Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисини ўтказиш тўғрисида
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 16-моддасига, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси 2025 йил 18 ноябрь куни ўтказилиши белгилансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартиби лойиҳасига қуйидаги масалалар киритилсин:
«Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 9-моддасига қўшимча ва ўзгартириш киритиш ҳақида»ги ҚЛ-145-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси тўғрисида («Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига иқтисодий судларга мурожаат қилишда маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ҳамда махсус иқтисодий ва саноат зоналари дирекциялари учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»)(иккинчи ўқиш);
«Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал ҳамда Иқтисодий процессуал кодексларига фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини соддалаштирилган тартибда кўриб чиқиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги ҚЛ-147-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳақида (биринчи ўқиш);
«Марказий Осиё-Хитой» формати котибияти тўғрисидаги низомни ратификация қилиш ҳақида»ги ҚЛ-149-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси тўғрисида (биринчи ўқиш);
«Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги ҚТ-5-сонли қонунчилик таклифи тўғрисида (кўриб чиқиш учун);
Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Ш. Хамраевнинг «Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2025 — 2028 йилларга мўлжалланган дастурининг ижроси, сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш ҳамда қонунчилик ҳужжатларини Ўзбекистон Республикасининг Сув кодексига мувофиқлаштириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахборотини эшитиш ҳақида.
3. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Р. ХАКИМОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 17 ноябрь,
№ 1450-V