ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ТАЪЛИМ, ФАН ВА ИННОВАЦИЯЛАР ВАЗИРИНИНГ
БУЙРУҒИ
Ўрта махсус таълим ташкилотларида якуний давлат аттестациясини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 19 мартда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2011-5]
1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг 2009 йил 4 сентябрдаги 39/ҚҚ ва 27/ҚҚ-сон қарори (рўйхат рақами 2011, 2009 йил 6 октябрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 41-сон, 443-модда) билан тасдиқланган Ўрта махсус таълим ташкилотларида якуний давлат аттестациясини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир К. ШАРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 10 март,
100-сон
Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг 2026 йил 10 мартдаги 100-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўрта махсус таълим ташкилотларида якуний давлат аттестациясини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган қўшимча ва ўзгартиришлар
1. 25-банд қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Хорижий тиллар ва умумтаълим фанларини билиш даражасини белгиловчи миллий ва халқаро тан олинган сертификатга эга бўлган ўқувчилар тегишли якуний аттестация топшириладиган фандан давлат имтиҳонларини топширмайди ва уларга максимал балл берилади.».
2. 30-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«30. Якуний аттестацияни уч йил мобайнида ҳам топширмаган ўқувчилар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 140-сон қарори билан тасдиқланган Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомга мувофиқ, давлат таълим стандартлари доирасида умумий ўрта таълим дастурларини мустақил ўзлаштирган ҳолда экстернат тартибида якуний аттестациясини топшириш ҳуқуқига эга бўлади.
Якуний давлат аттестациясини экстернат тартибида муваффақиятли топширган ўқувчиларга белгиланган тартибда ўрта таълим тўғрисидаги давлат намунасидаги шаҳодатнома берилади.».
3. 33-бандда:
қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Бунда она тили ва адабиёт ҳамда тарих фанлари чуқурлаштириб ўқитиладиган таълим йўналишларида она тили ва адабиёт ҳамда Жаҳон тарихи фанларидан оғзаки имтиҳонлар ҳам ўтказилади.»;
иккинчи хатбоши учинчи хатбоши деб ҳисоблансин.
4. 87-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«87. Якуний аттестация синовларида олган баҳосига эътироз билдирган ўқувчиларнинг аризаларини кўриб чиқиш учун таълим ташкилоти директорининг буйруғи билан тегишли олий таълим ташкилотининг профессор-ўқитувчилари ҳамда таълим ташкилотининг раҳбар ва педагог ходимлари таркибидан 5 кишидан иборат Апелляция комиссияси тузилади.
Апелляция комиссияси таркибидан комиссия раиси ва масъул котиб тайинланади.
Бир шахс бир вақтнинг ўзида Имтиҳон комиссияси ва Апелляция комиссияси аъзоси бўлиши мумкин эмас.».
5. 88-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«88. Ўқувчилар якуний аттестация синовларида олган баҳоларидан норози бўлган тақдирда давлат имтиҳони баҳолари эълон қилинган кундан бошлаб уч иш куни ичида Апелляция комиссиясига ёзма ёки электрон шаклда апелляция шикояти бериш ҳуқуқига эга.
Апелляция комиссияси апелляция шикоятини, у келиб тушган кундан бошлаб уч иш куни ичида кўриб чиқади.
Апелляция комиссияси апелляция шикояти қабул қилинганлиги ҳамда апелляция шикоятини кўриб чиқиш куни ва вақти тўғрисида ўқувчи ёки унинг ота-онаси ёхуд уларнинг ўрнини босувчи шахсларга хабарнома юборади.
Апелляция шикоятини кўриб чиқишда ўқувчи ёки унинг ота-онаси ёхуд уларнинг ўрнини босувчи шахслар иштирок этиш ҳуқуқига эга.».
6. Қуйидаги мазмундаги 881 — 885-бандлар билан тўлдирилсин:
«881. Апелляция шикоятини кўришда ўқувчиларнинг давлат имтиҳони натижасида олган балларини пасайтиришга йўл қўйилмайди.
882. Апелляция шикоятини кўриб чиқиш натижалари бўйича апелляция комиссияси томонидан қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:
давлат имтиҳони натижаларини ўзгаришсиз қолдириш;
давлат имтиҳони натижаларига ўзгартириш киритиш.
883. Давлат имтиҳони натижасини ўзгаришсиз қолдириш тўғрисидаги қарор апелляция шикоятида кўрсатилган далиллар ўз тасдиғини топмаган ҳолларда қабул қилинади.
Давлат имтиҳони натижаларига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қарор апелляция шикоятида кўрсатилган далиллар ўз тасдиғини топган ҳолларда қабул қилинади.
884. Ўқувчи Апелляция комиссияси йиғилишида бевосита иштирок этган тақдирда комиссия қарори шикоят кўриб чиқилган куннинг ўзида эълон қилинади.
Ўқувчи Апелляция комиссияси йиғилишида иштирок этмаган тақдирда комиссия қароридан кўчирма баённома расмийлаштирилган кундан бошлаб бир иш куни ичида ўқувчига юборилади.
885. Ўқувчи апелляция комиссияси қароридан норози бўлган тақдирда, юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиши мумкин.».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.03.2026 й., 10/26/2011-5/0268-сон)