Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисини ўтказиш тўғрисида
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 16-моддасига, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси 2025 йил 11 декабр куни ўтказилиши белгилансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартиби лойиҳасига қуйидаги масалалар киритилсин:
Ўзбекистон Республикаси адлия вазири А. Ташкуловнинг «Давлат хизматларини кўрсатишда коррупциявий ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олиш ҳамда аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида қўшимча қулайликлар яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахбороти ҳақида;
Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Ш. Хамраевнинг «Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2025 — 2028 йилларга мўлжалланган дастурининг ижроси, сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш ҳамда қонунчилик ҳужжатларини Ўзбекистон Республикасининг Сув кодексига мувофиқлаштириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахбороти ҳақида;
Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Ж. Мирзамаҳмудовнинг «Энергия таъминоти барқарорлигини таъминлаш, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида»ги ахбороти ҳақида.
3. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 10 декабрь,
1525-V-сон