Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«ЭКОСАН» ХАЛҚАРО ЭКОЛОГИЯ ВА САЛОМАТЛИК ЖАМҒАРМАСИНИ ДАВЛАТ ТОМОНИДАН ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ТЎҒРИСИДА
Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Маълумот учун қабул қилинсинки, «Экосан» халқаро экология ва саломатлик жамғармаси Ўзбекистоннинг ва бутун Марказий Осиё минтақасининг экологик ҳолатини яхшилашга, атроф муҳитни муҳофаза қилишга, аҳолининг саломатлигини ҳимоя қилишга ва генофондни сақлаб қолишга қаратилган дастурлар ва лойиҳалар рўёбга чиқарилишини амалга оширмоқда.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, олий ва ўрта махсус ўқув юртларига эга бўлган вазирликлар ва идоралар олий ва ўрта махсус ўқув юртларининг ўқув режалари, дастурлари ва методик қўлланмаларига экология бўйича курсларни киритсинлар.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги мактабларнинг ўқув дастурларига экологик тарбия дарсларини киритсин.
3. «Экосан» халқаро экология ва саломатлик жамғармасининг хайрия фаолиятини кенгайтириш мақсадида унга қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
лотереялар ташкил этиш, жамғарма тушган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши тўғрисида кенг ахборот берилишини таъминлашидан келиб чиққан ҳолда унга қарашли корхоналар ва ташкилотлар томонидан шартнома асосида белгиланадиган нархлар ва тарифлар бўйича унинг фаолияти ихтисосига жавоб берувчи маҳсулотлар ва буюмлар ишлаб чиқариш, шунингдек, кўргазмаларга, санъат усталарининг чиқишларига ва бошқа тадбирларга кириш чипталари чиқариш;
Жамғарманинг корхоналари ва ташкилотларининг валюта ажратмалари доирасида амалдаги қонунчилик билан белгиланган тартибда уларнинг товарлари ва хизматларини экспорт ва импорт қилишни амалга ошириш;
қўшма корхоналар, халқаро бирлашмалар ва ташкилотлар ташкил этиш, Ўзбекистон Республикаси вазирликлари ва идоралари учун белгиланган тартибда хорижий ташкилотлар билан биргаликда қўшма тадбирларни амалга ошириш;
4. Ташқи ишлар вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, «Ўзулгуржибиржасавдо» уюшмаси ва Ўзбекистон Республикаси Тадбиркорлар уюшмаси халқаро ташкилотлар, молиявий институтлар, чет эл фирмалари, шу жумладан савдо - иқтисодий фирмалар билан алоқалар ўрнатилишида, шунингдек республиканинг экологик аҳволини яхшилашга қаратилган лойиҳаларни маблағ билан таъминлаш ва амалга ошириш учун инвесторлар жалб этилишида «Экосан» жамғармасига ҳар томонлама кўмаклашсинлар.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари бир ой муддатда «Экосан» жамғармаси марказий аппаратини, вилоят, шаҳар ва туман бўлинмаларини жойлаштириш учун жой ва ер участкалари ажратсинлар ҳамда уларни телефонлаштириш масалаларини ҳал этсинлар.
6. Ўзбекистон Республикаси Давлат телерадиокомпанияси, Давлат матбуот қўмитаси, республика ва вилоят газеталари таҳририятлари Жамғарманинг мақсадлари, вазифалари ва фаолиятини кенг ёритиш учун телевидение ва радио дастурларига, босма нашрларга «Экология ва саломатлик» ва «Экосан хабарномаси» махсус рукнини жорий этсинлар.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ижтимоий масалалар, фан ва маданият мажмуига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. МУТАЛОВ
Тошкент ш.,
1994 йил 17 ноябрь
556-сон