Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисини ўтказиш тўғрисида
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 16-моддасига, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси 2025 йил 23 декабрь куни ўтказилиши белгилансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартиби лойиҳасига қуйидаги масалалар киритилсин:
«Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги ҚЛ-162-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳақида (иккинчи ўқиш);
«Суд-экспертлик фаолияти тўғрисида»ги ҚЛ-136-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳақида (иккинчи ўқиш);
«Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги ҚЛ-120-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳақида («Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида») (иккинчи ўқиш);
«Экологик тоза ҳудудларнинг ҳуқуқий мақоми белгиланиши муносабати билан «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча киритиш ҳақида»ги ҚЛ-135-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси тўғрисида («Экологик тоза ҳудудларнинг ҳуқуқий мақоми белгиланиши ҳамда бир марталик пластик маҳсулотларни олиб кириш ва сотиш тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида») (иккинчи ўқиш);
«Ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳасидаги қонунчиликнинг Жаҳон савдо ташкилотининг Санитария ва фитосанитария чораларини қўллаш бўйича битимига мувофиқлаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ҚЛ-159-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси тўғрисида (биринчи ўқиш);
«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги ҚЛ-160-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳақида (биринчи ўқиш);
«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маърузани кўриб чиқиш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ҚЛ-161-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси тўғрисида (биринчи ўқиш);
Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири К. Шариповнинг «Коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурларининг ижроси ҳамда соҳада коррупция омилларини бартараф этиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахбороти ҳақида;
Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б. Захидовнинг «Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида 2025 йилнинг ўтган даври давомида амалга оширилган ишлар тўғрисида»ги ахбороти ҳақида;
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А. Худаяровнинг «Соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича қабул қилинган ривожлантириш дастурларида белгиланган вазифаларнинг ижроси тўғрисида»ги ахбороти ҳақида;
Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси У. Шадиевга «Сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган шаҳарларда туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақида.
3. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 22 декабрь,
1575-V-сон