Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Ш. Хамраевнинг «Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2025 — 2028 йилларга мўлжалланган дастурининг ижроси, сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш ҳамда қонунчилик ҳужжатларини Ўзбекистон Республикасининг Сув кодексига мувофиқлаштириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахбороти ҳақида
Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Ш. Хамраевнинг «Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2025 — 2028 йилларга мўлжалланган дастурининг ижроси, сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш ҳамда қонунчилик ҳужжатларини Ўзбекистон Республикасининг Сув кодексига мувофиқлаштириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахборотини эшитиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, «Ўзбекистон — 2030» стратегияси ва «Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган концепцияси» доирасида сув ресурсларидан самарали фойдаланишни ва сув хўжалиги объектлари муҳофазасини таъминлаш, сув етказиб бериш объектларини модернизация қилиш ҳамда сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, 2020 — 2024 йилларда сувдан самарали фойдаланишни таъминлаш ва сув етказиб берилишини кенгайтириш мақсадида соҳага 60 триллион сўм миқдорда бюджет маблағлари ҳамда 622 миллион доллар миқдорда хорижий инвестициялар йўналтирилди. Натижада 2025 йилга келиб жами суғориладиган майдонларнинг қарийб 60 фоизида сувни тежайдиган технологиялар жорий этилишига эришилди. Мазкур ишларни изчил давом эттириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 августдаги ПҚ-250-сонли Қарорига мувофиқ «Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2025 — 2028 йилларга мўлжалланган дастури» тасдиқланди.
Шунингдек соҳани тартибга солувчи 1 та қонундаги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 8 та фармони ва 14 та қароридаги ҳамда Ҳукуматнинг 26 та қароридаги нормаларни ўзида мужассамлаштирган яхлит норматив-ҳуқуқий ҳужжат — Ўзбекистон Республикасининг Сув кодекси қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикасининг Сув кодексида аҳолини, иқтисодиёт тармоқларини ва экологик тизимларни сув билан барқарор таъминлаш, сувларни оқилона бошқариш ва муҳофаза қилиш, сувга доир муносабатлар соҳасидаги иқтисодий механизмларни, шу жумладан давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш ҳамда соҳада давлатлараро ҳамкорликни таъминлаш каби муҳим масалалар белгилаб берилди.
Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2025 — 2028 йилларга мўлжалланган дастурида белгиланган вазифалар ва топшириқларнинг ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилда дарёлар ва сойларда 4 та гидрологик пост қуриш ҳамда уларни автоматлаштирилган ускуналар билан жиҳозлаш ишлари олиб борилди.
Ирригация ва мелиорация объектларида ўтган давр мобайнида 564,9 км узунликдаги каналларни, 26,9 км узунликдаги лоток тармоқларини, 32 та гидротехника иншоотини, жами 47,2 м3/сек. сув чиқариш қувватига эга бўлган насос станцияларини, 3,9 км узунликдаги босимли қувурларни, 45,8 км узунликдаги ёпиқ суғориш қувурларини, 12,7 км узунликдаги дамбаларни ҳамда 45 та суғориш қудуғини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди.
Шунингдек ҳисобот даврида мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича 197,3 км узунликдаги очиқ ва 100,02 км узунликдаги ёпиқ горизонтал коллектор-дренаж тармоқларида, 19 та гидротехника иншоотида ҳамда 46 та кузатув қудуғида онлайн мониторинг қурилмаларини ўрнатиш ишлари олиб борилди.
Бундан ташқари 4 944 км узунликдаги каналларни тозалаш, 5 264 та гидротехника иншоотини ва 5 091 та гидропостни таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, насос станцияларининг самарадорлигини ошириш мақсадида дастур доирасида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги 157 та насос агрегати ҳамда 166 та электродвигател янгисига алмаштирилди.
Соҳада энергиядан самарали фойдаланиш ва самарадорликни ошириш мақсадида насос станцияларига 165 та конденсатор, 135 та частота ўзгартирувчи қурилма, 752 киловатт-соат қувватига эга бўлган қуёш панеллари ҳамда 27 та қуёш сув иситкичи ўрнатилди. Натижада жорий йилда насос станцияларини ва тик қудуқлар учун тасдиқланган лимитдан кўра 197,8 млн. киловатт-соат электр энергияси камроқ ишлатилиб, салмоқли миқдордаги электр энергиясининг тежалишига эришилди.
Шу билан бирга таҳлиллар соҳада ҳали ўз ечимини кутаётган қатор масалалар ҳам мавжудлигини кўрсатмоқда. Жумладан, сув омборларида, сел-сув омборларида ва бошқа йирик гидротехника иншоотларида назорат-ўлчаш ускуналарини ҳамда хабар бериш ва маълумот етказишнинг автоматлаштирилган тизимларини модернизация қилиш, тиклаш ва янгилаш ишларини амалга ошириш бўйича белгиланган вазифалар тўлиқ бажарилмаган.
Сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, шу жумладан сувдан фойдаланишда ва сув истеъмоли ҳисобини юритишда рақамли технологияларни жорий қилиш ҳамда рақамли сув ўлчаш қурилмаларини ўрнатиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни жадаллаштириш талаб этилади.
Сув ресурсларини бошқаришнинг ҳозирги давр талабларига жавоб берадиган кадрларни соҳага жалб этиш, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги тизимида олий маълумотга эга бўлган ходимлар улушини ошириш ишлари етарли даражада олиб борилмаган.
Сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш ишларини рағбатлантириш учун субсидиялар ажратиш шаффофлигини таъминлаш, сувни тежашда қўлланиладиган технологиялар сифатини яхшилаш зарурияти юзага келмоқда.
Бундан ташқари сув хўжалигини қўллаб-қувватлаш учун ажратилаётган бюджет маблағларини ўз вақтида, аниқ йўналтирилган ҳолда ўзлаштириш чораларини кўриш, шунингдек соҳада асосий мақсадли кўрсаткичлар ва индикаторларга эришиш борасида ҳам бажарилиши зарур бўлган вазифалар мавжуд.
Яхлит ҳуқуқий тизимни яратишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат — Ўзбекистон Республикасининг Сув кодекси қабул қилинганлиги муносабати билан унинг ижросини самарали йўлга қўйиш учун қонуности ҳужжатларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш чораларини кўриш зарур. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Сув кодексининг 164-моддасида назарда тутилган сув олиш тартибини бузганлик учун қўлланиладиган молиявий санкциялар суммаларининг миқдори ҳамда қонуности ҳужжатларда ушбу қоидабузарлик учун белгиланган санкциялар суммаларининг миқдори турлича бўлиб, мазкур номувофиқликни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилиши керак.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Ш. Хамраевнинг «Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2025 — 2028 йилларга мўлжалланган дастурининг ижроси, сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш ҳамда қонунчилик ҳужжатларини Ўзбекистон Республикасининг Сув кодексига мувофиқлаштириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги:
вазирлик тасарруфидаги гидротехника иншоотларида назорат-ўлчаш ускуналарини ҳамда хабар бериш ва маълумот етказишнинг автоматлаштирилган тизимларини модернизация қилиш, тиклаш ва янгилаш ишларини белгиланган режага мувофиқ амалга ошириш;
соҳага рақамли технологияларни жорий қилишни кенгайтириш, рақамли сув ўлчаш қурилмаларини ўрнатиш ишларини тезлаштириш;
соҳадаги кадрлар салоҳиятини юксалтириш, шу жумладан олий маълумотли сув хўжалиги ходимлари улушини ошириш;
сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш учун субсидиялар ажратиш шаффофлигини таъминлаш ва қўлланилаётган технологиялар сифатини яхшилаш;
сув хўжалигини қўллаб-қувватлаш учун ажратилаётган бюджет маблағларини ўз вақтида ўзлаштириш ҳамда соҳадаги асосий мақсадли кўрсаткичлар ва индикаторларга эришиш чораларини кўрсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига сув хўжалиги соҳасига оид қонуности ҳужжатларидаги нормаларни Ўзбекистон Республикасининг Сув кодекси нормаларига мувофиқлаштириш борасидаги ишларни тезлаштириш ва якунига етказиш чораларини кўриш тавсия этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси сув хўжалигини ривожлантиришга қаратилган концепциялар ва дастурлар ижросининг сифатли таъминланиши, сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш ҳамда қонунчилик ҳужжатларини Ўзбекистон Республикасининг Сув кодексига мувофиқлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар устидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатсин.
5. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари М. Ходжаева зиммасига юклатилсин.
6. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Р. ХАКИМОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 11 декабрь,
1528-V-сон