Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 2025 йилдаги фаолияти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) 2025 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахборотини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши таъкидлайдики, ҳисобот даврида Қўмита томонидан халқаро парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш, парламентлараро дўстлик гуруҳлари фаолиятини фаоллаштириш, шунингдек мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги қонун ижодкорлигини ҳамда парламент назоратини амалга ошириш йўналишларига алоҳида эътибор қаратилган.
Қўмитанинг қонун ижодкорлиги йўналишидаги фаолияти янада фаоллашиб, Қўмита масъуллигида кўриб чиқилган 26 та қонун лойиҳасидан 25 таси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) томонидан қабул қилинган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилган.
Ушбу қонунлар ҳарбий хизматни самарали ташкил этиш ва ҳарбий ҳисоб тизимини такомиллаштириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жазони ижро этиш тизимини либераллаштириш, виждон эркинлиги ва диний соҳада давлат сиёсатини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш, шунингдек ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ва алоҳида тоифадаги шахслар, жумладан, жазони муддатидан илгари шартли озод этилган шахслар устидан назоратни такомиллаштириш каби муҳим масалаларга қаратилган.
Шунингдек Қатар, Озарбайжон, Бирлашган Араб Амирликлари, Қирғизистон ва Тожикистон билан икки томонлама шартномалар, Туркий давлатлар ташкилотига, Евросиё тараққиёт банки фаолиятига алоқадор битимлар, Халқаро метрик конвенция, Вена конвенцияси ҳамда Марказий Осиё — Хитой формати доирасидаги битим ратификация қилиниб, бу Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий стратегиясини мустаҳкамлашга, минтақавий ва глобал алоқаларни кенгайтиришга ҳамда ташқи сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга хизмат қилди.
Қўмита томонидан қонунларнинг ва қонуности ҳужжатларнинг ижросини таъминлаш бўйича бир қатор парламент назорати тадбирлари ўтказилган. Жумладан, 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш доирасида йўл-транспорт ҳодисалари сонини 2025 йилга қадар икки баравар қисқартиришга қаратилган вазифа юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги раҳбариятининг ахбороти эшитилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли тавсиялар берилган.
Қўмита таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирига хорижда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масаласида парламент сўрови юборилиб, унинг жавоби Қонунчилик палатаси мажлисида кўриб чиқилган.
Шунингдек Қўмита мажлисида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг «Жанубий Осиё ва Осиё — Тинч океани давлатлари билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахбороти эшитилди. Эшитув якунлари бўйича вазирликка мазкур ҳамкорликни кенгайтириш орқали инвестицияларни жалб этиш, савдо айланмасини ошириш ва минтақавий иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш юзасидан тегишли тавсиялар берилган.
Шу билан бирга Қўмита томонидан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида қўшинларнинг жанговар шайлиги ва ҳарбий хизматчиларнинг касбий ҳамда маънавий-руҳий тайёргарлиги бўйича қонун ҳужжатларининг ижроси Тошкент ҳарбий округи ҳудудидаги ҳарбий қисмлар ва муассасаларда ўрганилиб, натижалари Қўмита мажлисида муҳокама қилинган.
Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазирининг «Аҳолини ёнғинлардан муҳофаза қилиш, хусусан, ижтимоий соҳа объектларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида»ги ахбороти Қонунчилик палатаси мажлисида эшитилган.
Ҳисобот даврида Қўмита аъзолари томонидан жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган 348 та мурожаат белгиланган тартибда кўриб чиқилган, шунингдек қонунчиликни такомиллаштириш бўйича келиб тушган таклифлар алоҳида ўрганилган.
Қўмита фаолияти ҳақида кенг жамоатчиликни ўз вақтида хабардор қилиш, парламент назорати тадбирлари якунларини ҳамда Қўмита масъуллигида кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаларининг мазмун-моҳиятини аҳолига мунтазам равишда етказиб бориш мақсадида 15 та тадбир ўтказилган, шу жумладан 6 та давра суҳбати, 1 та семинар ва 1 та матбуот анжумани ташкил этилган. Ҳисобот даврида Қўмита аъзолари томонидан оммавий ахборот воситаларида Қўмита фаолияти юзасидан 2557 маротаба чиқиш қилинган.
Шу билан бир қаторда таҳлиллар Қўмитанинг ўтган даврдаги фаолияти давомида айрим камчиликларга йўл қўйилганлигини кўрсатмоқда.
Хусусан, қонун ташаббускорлиги борасидаги таклифларни кўпайтириш, ўз фаолият йўналишига доир қонунларнинг ижроси бўйича назорат-таҳлил тадбирларининг самарадорлиги ва натижадорлигини янада ошириш талаб этилмоқда.
Қўмита ташаббуси билан ўтказилган парламент назорати тадбирлари якунлари бўйича қабул қилинган қарорларнинг ижросини доимий равишда мониторинг қилиб бориш муҳим аҳамият касб этади.
Парламентлараро ҳамкорликни тизимли ривожлантиришга ва парламентлараро дўстлик гуруҳлари фаолиятини кучайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Шунингдек фуқаролар томонидан қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан берилаётган таклифларни бевосита улар иштирокида Қўмита мажлисларида муҳокама қилиш, жойларда аҳоли томонидан кўтарилаётган муаммоларни масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда кўриб чиқиш борасидаги ишларни янада кучайтириш зарур.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 2025 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси:
қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда ва Қўмита масъул бўлган қонун лойиҳаларини маромига етказишда мазкур лойиҳаларни Қўмита ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши йиғилишларида мунтазам равишда муҳокама қилиш, жамоатчиликнинг таклифлари ва фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олиш;
назорат-таҳлил тадбирларини ўтказишда халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги малакали мутахассисларни ҳамда мустақил экспертларни кенг жалб этиш;
давлат органлари раҳбарларининг халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги фаолияти юзасидан ахборотини эшитиб бориш амалиётини изчил давом эттириш;
мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда тизимли равишда давра суҳбатлари, семинарлар ва очиқ муҳокамалар ташкил этиб бориш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг Қўмита номига юборилган мурожаатларида кўтарилган долзарб муаммоларни ҳар томонлама таҳлил қилиш, мазкур муаммоларнинг келиб чиқиш сабабларини чуқур ўрганиш ҳамда уларга ечим топиш юзасидан мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан кўрилаётган чоралар устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш;
парламентлараро дўстлик гуруҳлари фаолиятини янада жонлантириш, хорижий давлатларнинг қонун чиқарувчи органлари билан мудофаа, хавфсизлик ва жамоат тартибини таъминлаш борасидаги ҳамкорликни кенгайтириш чораларини кўрсин.
3. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Р. Хакимов зиммасига юклатилсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 22 декабрь,
1577-V-сон