Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасининг
қарори
Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 28 февралда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2606-10]
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 25 мартдаги ПФ-57-сон «Давлат божхона хизмати органларининг фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг 2014 йил 4 июлдаги 01-02/12-13-сон қарори (рўйхат рақами 2606, 2014 йил 5 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 32-сон, 411-модда) билан тасдиқланган Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси билан келишилган.
3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Раис А. МАВЛОНОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 12 февраль,
5-сон
Келишилди:
Миллий статистика қўмитаси раиси Б. ҲАМРАЕВ
2026 йил 19 январь
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасининг 2026 йил 12 февралдаги 5-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. 1-банднинг иккинчи хатбошисидаги «доимий яшаш жойи» деган сўзлар «яшаш жойи» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
2. 2-бандда:
қуйидаги мазмундаги саккизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Ўзбекистон Республикасига олиб киришда жисмоний шахслар томонидан товарларни олиб киришнинг божхона тўловлари ундирилмайдиган чекланган меъёрлардан қатъий назар мобил қурилмаларга, бундан мобил қурилмаларни халқаро ўзига хос идентификация кодлари бўйича рўйхатга олиш тизими операторининг базасида аввал рўйхатга олинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиб олинган мобил қурилмалар мустасно;»;
саккизинчи хатбоши тўққизинчи хатбоши деб ҳисоблансин.
3. 3-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«3. Декларация 16 ёшга тўлган шахслар томонидан мазкур Йўриқноманинг 2-бандида кўрсатилган ҳолларда тўлдирилади ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидаги ўтказиш пунктлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтаётганда товар(лар) билан бир вақтда тақдим этилади.».
4. 4-бандда:
биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«4. Декларация мазкур Йўриқноманинг иловасига мувофиқ қоғоз шаклда икки нусхада ёки электрон шаклда тўлдирилади. Қоғоз шаклдаги Декларациянинг бир нусхаси божхона органида қолади, иккинчи нусхаси эса Декларацияни тўлдирган шахсга берилади. Ушбу Декларацияда кўрсатилган маълумотлар Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютаси, нақд чет эл валютаси, бошқа валюта бойликлари, ҳар қандай кўринишдаги ва ҳолатдаги қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмлар (бундан буён матнда қимматбаҳо буюмлар деб юритилади), товарлар ҳамда транспорт воситасини олиб кириш ёки олиб чиқиш учун асос бўлиб хизмат қилади.»;
иккинчи хатбошидаги «бир нусхада» деган сўзлар «қоғоз шаклда бир нусхада» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Электрон шаклда тақдим этилган Декларация божхона расмийлаштирувидан ўтказилганидан сўнг Декларацияни тўлдирган шахс томонидан талаб этилган тақдирда божхона ходими томонидан бир нусхада чоп этиб берилиши мумкин.».
5. 5-бандда:
қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Декларациянинг электрон шакли мазкур Йўриқноманинг 6 — 12-бандлари талабларига мувофиқ божхона органларининг ахборот тизими орқали автоматик равишда А4 формат кўринишида шаклланади.»;
иккинчи хатбоши учинчи хатбоши деб ҳисоблансин;
учинчи хатбошидан «(www.bojxona.uz)» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
қуйидаги мазмундаги хатбошилар билан тўлдирилсин:
«Электрон шаклда тўлдирилган Декларация ким томонидан тўлдирилганлигидан қатъий назар мазкур Декларацияни божхона органларига ўз номидан тақдим этган шахс унда акс эттирилган маълумотларнинг тўғрилиги ва тўлиқлиги учун жавобгар ҳисобланади.
Агар электрон шаклдаги Декларация божхона органларининг ахборот тизимида қайд этилган кундан эътиборан ўттиз календар кун ичида унда кўрсатилган товарлар божхона органига божхона чегарасини кесиб ўтаётган вақтда тақдим этилмаган бўлса, Декларация берилмаган ҳисобланади ва автоматик тарзда бекор қилинади.».
6. 6-бандда:
иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Тегишли бандлардаги маълумотлар ўзбек (кирилл ёки лотин алифбосида), рус ёки инглиз тилларида қатъий белгиланган жойларга аниқ ва тушунарли тарзда киритилади. Бунда, маълумотлар қоғоз шаклдаги Декларацияда ручка билан қўлда ёзилади.»;
учинчи хатбошидаги «чизиш» деган сўз «киритиш» деган сўз билан алмаштирилсин.
7. 7-бандда:
«а» кичик банднинг тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«2-бандда шахс тўғрисидаги маълумотлар (фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, жинси, паспортининг (идентификация ID-картаси ёки Ўзбекистон Республикасига қайтиш гувоҳномасининг) серияси ва рақами), доимий яшаш мамлакати, фуқаролиги, бирга ҳаракатланаётган 16 ёшга тўлмаган шахслар мавжудлиги (уларнинг сони ва фамилияси, исми, отасининг исми ва паспорт (идентификация ID-картаси ёки Ўзбекистон Республикасига қайтиш гувоҳномасининг) маълумотлари);»;
«б» кичик банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Бунда «B» саҳифанинг 2 ва 3-бандларида назарда тутилган буюмлар (товарлар) 16 ёшга тўлмаган шахсларга тегишли бўлган ҳолларда мазкур бандларнинг «товар номи» ва «буюм номи» устунларига буюм (товар) эгасининг паспорт (идентификация ID-картаси ёки Ўзбекистон Республикасига қайтиш гувоҳномаси) рақами ҳам кўрсатилади.».
8. 71-банднинг иккинчи хатбошисидаги «идентификация ID-картасининг» деган сўзлар «идентификация ID-картаси ёки Ўзбекистон Республикасига қайтиш гувоҳномасининг» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
9. 10-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«10. Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ёзма декларацияланиши лозим бўлган Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютаси, нақд чет эл валютаси, бошқа валюта бойликлари, қимматбаҳо буюмлар, шунингдек товарлар тўғрисидаги маълумотлар қоғоз шаклдаги Декларациянинг «B» саҳифаси 1 — 3-бандларидаги сатрларга сиғмаган тақдирда, мазкур маълумотлар қўшимча қоғоз шаклдаги Декларациянинг «B» саҳифаси 1 — 3-бандларида кўрсатилади ва у асосий Декларацияга илова қилинади. Бунда, қўшимча қоғоз шаклдаги Декларациянинг «A» саҳифаси тўлдирилмайди.».
10. 12-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«12. Декларация Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютаси, нақд чет эл валютаси, бошқа валюта бойликлари, қимматбаҳо буюмлар, товарлар ҳамда транспорт воситасини божхона назоратига қоғоз шаклда тақдим этишга қадар ручка билан имзоланиши ёки электрон шаклда тўлдирилиб, тақдим этилаётган вақтда электрон рақамли имзо (қўл бармоқ изи, график имзо) билан тасдиқланиши керак.
Тўлдирилган Декларация уни ўз номидан тақдим этаётган йўловчи томонидан тасдиқланади (имзоланади).».
11. 13-банд «бир вақтда қабул қилинади» деган сўзлардан кейин «ва ахборот тизимида рўйхатга олинади» деган сўзлар билан тўлдирилсин.
12. Қуйидаги мазмундаги 131-банд билан тўлдирилсин:
«131. Декларация божхона органи томонидан рўйхатга олинган вақтдан бошлаб юридик аҳамиятга молик фактлардан далолат берувчи ҳужжатга айланади.».
13. 14-бандда:
биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«14. Қоғоз шаклдаги Декларацияда бўяб тузатишлар ва ўчириб ёзишлар бўлмаслиги лозим. Нотўғри тўлдирилган бандлар аниқланган тақдирда, Декларация божхона органига тақдим этилгунга қадар уни тўлдирган шахс ушбу бандлардаги хато маълумотларни тўғри чизиқ билан устидан чизиб, тегишли маълумотларни қўлда ёзиб тўғрилаши мумкин.»;
қуйидаги мазмундаги хатбошилар билан тўлдирилсин:
«Электрон шаклдаги Декларацияда ҳар қандай тузатишлар ушбу Декларация йўловчининг электрон рақамли имзоси (қўл бармоқ изи, график имзоси) билан тасдиқлангунга қадар амалга оширилиши лозим.
Қоғоз шаклдаги Декларацияни тақдим этиш жараёнида ёки электрон шаклдаги Декларация божхона органи томонидан рўйхатга олинганидан сўнг аниқланган техник хато ва камчиликлар божхона ходими томонидан тузатилиши мумкин. Бунда божхона тўловларини ҳисоблашга, тақиқ ва чекловларга, шунингдек божхона тўғрисидаги қонунчилик бузилишини келтириб чиқарадиган ҳолатларга дахлдор бўлган маълумотларга ўзгартириш киритишга йўл қўйилмайди.».
14. 15 — 17-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«15. Қоғоз шаклдаги Декларациянинг «B» саҳифаси 1 — 3-бандларидаги (товарлар тўғрисидаги маълумотлар қисми) ҳамда иловасининг 1-бандидаги ёзувлар божхона органи ходими томонидан бирор-бир ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини олдини олиш мақсадида ручкада узлуксиз чизиқ билан доирага олинади ҳамда ёзув учун назарда тутилган барча бўш жойлар эса чизиб қўйилади.
16. Декларацияни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш божхона органи ходими томонидан Декларациянинг «A» саҳифаси юқори ўнг қисми ва иловасига қоғоз шаклдаги Декларацияда шахсий муҳри ва имзоси билан ҳамда электрон шаклдаги декларацияда ўзининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган белги қўйиш орқали амалга оширилади.
17. Қоғоз шаклдаги Декларация йўқотилган тақдирда тикланмайди.
Қоғоз шаклдаги Декларация йўқотилган тақдирда декларацияловчи шахс Декларацияни божхона расмийлаштирувидан ўтказган божхона органига мурожаат қилганда, қоғоз шаклдаги Декларациянинг нусхасини ва унда кўрсатилган Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютаси, нақд чет эл валютаси, бошқа валюта бойликлари, қимматбаҳо буюмлар ҳамда товарларни олиб ўтилганлигини тасдиқловчи маълумотни олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Электрон шаклдаги Декларация божхона органларининг ахборот тизими орқали мустақил равишда юклаб олиниши ёки энг яқин ҳудудий божхона бошқармасига мурожаат қилган ҳолда олиниши мумкин.».
15. Илованинг «B» саҳифасида:
2-банднинг «Буюм номи» устуни «номи» деган сўздан кейин «(буюм эгасининг паспорт рақами)» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
3-банднинг «Товар номи» устуни «фарқлаш хусусиятлари,» деган сўзлардан кейин «товар эгасининг паспорт рақами,» деган сўзлар билан тўлдирилсин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.03.2026 й., 10/26/2606-10/0184-сон)