Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисини ўтказиш тўғрисида
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 16-моддасига, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси 2025 йил 25 ноябрь куни ўтказилиши белгилансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартиби лойиҳасига қуйидаги масалалар киритилсин:
«Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги ҚЛ-120-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳақида («Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида») (иккинчи ўқиш);
ҚЛ-133, ҚЛ-145 ва ҚЛ-147-сонли Ўзбекистон Республикаси қонунлари лойиҳаларини бирлаштириш тўғрисида;
«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳақида;
«Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги ҚЛ-150-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси тўғрисида (биринчи ўқиш);
Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси раиси К. Сариевнинг «Мамлакатимизда умуммиллий тотувликни таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахборотини эшитиш ҳақида.
3. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 24 ноябрь,
1475-V-сон