Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ХАЛҚ ИСТЕЪМОЛ МОЛЛАРИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШНИ РАҒБАТЛАНТИРИШ МАҚСАДИДА СОЛИҚ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 17 июндаги 168-сонли «Солиқ имтиёзлари тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш ва баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, кичик корхоналар, айниқса қишлоқ жойларда шундай корхоналар барпо этишни рағбатлантириш, шунингдек, тақчил халқ истеъмол моллари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва ташкил қилишдан корхоналарнинг иқтисодий манфаатдорлигини ошириш ҳамда истеъмол бозорини шундай моллар билан тўлдириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. 1994 йилнинг 1 январидан шаҳарчалар, қишлоқлар ва овулларнинг ҳудудида янги барпо этилаётган (жумладан, 1994 йилнинг 1 январигача ташкил қилинган) ва қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқариш, уни қайта ишлайдиган ҳамда халқ истеъмол моллари ишлаб чиқарадиган кичик корхоналар, ёрдамчи ишлаб чиқариш ва ҳунармандчилик корхоналари учун барча турдаги солиқлар ва бюджетга тўловларнинг амалдаги миқдорлари уч йил муддатга 50 фоиз камайтирилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Белгилаб қўйилсинки, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, халқ истеъмол қиладиган ғоят тақчил озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари (спиртли, спиртсиз ичимликлар ва тамаки маҳсулотидан ташқари) ишлаб чиқарувчи корхоналар ва ташкилотлар даромад солиғини амалдаги миқдорга нисбатан 30 фоиз камайтирилган миқдор бўйича тўлайдилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
З. Корхоналарнинг:
иловага мувофиқ кундалик эҳтиёж маҳсулотларининг физик ҳажмларини ўстиришдан олган даромадлари солиқдан озод қилинсин;
рақобатга бардошли маҳсулотнинг янги турларини ишлаб чиқаришдан олган даромадлари икки йил муддатга солиқдан озод қилинсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Мулкчилик шаклларидан қатъи назар, (спиртли, спиртсиз ичимликлар, заргарлик ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар бундан истисно) акциз солиғининг бир қисми корхоналар ихтиёрида қолдирилиб, ана шу маблағлар ишлаб чиқаришни янада ривожлантиришга сарфлансин.
Ўзбекистон Республикасининг Молия вазирига Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси билан келишган ҳолда акциз солиғи миқдорларини белгилаш ва қайта кўриб чиқиш ҳамда корхоналар ихтиёрида қолдириладиган улушни белгилаш ҳуқуқи берилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Ўзбекистон Республикасининг Молия вазирлиги билан келишган ҳолда солиқ олишда мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгаришлар муносабати билан бюджетга тўловлар бўйича корхоналар ва ташкилотларнинг ҳисоб-китоблар тартибини ишлаб чиқсин.
6. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари — Молия вазири ўртоқ Б.С. Ҳамидов зиммасига юклансин
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1994 йил 24 февраль,
93-сон
Республика корхоналарида ўзлаштириш ва ишлаб чиқариш чоғида имтиёзлар жорий этиладиган энг зарур ва харидоргир моллар
РЎЙXАТИ
Энг оддий рўзғор ва хўжалик моллари
Боғ-полиз асбоблари ва анжомлари
Қулф-халқа буюмлари
Рўзғор асбоблари
Кимё-бўёқчилик моллари
Мўйқалам-чўтка буюмлари, жумладан, ўқувчилар учун мўлжалланганлари
Идоравий моллар
Мактаб анжомлари ва ускуналари
Болалар ўйинчоқлари, қўғирчоқлар ва арча безаклари
Болалар техника ижодкорлиги буюмлари
Ёзув қоғозлари
Электр-иситиш асбоблари ва буюмлари
Электр ускуналари
Электр-рўзғор асбоби
Шахсий гигиена учун ва энг зарур атторлик моллари
Атторлик ёрдамчи ашёлари
Хотин-қизлар буюмлари
Халқ бадиий ҳунармандчилик буюмлари
Рўзғор эҳтиёжлари учун сантехника буюмлари
Металл буюмлар, шуруп ва михлар, бошқа маҳкамлаш буюмлари
Рўзғор сув иситкичлари, иситиш асбоблари ва радиаторлар
Маҳаллий хом ашё ва ёғочсозлик чиқиндиларидан тайёрланадиган тахта
Эслатма: Юқорида кўрсатилган молларининг кенг турларини «Ўзбексавдо» давлат уюшмаси ва «Ўзбекбирлашув» Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси билан келишган ҳолда белгилайдилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.