий ҳисобот кўрсаткичларининг вақт ўтиши билан ўзгаришини ва улар билан боғлиқ бўлган нисбий коэффициентлар таҳлили.
7. Таҳлилий тартиб-таомилларнинг тури уларни ўтказиш мақсадига, уларни ўтказиш учун зарур бўлган ахборотни очиқлиги ва адекватлиги, хўжалик юритувчи субъектнинг фаолият турига боғлиқ бўлади.
8. Хўжалик юритувчи субъект молиявий ҳисоботининг ҳақиқий кўрсаткичларини у томонидан белгиланган режа билан солиштиришда аудиторлик ташкилоти:
8.1. Хўжалик юритувчи субъект томонидан қўлланиладиган режалаштириш услубини баҳолаши;
8.2. Ҳисобот даври молиявий кўрсаткичлари мижоз томонидан режа кўрсаткичларига биноан ўзгартирилмаганлигига ишонч ҳосил қилиши керак.
9. Молиявий ҳисоботнинг ҳақиқий кўрсаткичларини мустақил белгиланган прогноз кўрсаткичлар билан солиштиришда аудиторлик ташкилоти ўз тахминларини шаклланган тенденциялар асосида белгилайди.
10. Ҳисобот ва меъёрий кўрсаткичлар негизида ҳар хил турдаги коэффициентлар ва фоизли нисбатлар ҳисоб-китоби самарали ҳисобланади. Коэффициентларни танлаш, уларнинг ҳисоб-китоб усулларини ва ҳисоб-китоб вақти даврларини танлаш норматив ҳужжатларга мувофиқ равишда амалга оширилади. Мумкин бўлган риск соҳаларини аниқлаш усуллари қуйидагилардир:
10.1. Жорий даврнинг нисбий кўрсаткичларини таҳлили;
10.2. Турли даврларда хўжалик юритувчи субъект учун ҳисобланган нисбий кўрсаткичларни ўзгаришининг таҳлили;
10.3. Нисбий кўрсаткичларнинг бир нечта турининг ўзгаришини ўзаро солиштириш.
11. Хўжалик юритувчи субъектни молиявий ҳисоботининг ҳақиқий кўрсаткичларини тармоқнинг ўртача кўрсаткичлари билан солиштирган ҳолда, аудитор ушбу хўжалик юритувчи субъект фаолиятини таҳлил қилади. Бунда аудитор шуларни ҳисобга олиши керакки, тармоқ кўрсаткичлари мазкур хўжалик юритувчи субъект кўрсаткичлари билан мос келмаслиги мумкин, шунингдек хўжалик юритувчи субъектлар турли ҳисоб сиёсатидан фойдаланиши ҳам мумкин.
12. Аудитор томонидан хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий ҳисоботи маълумотларини молиявий ҳисобот таркибига кирмайдиган маълумотлар (бухгалтерияга оид бўлмаган маълумотлар) билан солиштириш усули қўлланган тақдирда, аудитор фойдаланилаётган бухгалтерияга оид бўлмаган маълумотларининг аниқлигига ишонч ҳосил қилиши лозим.
13. Ҳисоботнинг ҳақиқий кўрсаткичларини аввалги даврлар маълумотлари билан солиштириш жараёнида аудиторлик ташкилоти аудитни режалаштириш босқичидаёқ мумкин бўлган риск соҳаларини белгилаб олади. Мумкин бўлган рисклар соҳаларини аниқлашнинг кенг тарқалган усуллари қуйидагилардир:
13.1. Бухгалтерия баланси моддаларини солиштириш ва улардаги кескин ўзгаришлар таҳлили;
13.2. Моддалардаги ўзгаришларни бошқа моддалардаги ўзгаришлар билан солиштириш таҳлили. Мазкур ҳолда мумкин бўлган риск соҳаси, бир кўрсаткичдаги ўзгариш бошқа кўрсаткичдаги ўзгаришга иқтисодий табиатига кўра мувофиқ келмаганида аниқланади.
ТАҲЛИЛИЙ ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАРНИ ҚЎЛЛАШ МАҚСАДЛАРИ
14. Таҳлилий тартиб-таомилларни қўлланиши таҳлил этилаётган кўрсаткичлар ўртасидаги сабабий-оқибат алоқанинг мавжудлигига асосланади.
15. Таҳлилий тартиб-таомилларнинг мақсадлари бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:
15.1. Хўжалик фаолиятида мумкин бўлган рисклар соҳасини белгиловчи ғайриоддий ёки нотўғри акс эттирилган фактлар ва натижаларнинг мавжудлиги ёки мавжуд эмаслигини аниқлаш;
15.2. Хўжалик юритувчи субъект фаолиятини ўрганиш;
15.3. Молиявий ҳисоботни бузилиши фактларини аниқлаш;
15.4. Батафсил аудиторлик тартиб-таомиллар сонини қисқартириш;
15.5. Юзага келган саволларга жавоб олиш мақсадида тестдан ўтказишни таъминлаш.
16. Таҳлилий тартиб-таомилларни қўллаш:
16.1. Аудиторга аудитни режалаштиришда мижозни яхшироқ тушуниш ва бухгалтерия балансларини текшириш орқали аудит риски даражасини белгилаш имкониятини беради.
16.2. Бошқа аудиторлик тартиб-таомиллар сони ва ҳажмини қисқартиришга имкон беради.
16.3. Аудиторга аудит вақтида унинг асосланган малакали фикрини шакллантиришга ёрдам беради.
16.4. Қўшимча аудиторлик тартиб-таомилларини талаб этувчи текширув соҳаларини аниқлаб бериши мумкин бўлган молиявий муаммоларнинг ҳисоботда мавжудлигини сўнгги текшириш вазифасини бажаради.
17. Таҳлилий тартиб-таомиллар аудитнинг бутун жараёни давомида бажарилади.
АУДИТОРЛИК ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАРНИ БАЖАРИШ ТАРТИБИ
18. Таҳлилий тартиб-таомилнинг бажарилиши қуйидагилардан иборат:
18.1. Тартиб-таомиллар мақсадини белгилаш;
18.2. Тартиб-таомиллар турини танлаш;
18.3. Тартиб-таомилларни бажариш;
18.4. Бажарилган тартиб-таомилларни таҳлил этиш.
19. Таҳлилий тартиб-таомилларни бажариш босқичида аудитор танлов асосида қуйидагилардан фойдаланади:
19.1. Оддий солиштириш;
19.2. Ҳисобот даврида бирор-бир кўрсаткичнинг ўзгариш тенденциясини ва уларнинг келгуси ёки ўтган даврларга татбиқ қилинишини аниқлаш;
19.3. Бирор-бир кўрсаткичлар орасидаги миқдорий ўзаро алоқадорликларни уларнинг келгуси ёки ўтган даврлардаги ҳажмини ҳисоблаш мақсадида аниқлаш.
20. Таҳлилий тартиб-таомиллар жамланма молиявий ҳисоботга ҳам, алоҳида балансга ажратилган таркибий бўлинмаларга ҳам қўлланиши мумкин.
21. Таҳлилий тартиб-таомиллар натижаларининг ишончлилиги аудитор томонидан топилмаслик риски, ички хўжалик риски ва назорат воситалари риски даражасининг тўғри баҳоланишига боғлиқдир.
Таҳлилий тартиб-таомилларнинг ишончлилигига таъсир этувчи омиллар бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:
21.1. Кўриб чиқилаётган счётлар бўйича қолдиқларнинг муҳимлилик даражаси;
21.2. Айни бир текширув объектига нисбатан қўлланилган бошқа таҳлилий тартиб-таомилларнинг натижалари;
21.3. Таҳлилий тартиб-таомилларни бажаришда қўлланадиган кўрсаткичларнинг четга оғиш миқдорлари;
21.4. Таҳлилий тартиб-таомилларни бажаришда бухгалтерияга оид бўлмаган маълумотлардан фойдаланиш.
ТАҲЛИЛИЙ ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАРНИБАЖАРИШ НАТИЖАЛАРИ БЎЙИЧААУДИТОРНИНГ ҲАРАКАТЛАРИ
22. Бажарилган таҳлилий тартиб-таомилларнинг натижаси бўлиб аудитор томонидан хўжалик юритувчи субъект молиявий ҳисоботи кўрсаткичларидаги ғайриоддий четланишларнинг аниқлаш ҳисобланади.
23. Аудитор томонидан, бошқа манбалардан олинган далиллар билан тасдиқланмайдиган ғайриоддий четланишлар аниқланган ҳолатларда, у ўтказилган таҳлилий тартиб-таомилларнинг объективлиги ва ишончлилигига шахсан ишонч ҳосил қилиш учун уларни синчиклаб тадқиқ этиши керак.
24. Тадқиқот жараёни хўжалик юритувчи субъект раҳбариятини фикрини сўрашдан бошланиши керак. Жавоблар аудиторлик далиллари билан ёки аудиторнинг хўжалик юритувчи субъект фаолияти тўғрисидаги билимлари билан тасдиқланиши лозим. Аудитор, раҳбарият фикрини сўраш натижаларига асосланган бошқа аудиторлик тартиб-таомилларини ўтказиш имкониятларини ҳам кўриб чиқиши керак.
25. Ғайриоддий четланишлар миқдорини таҳлил этишда, аудитор, норматив ҳужжатларга асосланган мезоний қийматлардан фойдаланади. Агар ғайриоддий тафовутлар аудитор томонидан мақбул деб топилган даражадан ошиб кетса, бу ҳолда четланиш миқдори тадқиқ этилиши лозим. Бу миқдорни мутлақ қийматларда акс эттириш қийин бўлган ҳолларда аудитор фоизларда акс эттирилган миқдорлардан фойдаланади.
26. Ғайриоддий четланишлар таҳлили натижаларини, шунингдек, режалаштириш ва таҳлилий тартиб-таомилларнинг бажарилиши натижаларини аудитор текширув ўтказиш бўйича иш ҳужжатларида акс эттириши керак.
27. Таҳлилий тартиб-таомилларнинг натижаларини қуйидаги ҳолларда қўллаш керак:
27.1. Аудиторлик хулосасини тузишда зарур бўлган аудиторлик далилларини олиш учун;
27.2. Аудиторнинг иқтисодий субъект раҳбариятига аудитни ўтказиш натижалари бўйича ёзма ахборотини тайёрлаш учун.
КУЧГА КИРИШ САНАСИ
28. Мазкур Аудитнинг миллий стандарти 2000 йилнинг 1 январидан кучга киради.