Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН АВТОМОБИЛЬ ВА ДАРЁ ТРАНСПОРТИ АГЕНТЛИГИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 майдаги 271-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Транспорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 1 февралдаги ПФ-5647-сон Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Юк ва йўловчи ташиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 6 мартдаги ПҚ-4230-сон қарори)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Автомобиль ва дарё транспортини бошқаришни ташкил этиш даражасини ошириш ва бу фаолият устидан назоратни кучайтириш, автотранспорт хизматлари кўрсатиш бозорида рақобатни ривожлантириш, ҳаракат хавфсизлиги ва экологик талабларни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Республика «Ўзавтолицензия» бошқармаси базасида, уни «Ўзавтотранс» давлат корпорацияси таркибидан ажратган ҳолда, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги ташкил этилсин.
Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги:
ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради;
ўз тизимига Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бўлимларни олади.
2. Қуйидагилар Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
автомобиль ва дарёларда ташишларни ташкил этиш ва уларни такомиллаштириш юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш;
автомобиль транспортида юк ва йўловчилар ташиш бўйича лицензия фаолиятини ташкил этиш ва уни такомиллаштириш;
ҳаракат хавфсизлигини ва автомобиль транспортида аварияларни қисқартиришни таъминлаш ишларида қатнашиш;
автомобиль ва дарё транспорти хизматлари истеъмолчиларининг манфаатларини ҳимоя қилиш;
автомобиль ва дарё транспорти объектларидан фойдаланишда экология нормалари ва талабларига риоя қилинишини таъминлаш;
кемалар ва сузиб юрувчи қурилмаларни ҳисобга олиш, таснифлаш, рўйхатдан ўтказиш ва сертификация қилиш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги тизими ходимларининг чекланиш сони 80 киши, шу жумладан, Агентлик марказий аппарати ходимлари сони (хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари) 22 киши, ҳудудий бўлимлар ходимлари сони ҳар бир минтақада 4-5 кишидан иборат этиб белгилансин.
Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигига Агентлик бошлиғининг икки нафар ўринбосарига, шу жумладан бир нафар озод қилинган ўринбосарга, 7 кишидан иборат ҳайъатга эга бўлишига рухсат этилсин.
Белгилаб қўйилсинки:
Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги раҳбарлари лавозимга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланадилар;
Агентлик ҳудудий бўлимлари раҳбарлари лавозимга ҳокимият маҳаллий органлари билан келишилган ҳолда Агентлик бошлиғи томонидан тайинланадилар.
Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги бошлиғи мақомига, моддий, ижтимоий-маиший таъминот ва транспорт хизмати кўрсатилиши шарт-шароитларига кўра вазирга, бошлиқ ўринбосари вазир ўринбосарларига тенглаштирилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигига Вазирлар Маҳкамасининг Транспорт соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш комиссияси қарорига кўра мулкчилик шаклларидан қатъи назар, хўжалик юритувчи субъектларга улар томонидан автомобиль транспортида юк ва йўловчилар ташиш фаолияти амалга оширилиши учун махсус рухсатномалар (лицензиялар) бериш юзасидан операцияларни амалга ошириш ҳуқуқи берилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Ўзбекистон Автомобиль ва дарё транспорти агентлиги тўғрисидаги низом, Агентлик ва унинг марказий аппаратининг ташкилий тузилмаси, шунингдек Агентлик ҳудудий бўлимининг намунавий тузилмаси 1—4-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Белгилансинки, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ўз ваколатлари доирасида чиқарадиган норматив ҳужжатлари, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, автомобиль ва дарё транспорти хизматлари кўрсатувчи ёки улардан фойдаланувчи барча юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурийдир.
7. Белгилаб қўйилсинки:
Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги харажатлари:
Вазирлар Маҳкамасининг «Транспорт ва алоқа соҳасида фаолият кўрсатиш ҳуқуқи учун давлат пошлинаси миқдорларини тасдиқлаш тўғрисида» 1997 йил 19 февралдаги 89-сон қарорига мувофиқ автомобиль транспорти хизмати кўрсатишга оид фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензиялар берганлик учун давлат божининг 20 фоизи миқдоридаги ажратмалар;
Кейинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг «Фаолиятнинг айрим турлари билан шуғулланиш учун махсус рухсатномалар (лицензиялар) бериш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 1994 йил 19 апрелдаги 215-сон қарорига мувофиқ лицензиялар берганлик учун йиғим (энг кам ойлик иш ҳақининг ярми миқдорида);
Кейинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг «Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслардан солиқлар ва йиғимлар ундиришни тартибга солиш тўғрисида» 1997 йил 23 октябрдаги 483-сон қарорига мувофиқ жисмоний шахслар томонидан йўловчилар ва юк ташиш ҳуқуқи амалга оширилишига лицензия берилганлиги учун давлат божи суммасининг 10 фоизи миқдоридаги ажратмалар ҳисобига амалга оширилади.
Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг харажатлар сметаси ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Агентлик бошлиғи томонидан тасдиқланади.
8. Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги Тошкент шаҳар, Амир Темур кўчаси, 1-тор кўчадаги 6-уйга жойлаштирилсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорларига мазкур қарордан келиб чиқиб кириталадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Л.А.Ахметов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
11 июль 1998 йил,
296-сон
Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги тўғрисида
НИ3ОМ
I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1. Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги (кейинги ўринларда «Агентлик» деб аталади) автомобиль ва дарё транспорти соҳасидаги давлат бошқаруви органи ҳисобланади, автомобиль ва дарё транспортидан фойдаланишда транспорт қонунчилигига, хавфсизлик қоидаларига ва экологик талабларга риоя қилинишини тартибга солади ва назорат қилади.
2. Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг бошқа қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига хамда мазкур Низомга амал қилади.
Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.
3. Агентлик ўзига юкланган вазифаларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси билан ўзаро ҳамкорликда ҳал қилади.
4. Агентлик юридик шахс ҳисобланади, тугалланган балансга, банк муассасасида ҳисоб-китоб ва валюта счётларига эга бўлади.
5. Агентлик Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган, ўз номи Ўзбекистон Республикаси давлат тилида ёзилган муҳрга эга бўлади.
II. АГЕНТЛИКНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ
6. Қуйидагилар агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
автомобиль ва дарёларда ташишларни ташкил этиш ва уларни такомиллаштириш юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш;
автомобиль транспортида лицензия фаолиятини ташкил этиш ва уни такомиллаштириш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
ҳаракат хавфсизлигини ва автомобиль транспортида аварияларни қисқартиришни таъминлаш ишларида қатнашиш;
автомобиль ва дарё транспорти хизматлари истеъмолчиларининг манфаатларини ҳимоя қилиш;
автомобиль ва дарё транспорти объектларидан фойдаланишда экология нормалари ва талабларига риоя қилинишини таъминлаш;
кемалар ва сузиб юрувчи қурилмаларни ҳисобга олиш, таснифлаш, рўйхатдан ўтказиш ва сертификация;
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси автомобиль ва дарё транспорти манфаатларини белгиланган тартибда халқаро ташкилотларда ифодалаш;
Агентлик ваколатига кирувчи масалалар бўйича бошқа давлатларнинг маъмуриятлари ва тузилмалари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
III. АГЕНТЛИКНИНГ АСОСИЙ ФУНКЦИЯЛАРИ
7. Юкланган вазифаларга мувофиқ Агентлик қуйидаги функцияларни бажаради:
Вазирлар Маҳкамасининг Транспорт соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш комиссияси қарорлари асосида, мулкчилик шакллари ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар, юридик шахсларга, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган жисмоний шахсларга автомобиль транспортида юк ва йўловчилар ташиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи махсус рухсатномалар (лицензиялар) бериш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
Мулкчилик шакллари ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар, юридик шахслар, шунингдек, жисмоний шахслар томонидан автомобиль ва дарё транспортининг фаолият кўрсатиш тартибини белгиловчи қонун ҳужжатларига риоя қилинишини назорат қилиш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кемалар ва сузиб юрувчи қурилмаларни ҳисобга олиш, таснифлаш, рўйхатдан ўтказиш ва сертификация қилиш;
давлат бошқаруви органларининг кўриб чиқиши учун автомобиль ва дарё транспорти фаолиятининг норматив базасини такомиллаштириш, ишлаб турган халқаро автомобиль йўлакларидан самарали фойдаланиш ва уларнинг янгиларини барпо этиш юзасидан таклифлар киритиш;
вазирликлар ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини, дастурларни, шунингдек, унинг фаолиятига тегишли бўлган тармоқларни ривожлантиришга оид бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини эксперт баҳолаш ва келишиб олиш;
автомобиль ва дарё транспортини ривожлантириш концепциясини ва миллий дастурларини ишлаб чиқишда қатнашиш ва уларни амалга ошириш;
амалдаги қонун ҳужжатлари ва халқаро талабларга мувофиқ автомобиль ва дарё транспорти масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси норматив ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва уларни белгиланган тартибда тасдиқлаш;
автомобиль ва дарё транспортидан фойдаланиш соҳасида халқаро битимлар ва шартномаларни ишлаб чиқишда республика номидан қатнашиш;
кемалар ва сузиб юрувчи қурилмаларни лойиҳалаш, улардан фойдаланиш, уларни тугатиш ва қайта жиҳозлашда сувда инсон ҳаёти ҳимоя қилинишини ва кемаларнинг бехатар сузишини таъминловчи талабларнинг бажарилишини ташкил этиш ва назорат қилиш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
IV. АГЕНТЛИКНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ
8. Агентлик қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:
Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ ўз ваколатлари доирасида, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, йўловчилар, багаж, юк ташиш бўйича автомобиль ва дарё транспорти хизмати кўрсатувчи юридик ва жисмоний шахслар учун мажбурий бўлган норматив ҳужжатлар чиқариш. Агентлик қарорлари устидан белгиланган тартибда суд органларига шикоят қилиниши мумкин;
юридик ва жисмоний шахсларга автомобиль транспортида юк ва йўловчилар ташиш фаолиятини амалга ошириш бўйича берилган махсус рухсатномалар (лицензиялар) шартларига улар томонидан риоя қилинишини назорат қилиш, Вазирлар Маҳкамаси Комиссиясига, мулкчилик шакллари ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар, юридик шахсларни, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахсларни лицензия нормалари ва қоидаларини бузганлик учун лицензиялардан маҳрум этиш ёки бузилишлар бартараф этилгунга қадар уларнинг амал қилишини тўхтатиб қўйиш тўғрисида тақдимномалар киритиш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар, Тошкент шаҳар маҳаллий ижро этувчи органларига, вазирликлар, идоралар, солиқ ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига айбдорларни Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарликка тортиш, шунингдек, транспорт ҳодисаларининг, автомобиль ва дарё транспортидан фойдаланиш қоидалари, экологик нормалар ва талаблар бузилишининг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида таклифлар киритиш;
автомобиль ва дарё транспорти фаолиятини тартибга солувчи транспорт қонунчилиги қоидаларини таҳлил қилиш ва такомиллаштириш масалалари бўйича мутахассисларни жалб этиш;
юридик ва жисмоний шахслардан ўз функцияларини бажариш учун зарур бўлган автомобиль ва дарё транспорти соҳасидаги ахборотларни олиш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
V. АГЕНТЛИКНИ БОШҚАРИШ
9. Агентликка Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланадиган бошлиқ бошчилик қилади.
10. Агентлик бошлиғи Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланадиган икки нафар ўринбосарга, шу жумладан, бир нафар озод қилинган ўринбосарга эга бўлади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
11. Агентликда таркибига Агентлик бошлиғи (ҳайъат раиси), лавозимлари бўйича бошлиқ ўринбосарлари, шунингдек, агентлик тизимининг бошқа раҳбар ходимлари кирувчи 7 кишидан иборат ҳайъат тузилади. Ҳайъатнинг шахсий таркиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ҳайъат қарорлари, одатда, Агентлик буйруқлари билан ҳаётга жорий этилади. Раис билан ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўлган ҳолларда раис пайдо бўлган келишмовчиликлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига маълум қилган ҳолда ўз қарорини ҳаётга жорий этади, ҳайъат аъзолари ҳам, ўз навбатида, ўз фикрларини Вазирлар Маҳкамасига маълум қилишлари мумкин.
12. Қорақалпоғистон республика, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлимларига маҳаллий ҳокимият органлари билан келишган холда Агентлик бошлиғи томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан бўшатиладиган бошлиқлар бошчилик қиладилар.
13. Ҳудудий бўлимлар, бўлинмалар, хизматлар бошлиқлари ва бошқа ходимлар вазифаларини Агентлик бошлиғи томонидан тасдиқланадиган бўлимлар, бўлинмалар, хизматлар ва уларнинг лавозим йўриқномалари тўғрисидаги низомларга мувофиқ бажарадилар ва жавоб берадилар.
14. Агентлик марказий аппаратининг ташкилий тузилмаси ва ходимларининг чекланган сони Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан, унинг ҳудудий бўлимларининг тузилмаси ва штатлар жадвали — Агентлик бошлиғи томонидан тасдиқланади.
15. Агентлик ва унинг ҳудудий бўлимлари фаолиятини маблағ билан таъминлаш лицензиялар берганлик учун давлат божи ва лицензия йиғимларидан ажратмалар ҳисобига амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
VI. АВТОМОБИЛЬ ВА ДАРЁ ТРАНСПОРТИ АГЕНТЛИГИ БОШЛИҒИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ ВА ҲУҚУҚЛАРИ
16. Агентлик бошлиғи мазкур Низомга мувофиқ:
Ўзбекистон Республикаси автомобиль ва дарё транспорти фаолиятига оид Агентлик томонидан ишлаб чиқиладиган норматив ҳужжатларнинг сифати;
Ўзбекистон Республикаси автомобиль ва дарё транспорти фаолиятини тартибга солувчи норматив ҳужжатлар талабларининг бажарилиши;
Ўзбекистон Республикаси автомобиль ва дарё транспорти фаолияти масалалари бўйича Агентлик томонидан бериладиган маълумотларнинг ишончлилиги учун жавоб беради.
17. Агентлик бошлиғи:
Агентлик фаолияти масалалари юзасидан ўз ваколатлари доирасида буйруқлар, фармойишлар чиқариш;
автомобиль ва дарё транспорти фаолияти масалалари юзасидан бошқа давлат тузилмалари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;
автомобиль ва дарё транспорти корхоналари ва ташкилотларининг мансабдор шахсларига улар томонидан амалдаги қонун ҳужжатларига ва берилган махсус рухсатномалар (лицензиялар) шартларига риоя қилиниши тўғрисида белгиланган тартибда ёзма кўрсатмалар бериш ва уларнинг белгиланган муддатларда бажарилишини талаб қилиш;
автомобиль ва дарё транспорти корхоналари ва ташкилотларининг мансабдор шахсларидан Агентликка юкланган функцияларнинг бажарилиши учун зарур бўлган ахборотлар, ҳужжатлар, тушунтиришлар ва материалларни олиш;
Агентлик ходимлари умумий сони доирасида унинг таркибига кирувчи ҳудудий бўлимлар, бўлинмалар, хизматлар ходимлари сонини тартибга келтириш ҳуқуқига эгадир.
VII. АГЕНТЛИКНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ
18. Агентлик ўзига юкланган вазифаларнинг ва ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
VIII. АГЕНТЛИК ФАОЛИЯТИНИ ТЎХТАТИШ
19. Агентликни қайта ташкил этиш ва тугатиш амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги ташкилий тузилмаси
Ҳаммаси: 80 киши.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги марказий аппаратининг ташкилий тузилмаси
Ҳаммаси: 22 киши.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги ҳудудий бўлимининг намунавий тузилмаси
Кейинги таҳрирга қаранг.