Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири К. Шариповнинг «Коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурларининг ижроси ҳамда соҳада коррупция омилларини бартараф этиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахбороти ҳақида
Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири К. Шариповнинг «Коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурларининг ижроси ҳамда соҳада коррупция омилларини бартараф этиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахборотини эшитиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, кейинги йилларда мамлакатимизда олий таълим тизимида коррупцияга қарши курашиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда коррупцияга нисбатан муросасиз муҳитни шакллантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, коррупциянинг олдини олиш борасидаги ишлар натижадорлиги Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг жорий йил 5 март кунидаги кенгайтирилган йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев бошчилигида танқидий муҳокама қилиниб, устувор вазифалар белгилаб берилган эди. Мазкур устувор вазифалар ва топшириқларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан бир қатор тизимли чора-тадбирлар амалга оширилган.
Жумладан, олий таълим тизимида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳаси асосида комплаенс назорат тизими жорий этилган. Таълим ташкилотларининг ўқув дастурларини коррупцияга қарши курашиш бўйича мавзулар билан янада тўлдириш мақсадида барча олийгоҳларнинг ўқув дастурларига «Коррупциянинг моҳияти, оқибатлари ва унга қарши курашиш механизмлари» модули киритилган.
Олий таълим тизимида шаффофликни таъминлаш ва инсон омилини камайтириш мақсадида «HEMIS», diplom.edu.uz, vacancy.edu.uz каби ахборот тизимлари ишга туширилиб, уларга қарийб икки миллионга яқин олий маълумот ҳақидаги диплом маълумотлари киритилган.
Бундан ташқари соҳада жами 36 та ахборот тизими ишга туширилган ҳамда олий таълим муассасаларида «Регистратор офис»лар ташкил этилган бўлиб, бу орқали давлат хизматларининг 30 дан ортиқ тури «Ягона дарча» тамойили асосида электрон шаклда кўрсатилмоқда. Шунингдек талабаларнинг турар жойлари, стипендиялари каби маълумотларни сақловчи «EduBilling» тизимлари ишга туширилган.
Вазирлик тизимида бир қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилган «Ситуацион марказ» орқали масофавий аудит ҳамда ҳудудларда профилактик-назорат тадбирлари амалга оширилиб, жами 113,6 млрд. сўм миқдорга тенг молиявий хатоликларнинг ва самарасиз харажатларнинг олди олинган, 4,4 млрд. сўм миқдордаги маблағлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга оид материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган.
Ёшларда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, талабалар ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида тизимли равишда тарғибот тадбирлари ташкил этилган.
Коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий маданиятни ошириш мақсадида 2024-2025 йилларда 4,5 минг нафар ўқитувчи-ходимнинг ва 146 минг нафардан ортиқ талабанинг «Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси» электрон платформаси орқали махсус онлайн курсларда ўқитилиши таъминланган.
Шу билан бирга таҳлиллар соҳада ҳали ўз ечимини кутаётган айрим масалалар ва муайян камчиликлар ҳам мавжудлигини кўрсатмоқда.
Соҳани тартибга солувчи амалдаги айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда коррупцияга шарт-шароитлар яратувчи омиллар сақланиб қолмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 мартдаги 133-сонли Қарори билан тасдиқланган Илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси тўғрисидаги низомда илмий-тадқиқот лойиҳаси талабномасини дастлабки техник экспертизадан ўтказиш учун ўн беш кун муддат, илмий экспертизадан ўтказиш учун бир ой муддат, молиялаштириш бўйича қарор қабул қилиш учун ўн кун муддат белгиланган. Яъни мазкур жараён учун яхлит муддат эмас, балки ҳар бир босқич учун алоҳида муддат белгиланганлиги сабабли бир босқич тугаб, кейинги босқичга ўтилиши орасидаги вақт аниқ бўлмай қолмоқда. Бу эса амалиётда давлат буюртмаси доирасида илмий-тадқиқот лойиҳаларини шакллантириш жараёни узоқ муддатга чўзилишига олиб келади.
Шунингдек «HEMIS» ахборот тизими жорий этилган бўлса-да, мазкур ахборот тизими олий таълим муассасаларида тўлиқ ва самарали ишламаётганлиги кузатилмоқда.
Жорий, оралиқ ва якуний баҳоларни тизимга киритишда ҳам инсон омили сақланиб қолмоқда. Баҳолашнинг шаффофлиги ва холислигини таъминлаш назарда тутилганлигига қарамасдан ўқитувчилар томонидан қўйилган баҳолар ҳамда давомат маълумотларининг баъзида бошқа ходимлар томонидан ўзгартирилаётганлиги ҳоллари мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тақдим этган маълумотларга кўра, таълим муассасалари директорларини лавозимга тайинлашда шаффофлик таъминланмаган. Айрим олий таълим муассасаларида раҳбар ва ходимлар ўртасида қариндош-уруғчилик алоқалари мавжудлигига, яъни манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилмоқда.
Таҳлиллар соҳадаги коррупцияга оид жиноятларнинг аксарияти ўқишга киритиш, ўқишни бошқа йўналишга (таълим ташкилотига) кўчириш ва мол-мулкни талон-торож қилиш билан боғлиқ эканлигини, жумладан, тизим ташкилотларининг, олий ва касбий таълим муассасаларининг шартномалари манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда тузилаётганлигини кўрсатди.
Хусусан, давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилмасдан, танловлар бўйича эълонлар берилмасдан, ишлар, хизматларни харид қилишнинг рақобатга асосланган усуллари четлаб ўтилиб, бир турдаги ишлар, хизматлар сунъий тарзда қисмларга бўлинган ҳолда электрон дўкон орқали сотиб олиниб, шартномаларни расмийлаштириш ҳолларига йўл қўйилмоқда.
Вазирликда ва унинг тизимидаги ташкилотларда давлат хизматлари кўрсатиш ҳолати ўрганилганда 2024 йил ва 2025 йилнинг тўққиз ойи давомида 44 763 та қонун бузилиши ҳолларига йўл қўйилганлиги аниқланган. Уларнинг 40 779 таси муддатнинг бузилиши, 1 914 таси аризаларнинг асоссиз равишда рад этилиши ва 1 772 таси қонун ҳужжатлари талаблари бузилиши билан боғлиқ эканлиги маълум бўлган.
2024-2025 ўқув йилида талабалар турар жойига жойлашиш масаласида мурожаат қилган 39 361 нафар талабага нисбатан қонун бузилишига йўл қўйилганлиги ҳоллари аниқланган. Бундай ҳолат талабалар учун жиддий ноқулайликлар туғдириб, маиший коррупция ҳолатлари юзага келиши эҳтимолини оширмоқда.
Бу каби ҳолатлар юзасидан 203 нафар масъул ходим маъмурий жавобгарликка тортилган, вазирлик томонидан киритилган 56 та тақдимнома натижасида эса 5 нафар масъул ходим интизомий жавобгарликка тортилган.
Бундан ташқари прокуратура органлари томонидан 2025 йилнинг тўққиз ойи давомида соҳада 974 та қонун бузилиши ҳоллари аниқланиб, тегишли мансабдор шахсларнинг 142 нафари интизомий жавобгарликка ҳамда 126 нафари маъмурий жавобгарликка тортилган. Кўрилган чоралар натижасида 450 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири К. Шариповнинг «Коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурларининг ижроси ҳамда соҳада коррупция омилларини бартараф этиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги:
эшитув давомида қайд этилган камчиликларни бартараф этиш борасида аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш;
профессор-ўқитувчиларни ишга қабул қилишда «инсон омили»ни қисқартириш ҳамда танловларнинг очиқ ва шаффоф тизимини йўлга қўйиш;
ижроси ўз зиммасига юклатилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиб, уларда аниқланган коррупцияга шарт-шароитлар яратиб берувчи нормаларни бартараф этиш;
олий таълим жараёнларини бошқариш — «HEMIS» платформасини тўлиқ рақамлаштириш чораларини якунига етказиш;
вазирлик тизимидаги комплаенс назорат бўлимлари фаолиятини танқидий кўриб чиқиш ва соҳада коррупциянинг олдини олишда уларнинг ролини кучайтириш;
соҳада давлат харидларини амалга оширишда қонунчилик талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш бўйича алоҳида назорат тизимини жорий этиш;
давлат буюртмаси доирасида илмий-тадқиқот лойиҳаларини шакллантириш жараёнининг (лойиҳага оид талабномани тақдим этиш, дастлабки техник экспертизадан ўтказиш, илмий экспертизадан ўтказиш, молиялаштириш бўйича қарор қабул қилиш) давомийлиги муддатини аниқ белгилаш, лойиҳани баҳолаш ва рад этиш асослари аниқ кўрсатилишини таъминлаш чораларини кўрсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ҳамда Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси олий таълим тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурларининг ижроси ҳамда соҳада коррупция омилларини бартараф этиш борасида амалга оширилаётган ишлар устидан таъсирчан парламент назоратини амалга оширсин.
4. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Р. Хакимов зиммасига юклатилсин.
5. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Р. ХАКИМОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 23 декабрь,
1592-V-сон