Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
УРГАНЧ ШАҲРИДАГИ ҲАРБИЙ КАСБЛАРГА ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБ-ИНТЕРНАТНИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ВАЗИРЛИГИ ТАСАРРУФИГА ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДА
Ватан озодлиги ва юрт равнақи йўлида хизмат қиладиган баркамол ёш авлодни тарбиялаш, уларни ҳарбий касбларга йўналтириш ишларини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Хоразм вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг Урганч шаҳридаги Хоразм вилояти халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги ҳарбий касбларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатни бевосита Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тасарруфига ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги (Т. Жўраев) Урганч шаҳридаги ҳарбий касбларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатни белгиланган тартибда ўз тасарруфига қабул қилиб олсин ва уни Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилояти ҳудудидаги ҳарбий касбларга йўналтирилган таянч муассасага айлантириш ва унинг нуфузини ошириш чора-тадбирларини кўрсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (С. Раҳимов) мазкур таълим муассасасининг харажатларини қоплаш учун 2005 йилги республика бюджети ва Хоразм вилояти маҳаллий бюджети параметрларига тегишли ўзгартиришлар киритилишини таъминласин.
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2004 йил 29 августдаги 410-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2004 й., 8-сон, 88-модда) 2-илованинг «Мутасаддилик қилинадиган ташкилотлар» устунидаги «Тошкент, Фарғона ва Самарқанддаги» сўзлари «Тошкент, Фарғона, Самарқанд ва Урганчдаги» сўзлари билан алмаштирилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Қосимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2005 йил 28 июль,
175-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 30-31-сон, 229-модда; 2006 й., 40-сон, 396-модда)