Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б. Захидовнинг «Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида 2025 йилнинг ўтган даври давомида амалга оширилган ишлар тўғрисида»ги ахбороти ҳақида
Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б. Захидовнинг «Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида 2025 йилнинг ўтган даври давомида амалга оширилган ишлар тўғрисида»ги ахборотини эшитиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, кейинги йилларда мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, меҳнат бозорини ислоҳ қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш шароитини яхшилаш, даромадини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масаласи нафақат ижтимоий соҳанинг, балки мамлакатнинг иқтисодий барқарорлигини, инсон капитали ривожини ва жамиятда ижтимоий адолатни таъминлашнинг энг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Хусусан, жорий йилда мамлакатимизда меҳнат муносабатларини тартибга солишга, бандликни таъминлашга ва камбағалликни қисқартиришга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг 2 та қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 3 та фармони ва 4 та қарори қабул қилинди.
Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 17 январдаги «2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-12-сонли Қарорида 2025 йилда 1,5 млн. нафар кишини камбағалликдан чиқаришга ва мазкур Қарорнинг ижроси доирасида камбағаллик даражасини 6 фоизгача қисқартиришга доир муҳим вазифалар белгилаб берилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 23 сентябрдаги ПФ-143-сонли Фармони билан тасдиқланган «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доирасида 712 мингта оила (2,9 млн. нафар фуқаро) Камбағал оилалар реестрига киритилган, шунингдек камбағалликдан чиқаришга қаратилган индивидуал режалар ишлаб чиқилган. Индивидуал режаларни рўёбга чиқариш доирасида 463 мингта камбағал оиланинг қарийб 2 млн. нафар аъзосига ўз даромадини оширишга қаратилган 791 мингтага яқин хизмат кўрсатилган.
Мазкур вазифаларни амалга ошириш доирасида 323 минг нафар фуқаро ишга жойлаштирилган, 420 мингта фуқаро тадбиркорлик фаолиятига жалб қилинган, 49 мингта фуқаро эса касб-ҳунар ва тадбиркорлик йўналишлари бўйича ўқитилган. Натижада Камбағал оилалар реестрида бўлган 437 мингта камбағал оила ёки 1,8 млн. нафар фуқаро расмий даромади ва молиявий аҳволи яхшиланганлиги сабабли камбағалликдан чиқарилган.
Ахборотга кўра, «Сайхунобод» тажрибаси бўйича «ҳоким ёрдамчилари» кўмагида маҳаллаларда қарийб 394 мингта микролойиҳа ишга туширилиб, 809 минг нафар фуқаро ҳамда «Зарбдор» тажрибаси бўйича ажратилган маблағлар доирасида 672 та йўналиш бўйича 60 минг нафар фуқаро даромадли иш билан таъминланган. «Уйчи» тажрибаси доирасида эса банклар томонидан ўз мижозлари билан 23 мингта учрашув ташкил этилиб, учрашувлар якунлари бўйича фуқароларнинг қарийб 100 мингта муаммоли масаласи ижобий ҳал этилишига эришилган.
Жорий йил бошидан мамлакатимизда ишсизлик кўрсаткичи 4,9 фоизга тушган, айниқса, Бухоро, Когон, Навоий, Зарафшон, Ғозғон, Самарқанд, Ширин шаҳарларида ишсизлик кўрсаткичи 4 фоиздан пасайиб, илк бор «табиий ишсизлик» даражасига яқинлашган. Иқтисодий шароити оғир бўлган Ховос, Мирзаобод, Оқолтин, Дўстлик, Пахтакор, Фориш, Бўстон, Вобкент, Миришкор, Мингбулоқ, Узун ва Пискент туманларида камбағал оилалар сонини 4,5 бараваргача камайтиришга эришилиб, илк бор 1 435 та маҳалла камбағалликдан ҳоли ҳудудга айлантирилган.
Шу билан бирга таҳлиллар соҳада айрим камчиликлар ва ҳал этилиши лозим бўлган масалалар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 19 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти бошчилигида ўтказилган камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича устувор вазифаларга бағишланган йиғилишда Узун туманида йил бошидан буён камбағаллик даражаси 10,5 фоиздан 3 фоизгача камайганлиги, Узун туманига нисбатан 4,5 баравар кўпроқ маблағ ажратилган Денов туманида эса туман ҳокимлиги бу борадаги ишларни ўз ҳолига ташлаб қўйганлиги оқибатида Камбағал оилалар реестрига киритилган 1200 та оиланинг даромадида ўзгариш бўлмаганлиги қайд этилган.
Шунингдек Чироқчи туманига маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш учун 309 млрд. сўм кредит ресурси ажратилган бўлса-да, мутасаддилар томонидан фуқароларга ўз имкониятларига яраша тайёр лойиҳалар таклиф қилинмаганлиги, бу борадаги ишлар тўғри ташкил этилмаганлиги натижасида маблағлар ўзлаштирилмай қолганлиги каби аҳоли бандлигини таъминлашга доир масалалар танқидий муҳокама қилинган.
Мамлакатимиздаги барча маҳаллалар учун янги лойиҳаларни шакллантириш ва молиялаштириш мақсадида тегишли банкирлар бириктирилган бўлса-да, айрим туманларда банкирлар давлат томонидан ажратилган молиявий ресурсларни самарасиз лойиҳаларга жалб этаётганлиги жиддий танқид остига олинган. Ўтган давр мобайнида камбағал оилаларнинг даромадини ошириш ва уларни камбағалликдан чиқариш мақсадида ишлаб чиқилган индивидуал режалар доирасида тегишли хизматлар кўрсатилиб, мазкур режалар барча ҳудудларда амалга оширилган бўлса-да, Қўшработ, Тўрткўл ва Бўстонлиқ туманларида ушбу режалар ижроси 90 фоизга ҳам таъминланмаган.
Камбағал оилалар реестрига киритилган 463 мингта оила камбағалликни қисқартиришга қаратилган хизматлар билан қамраб олинган. Аммо Чимбой, Тахиатош, Пастдарғом, Самарқанд туманларида оилаларни бундай хизматлар билан қамраб олиш даражаси 46 фоизга ҳам етмаган.
Бундан ташқари Камбағал оилалар реестрига киритилган 110 мингта оиланинг кредит, ссуда ёки субсидия каби молиявий воситалар орқали қўллаб-қувватланиши таъминланган бўлиб, бу борада энг паст кўрсаткич Янги Наманган, Чуст, Сўх туманларида ва Наманган шаҳрида қайд этилган.
Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларига Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси 333-моддасининг қўлланилиши юзасидан келиб чиқадиган меҳнат низолари билан боғлиқ 750 дан ортиқ мурожаат келиб тушган.
Хусусан, корхона тўловга қобилиятсиз бўлган даврда бундай корхонадан ходимларнинг иш ҳақи бўйича қарздорликларни ундириш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқишда судлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 333-моддаси қўлланилган ҳолда иш ҳақидан қарздорлик миқдори бир кунда 1,35 фоизга, бир ойда 41 фоизга, бир йилда эса 493 фоизга ошган миқдорда ҳисобланиши натижасида иқтисодий қийинчиликларга учраган корхоналарнинг тўловга қобилиятсизлиги янада ошмоқда.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б. Захидовнинг «Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида 2025 йилнинг ўтган даври давомида амалга оширилган ишлар тўғрисида»ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига:
жорий йил якунига қадар барча туман ва шаҳарларда аҳолини даромадли иш билан таъминлаш дастурини тўлиқ амалга ошириш, фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг даромадларини ошириш ҳамда ҳоким ёрдамчилари, маҳаллаларга бириктирилган банкирлар билан биргаликда аҳоли учун янги лойиҳалар яратиш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш чораларини кўриш;
камбағал оилаларнинг даромадини ошириш мақсадида уларни индивидуал режалар доирасида камбағалликни қисқартиришга қаратилган хизматлар билан тўлиқ қамраб олиш ҳамда кредит, ссуда ёки субсидия каби молиявий воситалар орқали қўллаб-қувватлаган ҳолда Камбағал оилалар реестридан чиқариш чораларини кўриш;
меҳнат муносабатларини такомиллаштиришга ва рақамлаштиришга доир чора-тадбирларни кучайтириш;
иқтисодий қийинчиликларга учраган корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 333-моддасига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклиф тайёрлаш;
қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича белгиланган вазифалар ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар устидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатсин.
4. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари М. Ходжаева зиммасига юклатилсин.
5. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Р. ХАКИМОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 23 декабрь,
1593-V-сон