Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Ж. Мирзамаҳмудовнинг «Энергия таъминоти барқарорлигини таъминлаш, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида»ги ахбороти ҳақида
Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Ж. Мирзамаҳмудовнинг «Энергия таъминоти барқарорлигини таъминлаш, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида»ги ахборотини эшитиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, кейинги йилларда мамлакатимизда энергетика соҳасини жадал ривожлантириш, энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш, шунингдек аҳолига ва иқтисодиёт тармоқларига етказиб бериладиган электр энергияси таъминотининг барқарорлиги ва узлуксизлигини таъминлаш, энергетика соҳасида аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда энергетика тизимига 35 млрд. АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициялар жалб этилиб, 9 минг мегаваттлик янги қувватлар ишга туширилди. Натижада электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 2017 йилдаги 60 млрд. киловатт-соатдан жорий йилда 85 млрд. киловатт-соатга етди. Эътиборли жиҳати шундаки, жами қуввати салкам 5 минг мегаватт бўлган қуёш ва шамол электр станциялари, жами қуввати 400 мегаватт бўлган гидроэлектр станциялари ишга туширилди.
Бундан ташқари аҳолининг уйларига, хусусий сектор ва ижтимоий соҳа объектларига жами қуввати 2 минг мегаватт бўлган кичик қуёш панеллари ўрнатилиб, жорий йилнинг ўзида қўшимча равишда 2 млрд. киловатт-соатга яқин муқобил энергия ишлаб чиқарилишига эришилди. Шунингдек ҳудудларда 69 минг км узунликдаги электр тармоқлари, жами ҳисобда 14 мингта трансформатор ва юқори кучланишли подстанция янгиланди.
Энергетика соҳасидаги бундай ўзгаришлар маҳаллий корхоналар ривожига ҳам катта туртки бермоқда. Ушбу корхоналар томонидан янги қурилаётган электр станциялари ва тармоқларига йил бошидан буён 700 млн. АҚШ доллари миқдоридаги қурилиш материаллари, металл конструкциялар, кабел ўтказгичлар, электр қурилмалари етказиб берилди, лойиҳалаш-муҳандислик ва қурилиш хизматлари кўрсатилди. Масалан, Норин каскад гидроэлектр станциясининг 38 мегаватт қувватга эга бўлган илк гидроэлектр станцияси тўлиқ маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланилган ҳолда барпо этилди.
Тақдим этилган ахборотга кўра, жорий йил январь — ноябрь ойлари давомида ёқилғи-энергетика тармоғида жами 8,8 млрд. АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициялар, шундан электр энергетикаси бўйича 6,3 млрд. АҚШ доллари, шу жумладан яшил энергия лойиҳалари бўйича 4,7 млрд. АҚШ доллари ва нефт-газ соҳаси бўйича 2,5 млрд. АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициялар ўзлаштирилди.
Бугунги кунда республика бўйича жами 148 та электр станцияси мавжуд бўлиб, уларнинг жами қуввати 25 797 мегаваттни ташкил этади. Ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш мақсадида мамлакатимизда бир қанча электр станциялари ишга туширилмоқда. Жумладан, 2016 йилда республикада жами 14,2 гигаватт ишлаб чиқариш қувватлари мавжуд бўлган бўлса, бугунги кунга келиб, ушбу кўрсаткич 25,8 гигаваттни ташкил этади. Қувватларнинг қарийб 31 фоизи қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобига тўғри келмоқда.
Куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида ҳудудларда жами 787 км узунликдаги магистрал ва 29,5 минг км узунликдаги тақсимловчи тармоқлар, 9 та магистрал подстанциядаги трансформаторлар ва 10 270 та трансформатор пункти мукаммал таъмирланди. Шу жумладан Тошкент шаҳри бўйича жами 863,1 км узунликдаги тақсимловчи тармоқлар, 1 та магистрал подстанциядаги трансформатор ва 670 та трансформатор пункти мукаммал таъмирланди. Бундан ташқари жами 7,5 минг км узунликдаги электр тармоқлари ва 1 748 та трансформатор пункти реконструкция ва модернизация қилинди.
Ахборотга кўра, республика бўйича 279 та авариявий бригада ташкил этилиб, уларга 224 та автотранспорт ва 279 та махсус техника воситаси бириктирилди ҳамда мазкур бригадалар 616 та пайвандлаш аппарати билан таъминланди.
Газ етказиб бериш тизимининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида 70,9 км узунликдаги қувурларнинг носоз қисмлари алмаштирилди, 3 591,4 км узунликдаги қувурлар тозаланди, 91 та компрессор станциясидаги газ ҳайдаш агрегатлари таъмирланди.
Истеъмолчиларнинг газ таъминотини яхшилаш мақсадида 553,1 км узунликдаги тармоқлар ва 971 та газ тақсимлаш пункти мукаммал таъмирланди ҳамда 50 195 та газ тақсимлаш пункти техник тафтишдан ўтказилди. Тошкент шаҳри бўйича истеъмолчиларнинг газ таъминотини яхшилаш мақсадида 9,8 км узунликдаги тармоқлар ва 181 та газ тақсимлаш пункти мукаммал таъмирланди ҳамда 3 641 та газ тақсимлаш пункти техник тафтишдан ўтказилди.
Соҳада амалга оширилаётган ижобий ишлар билан бир қаторда ҳал этилиши лозим бўлган масалалар ҳам мавжуд.
Жумладан, 2025 йилда ишга туширилиши лозим бўлган лойиҳалар тўлиқ ишга туширилмаган. Бу эса режалаштирилган янги қувватларнинг ишга тушишини кечиктириб, мавжуд тармоқларнинг юкламаси ортишига сабаб бўлиши мумкин.
Соҳада кўмир, мазут ва табиий газдан фойдаланиш ҳажми сезиларли даражада сақланиб қолмоқда. Бу эса, ўз навбатида, атмосферада зарарли газлар ҳажмининг ошишига, атроф-муҳитга салбий таъсирнинг кучайишига олиб келмоқда. Шунингдек электр энергия ишлаб чиқаришда кўмир ва табиий газдан фойдаланилганда атмосфера ҳавосига чиқариладиган зарарли моддалар миқдорини Париж битими доирасида 2035 йилгача зарарли газлар эмиссиясини 50 фоизга қисқартириш юзасидан мамлакатимиз ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятдан келиб чиққан ҳолда, янада камайтириш бўйича қатъий чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқ.
Таҳлилларга кўра, соҳада магистрал электр тармоқларига эътиборни кучайтириш лозим. Бугунги кунда магистрал электр тармоқларида эскирган тармоқлар улуши 44 фоизни, эскирган подстанциялар эса 55 фоизни ташкил этмоқда. Бу эса электр энергиясини узатишдаги узилишларга, қувватларнинг камайишига ҳамда авариялар хавфининг ошишига олиб келиши мумкин.
Бундан ташқари энергетика соҳасининг миллий иқтисодиётдаги ўрни ва юкламасидан келиб чиқиб, малакали кадрлар масаласи доимо долзарб ҳисобланади. «Яшил» энергетикага ўтиш босқичида кадрларнинг малакаси юқори бўлиши, замонавий технологияларга оид билимларни чуқур эгаллаган бўлиши талаб этилади. Шу сабабли кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, назария ва амалиёт уйғунлигини кучайтириш бўйича аниқ ва самарали чора-тадбирлар белгилаш талаб этилади.
Шу билан бирга жорий йилда ўзлаштирилиши белгиланган инвестицияларнинг тўлиқ ўзлаштирилишида кечикишлар кузатилмоқда. Маблағларнинг ўз вақтида ўзлаштирилмаслиги соҳада модернизация жараёнларининг чўзилишига, янги қувватларнинг ўз вақтида ишга туширилмаслигига ҳамда соҳани ривожлантириш бўйича белгиланган кўрсаткичларга эришишда камчиликлар юзага келишига сабаб бўлмоқда.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Ж. Мирзамаҳмудовнинг «Энергия таъминоти барқарорлигини таъминлаш, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида»ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигига:
аҳолининг ҳамда иқтисодиёт тармоқларининг энергия ресурсларига нисбатан тобора ўсиб бораётган талабларини тўлиқ қаноатлантириш, электр энергияси таъминотининг барқарорлиги ва узлуксизлигини таъминлаш бўйича тизимли ва стратегик чора-тадбирлар дастурини қатъий амалга ошириш;
ҳудудлардаги эскирган электр тармоқларини, трансформаторларни ва юқори кучланишли подстанцияларни замонавий, энергия тежовчи технологиялар асосида тўлиқ янгилаш жараёнини жадаллаштириш;
энергия ишлаб чиқариш, узатиш ва тақсимлаш объектларида юзага келадиган технологик узилишларнинг олдини олишга қаратилган профилактика, таъмирлаш ва модернизация ишларининг тўлиқ ҳажмда ва юқори сифатда бажарилиши устидан назоратни кучайтириш;
йирик қуёш, шамол ва гидроэлектр станцияларини ўз вақтида ва тўлиқ қувватда ишга тушириш орқали мамлакатимизда жами ишлаб чиқарилаётган электр энергиясида «яшил» энергиянинг улушини ошириш бўйича белгиланган режалар ижросини сўзсиз таъминлаш;
аҳоли уйларига, ижтимоий соҳа объектларига ва тадбиркорлик субъектларига тегишли объектларга кичик қуёш панеллари ва бошқа муқобил энергия манбалари ўрнатилишини рағбатлантириш бўйича қулай ва самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмлар яратиш;
энергетика ресурсларидан оқилона ва тежаб фойдаланиш юзасидан тарғиботни кучайтириш, барча тармоқларда энергия самарадорлигини ошириш дастурларини жорий этиш ва «ақлли» ҳисоблагич тизимлари ўрнатилишини тезлаштириш;
янги энергетика объектларини барпо этишда ва мавжуд энергетика инфратузилмасини модернизация қилишда маҳаллий асбоб-ускуналар ва материаллардан фойдаланиш улушини оширишга, шунингдек маҳаллий лойиҳа-муҳандислик хизматларидан фойдаланишни кенгайтиришга қаратилган мақсадли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;
аҳолига энергия таъминоти бўйича кўрсатилаётган хизматлар сифатини тубдан яхшилаш, истеъмолчиларнинг мурожаатларини янада тезкор ва самарали ҳал этиш тизимини жорий этиш;
энергетика соҳасининг замонавий талабларига жавоб берадиган юқори малакали кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси энергия таъминоти барқарорлигини таъминлаш, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик юзасидан амалга оширилган ишлар устидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатсин.
4. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Р. Хакимов зиммасига юклатилсин.
5. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Р. ХАКИМОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 11 декабрь,
1529-V-сон