Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ҲАРБИЙ ТРИБУНАЛЛАР ВА ҲАРБИЙ ПРОКУРАТУРА ОРГАНЛАРИ ТЎҒРИСИДА
«Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги асослари тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1992 йил 14 январдаги «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмлар ва ҳарбий таълим муассасалари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ республиканинг Қуролли Кучларида қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ҳарбий трибуналлар суд тизимининг таркибида эканлиги белгилансин ва республика ҳудудидаги барча стратегик ва умумий мақсадли ҳарбий қисмлар, қўшилмалар, бирлашмаларда, шунингдек ҳарбий таълим муассасалари ва бошқа ҳарбий тузилмаларда Ўзбекистон Республикаси номидан одил судловни амалга оширади.
Собиқ Туркистон ҳарбий округи Ҳарбий трибунали негизида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий суди ташкил этилсин.
2. Республика ҳудудида жойлашган Ҳарбий прокуратура органлари Ўзбекистон Республикаси прокурорига бўйсундирилсин ва собиқ Туркистон ҳарбий округи Ҳарбий прокуратураси негизида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ҳарбий прокуратураси ташкил этилсин.
Уларнинг зиммасига республика ҳудудидаги барча стратегик ва умумий мақсадли ҳарбий қисмлар, қўшилмалар, бирлашмаларда, шунингдек ҳарбий таълим муассасалари ва бошқа ҳарбий тузилмаларда прокурор назоратини амалга ошириш юклансин.
3. Янги қонунчилик ҳужжатлари қабул қилингунга қадар ҳарбий судлар ва ҳарбий прокуратура органлари ўз фаолиятларида Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига ҳамда собиқ СССР қонунчилик ҳужжатларининг Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига зид бўлмаган қисмига амал қиладилар.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий судига Олий суднинг Ҳарбий ҳайъатини ташкил этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашига таклифлар киритсин.
5. Ўзбекистон Республикаси прокуратурасига бир ой муддатда Ҳарбий прокуратура тўғрисидаги низом лойиҳасини тайёрлаб, Республика Олий Кенгашига кўриб чиқиш учун киритсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ишлари бўйича вазирлигига ҳарбий судлар ва ҳарбий прокуратура органларини зарурий молиялаштириш, моддий-техник таъминоти назарда тутилсин шахсий таркибда ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқий мақоми ва барча турдаги пул ва бошқа таъминотлари сақланиб қолинсин.
Мазкур Фармон имзоланган кундан бошлаб кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1992 йил 28 февраль,
ПФ-355-сон