Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири Б. Кудратходжаевнинг «Аҳолини ёнғинлардан муҳофаза қилиш, хусусан, ижтимоий соҳа объектларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида»ги ахбороти ҳақида
Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири Б. Кудратходжаевнинг «Аҳолини ёнғинлардан муҳофаза қилиш, хусусан, ижтимоий соҳа объектларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида»ги ахборотини эшитиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, кейинги йилларда «Ўзбекистон — 2030» стратегияси асосида мамлакатимизда табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, уларни бартараф этиш, шу жумладан фуқаро муҳофазасини, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, 2023 — 2025 йилларда соҳага доир жами 22 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг 1 та қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1 та фармони ва 7 та қарори, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 12 та қарори қабул қилинган.
Маҳаллаларда фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган техник-профилактик тадбирларни самарали амалга ошириш ҳамда аҳоли уйларида ёнғин, ис гази ва газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши билан боғлиқ ҳодисалар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида маҳаллаларнинг илмий асосланган ҳолда «қизил», «сариқ» ва «яшил» тоифаларга ажратилиши йўлга қўйилди.
Ёнғинларни барвақт аниқлашда замонавий технологиялардан фойдаланиш бўйича бир қанча лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги органлари инспекторларининг фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, фуқаро муҳофазаси ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш соҳаларидаги давлат назоратига оид вазифалари халқаро тажриба асосида бирлаштирилди.
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги органларининг инспекторлари томонидан аҳолини ёнғинлардан муҳофаза қилиш бўйича олиб борилган профилактика тадбирлари доирасида жорий йилда 79 434 та корхона ва ташкилотда (шу жумладан, давлат тасарруфидаги 58 284 та корхона ва муассасада, тадбиркорлик субъектларига тегишли 21 150 та объектда) текширувлар ўтказилган ҳамда мазкур корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларига тегишли тавсиялар берилган.
Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун 51 824 нафар мансабдор шахс ва фуқарога нисбатан 31,8 млрд. сўм миқдорида маъмурий жарималар солинган.
Ўтказилган давлат назорати тадбирлари доирасида аҳолида ёнғин, ис гази ва газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши билан боғлиқ ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилган хавфсизлик маданиятини шакллантириш мақсадида 127 мингга яқин учрашув ва давра суҳбати ўтказилиб, мазкур тадбирларда қарийб 5 млн. фуқаро қамраб олинган.
Давлат ёнғин назорати органлари томонидан ўтказилган назорат тадбирлари натижасида мактабгача таълим ташкилотларида ва умумий ўрта таълим мактабларида аниқланган 68 536 та қоидабузарликнинг 46,7 фоизи, олий ва ўрта махсус таълим ташкилотларида аниқланган 4 250 та қоидабузарликнинг 51,2 фоизи, шунингдек тиббиёт муассасаларида аниқланган 15 402 та камчиликнинг 47,3 фоизи бартараф этилган.
Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан олиб борилган ўрганишлар соҳадаги муаммолар тўлиқ ҳал этилмаганлигини, айниқса, ижтимоий соҳа объектларида камчиликларнинг катта қисми бартараф этилмай қолаётганлигини кўрсатди.
Жумладан, мактабгача таълим ташкилотларида ва умумий ўрта таълим мактабларида аниқланган камчиликларнинг 53,3 фоизи, олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида аниқланган камчиликларнинг 48,8 фоизи, тиббиёт муассасаларида аниқланган камчиликларнинг эса 52,7 фоизи ҳануз бартараф этилмаган бўлиб, бу ҳолат ёнғин хавфсизлигини таъминлаш учун маҳаллий бюджетлардан зарур маблағлар ажратилмаётганлиги билан ҳам боғлиқдир.
Масалан, маълумотларга кўра, 2024-2025 йилларда ёнғин хавфсизлиги бўйича талабларнинг давлат мактабгача таълим ташкилотларида ва умумий ўрта таълим мактабларида бажарилиши учун республика бўйлаб жами 208 тумандан (шаҳардан) фақатгина 98 тасида маҳаллий бюджетдан тегишли маблағлар ажратилган бўлиб, қолган ҳудудларда бундай маблағлар ажратилмаган.
Бироқ, тегишли мактабгача таълим ташкилотлари ва умумий ўрта таълим мактаблари раҳбарларига нисбатан 2024 йилда 3,4 млрд.сўм ва 2025 йилда 6,2 млрд. сўм жарима солинганлиги мазкур муаммога жиддий эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Шунингдек кейинги йилларда соҳага оид 20 дан ортиқ қонунчилик ҳужжати қабул қилинган бўлса-да, «Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 16 йил давомида янгиланмаган. Бу эса ёнғин хавфсизлиги соҳасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигига тўсиқ бўлмоқда.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири Б. Кудратходжаевнинг «Аҳолини ёнғинлардан муҳофаза қилиш, хусусан, ижтимоий соҳа объектларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида»ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига:
ижтимоий соҳа объектларида ва уй-жой секторида ёнғин, ис гази ва газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши билан боғлиқ ҳодисаларнинг олдини олиш йўналишида ҳамда бошқа йўналишларда профилактика ишларини, жумладан тарғибот ва тушунтириш ишларини тизимли равишда давом эттириш;
маҳаллаларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича профилактика ишларини ташкил этиш, шу жумладан хавфсизлик маданиятини ошириш борасидаги ишларни ҳар бир маҳалла, ҳар бир кўча ҳамда хонадонни қамраб олган ҳолда тизимли ва самарали равишда ташкил этиш;
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига ижтимоий соҳа объектларидаги ёнғин хавфсизлиги таъминоти учун маҳаллий бюджетдан зарур маблағлар ажратиш юзасидан таклифлар киритилишини таъминлаш бўйича зарур чоралар кўриш;
мактабгача таълим, умумий ўрта таълим ва соғлиқни сақлаш ташкилотларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш учун зарур бўлган моддий-техника базасини мустаҳкамлаш механизмини такомиллаштиришга оид таклифларни ишлаб чиқиб, ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш;
ёнғин хавфсизлиги тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш;
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги органларида коррупциянинг олдини олиш, шунингдек лицензия ёки рухсатнома олиш, текширув ва назорат жараёнларида шаффофликни таъминлаш, хизмат фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш;
ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича «маҳаллабай», «хонадонбай» ишлаш, рақамлаштириш ҳамда кадрларнинг билим ва кўникмаларини муттасил равишда ошириш ишларини давом эттириш тавсия қилинсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига маҳаллий бюджетни шакллантириш жараёнида ижтимоий соҳа объектларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш учун зарур бўлган маблағлар ушбу вазирликнинг ҳудудий бошқармалари томонидан инобатга олиниши ҳамда маҳаллий бюджет маблағлари мақсадли равишда ва ўз вақтида ажратилиши, улардан самарали фойдаланилиши устидан тизимли назорат ўрнатиш тавсия этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ёнғин хавфсизлиги соҳасида, хусусан, ижтимоий соҳа объектларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар устидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатсин.
5. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Р. Хакимов зиммасига юклатилсин.
6. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 17 декабрь,
1556-V-сон