Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
УН ВА БУЛКА НОНИНИНГ ЧАКАНА НАРХЛАРИНИ ЎЗГАРТИРИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Донни сотиб олиш, уни ташиш ва қайта ишлаш нархларининг ошиб бораётганлиги муносабати билан, шунингдек, ички истеъмол бозорини ҳимоя қилиш, ун ва нондан тежамли ҳамда оқилона фойдаланиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. 1994 йилнинг 5 сентябридан бошлаб 1 килограмм уннинг чакана нархи ўртача 3,50 сўм ва 1 килограмм булка ноннинг чакана нархи 3,0 сўм этиб белгилансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
унинг ва булка ноннинг чиқарилаётган турларини ҳисобга олган ҳолда янги чакана нархларининг прейскурантларини, шунингдек, донни ва унни қайта баҳолаш тўғрисидаги кўрсатмани манфаатдор вазирликларга ва идораларга етказсин;
ун, нон ва нон-булка маҳсулотлари чакана нархларининг асосли шакллантирилиши устидан қатъий давлат назоратини таъминласин.
3. Ун, нон ва нон-булка маҳсулотларига бўлган талаб ва таклифини тенглаштириш, истеъмол бозоридан бу маҳсулотларга мувозанатлаштирилган нархларни белгилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги «Ўздонмаҳсулот» корпорацияси билан биргаликда бир ой муддатда ун ва булка ноннинг шартнома (эркин) нархларига ўтиш масаласини кўриб чиқсин ва ҳал қилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 28 июлдаги 384-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.МУТАЛОВ
Тошкент ш.,
1994 йил 2 сентябр,
444-сон