Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«ЎЗБЕКИСТОН ҲАВО ЙЎЛЛАРИ» МИЛЛИЙ АВИАКОМПАНИЯСИ ТИЗИМИДА КАДРЛАР БИЛАН ИШЛАШНИ ЯХШИЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясида ўтказилган текшириш натижасида кадрларни режа асосида тайёрлаш, қайта тайёрлаш, танлаш, улар захирасини шакллантириш ва уларни жой-жойига қўйиш масалаларида камчиликлар аниқланди. Кейинги йилларда кадрлар қўнимсизлиги тенденцияси юзага келди. Фуқаро авиациясида тажрибага эга бўлмаган ходимларни захирага қўшиб қўйиш ҳоллари мавжуд. Дирекция аппаратининг раҳбарлик лавозимларига ўрта маълумотга эга бўлган мутахассислар тайинланган.
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясида кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишни ташкил этишни яхшилаш ва уни такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси бош директори вазифасини бажарувчи А. Ғ. Рўзметов кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш интизомини бузганлиги учун Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан интизомий жавобгарликка тортилганлиги;
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясини текшириш якунлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг раҳбар ходимлари иштирокида компания бошқаруви кенгашининг кенгайтирилган мажлисида муҳокама қилинганлиги, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тадбирлар белгиланганлиги ва амалга оширилаётганлиги, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясининг тегишли буйруғи чиқарилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси бош директори вазифасини бажарувчи (Рўзметов):
текширишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан белгиланган тадбирларнинг бажарилиши устидан амалий назоратни таъминласин;
Ўзбекистон Республикаси Президенти Аппарати билан келишилган ҳолда бошқарув кенгашида компания аппарати ва компанияга қарашли корхоналар раҳбарлик лавозимларини алмаштириш учун кадрлар захирасини бир ой муддатда тасдиқласин.
3. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси марказий аппарати раҳбар ходимларини, корхоналар ва таркибий бўлинмалар раҳбарлари ҳамда уларнинг ўринбосарларини навбатдан ташқари аттестациядан ўтказиш комиссияси 1-иловага мувофиқ ташкил этилсин ва аттестациядан ўтказиши жадвали 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1-2-иловалар берилмайди.
4. Аттестация комиссияси бир ҳафта муддатда:
ўқитиш учун малакали мутахассислар ва олимларни жалб этган ҳолда (навбатдан ташқари аттестациядан олдин) ўқитиш мавзуи режасини;
навбатдан ташқари аттестациядан ўтказиш тартибини, фуқаро авиациясида иқтисодий ислоҳатларни амалга оширишда кадрларнинг тутган ўрнини, унинг ишини ташкил этиш принциплари ва усулларини, бозор ислоҳотлари шароитларида унинг фаолият кўрсатишининг қонунчилик-ҳуқуқий асосларини ёритувчи масалалар рўйхатини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси (Рўзметов), Мудофаа вазирлиги (Турсунов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Ғуломов), «Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси» давлат-акциядорлик жамияти (Кучеров)нинг Тошкент давлат авиация институти, Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти, «Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси» давлат-акциядорлик жамияти ўқув маркази, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясининг ўқув-машқ қилиш маркази ва Ўзбекистон Республикаси мудофаага ёрдам берувчи «Ватанпарвар» ташкилотининг базасида Ўзбекистон Республикаси авиацияси эҳтиёжлари учун кадрлар тайёрлаш ва уларни қайта тайёрлашга оид таклифлари 3-иловага* мувофиқ қабул қилинсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги (Турсунов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Ғуломов) 1998 йил 1 сентябргача Тошкент давлат авиация институтининг авиация мутахассисликлари бўйича захирадаги офицерлар тайёрловчи зарур даражада кенгайтирилган ҳарбий кафедрасини ташкил этсин.
7. Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги (Ғофуров), Молия вазирлиги (Сайфуддинов) 1999 ва кейинги йиллар учун инвестиция дастурини шакллантиришда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига Тошкент давлат авиация институтининг янги ўқув-лаборатория комплекси қурилиши ва спорт комплекси қурилишини тугаллаш учун маблағ билан таъминлашнинг марказлаштирилган манбалари лимитларини мақсадли ажратишни назарда тутсинлар.
8. Молия вазирлиги (Сайфуддинов) 1999 ва кейинги йиллар учун республика бюджетини шакллантиришда ностандарт асбоб-ускуналар ва жиҳозлар сотиб олиш, шунингдек, Тошкент давлат авиация институти биноларини, иншоотларини ва муҳандислик коммуникацияларини мукаммал тузатиш учун маблағлар ажратишни назарда тутсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9. Молия вазирлиги (Сайфуддинов), «Устоз» (Ғуломов) ва «Умид» (Азимов) республика жамғармалари Тошкент давлат авиация институти илмий кадрларини тайёрлаш ва унинг профессор-ўқитувчилари таркибини 4-иловага* мувофиқ қайта тайёрлаш учун тенг улушларда зарур маблағлар ажратсинлар.
* 4-илова берилмайди.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазирнинг ўринбосари Л. А. Ахметов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1998 йил 10 июл,
295-сон