Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
Ахборот ва рақамли технологиялар соҳаларида давлат назорати тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 июлдаги «Давлат бошқаруви тизимида самарадорлик, проактивлик ва натижадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-111-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида қарор қиламан:
I. Асосий мақсад
1. Белгилансинки, ушбу қарорнинг асосий мақсади ахборотлаштириш, телекоммуникациялар ва ахборот соҳаларида қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини мониторинг қилишда давлат бошқарувини такомиллаштириш ҳамда фуқаролар, айниқса, ёшларни нохолис, ишончсиз ва тақиқланган ахборотлардан ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш ҳисобланади.
II. Соҳада давлат бошқарувини такомиллаштириш
2. Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси (кейинги ўринларда — Инспекция) қуйидаги соҳаларда махсус ваколатли давлат органи этиб белгилансин:
(а) ахборотлаштириш, телекоммуникациялар, почта алоқаси, рақамли технологиялар соҳаларида давлат назоратини амалга ошириш, жумладан, сунъий интеллект соҳаларида, ахборот тизими ва ресурслари, маълумотлар базалари, рақамли хизматлар, дастурий таъминот фаолиятини мониторинг ва назорат қилиш;
(б) оммавий ахборот воситаларини рўйхатга олиш ҳамда улар томонидан қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилинишини мониторинг ва назорат қилиш;
(в) ноширлик ва матбаа фаолияти субъектлари томонидан қонунчилик ҳужжатлари ҳамда техник стандартлар талабларига риоя қилинишини мониторинг ва назорат қилиш, шунингдек, улар фаолиятини бошлаганлик (тугатганлик) тўғрисида хабардор қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш;
(г) болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш, шунингдек, тақиқланган ахборот, жумладан, онлайн платформаларда тарқатилишини чеклаш.
3. Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекциясининг асосий вазифалари 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Белгилаб қўйилсинки, Инспекциянинг ўз ваколати доирасида қабул қилган қарорлари давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
5. Инспекцияга фаолияти тугатилган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг ахборот соҳасида назорат ва мониторинг бўйича вазифа ва функциялари ўтказилиши муносабати билан қўшимча 54 та штат бирлиги ажратилсин ҳамда Инспекция бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 172 та этиб белгилансин. Бунда Инспекция ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг амалдаги тартиби ва шартлари сақлаб қолинади.
6. Инспекция 2027 йил 1 январга қадар, жумладан, қуйидаги имкониятларга эга «Рақамли назорат» платформасини ишга туширсин:
(а) аҳоли истиқомат қилаётган, жумладан, олис ва чекка ҳудудлардаги рақамли технологиялар ва телекоммуникациялар соҳаларида кўрсатилаётган хизматлар ҳамда алоқа сифат кўрсаткичларини мониторинг қилиш;
(б) ахборот тизимлари, ресурслари, дастурий маҳсулотлар ва маълумотлар базаларида юзага келган узилиш ёки тўхталиш ҳолати бўйича тегишли чоралар кўриш;
(в) давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилган ахборот тизимларининг самарадорлиги, мақсадлилиги ва жорий этиш даражасини баҳолаш;
(г) жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар тезкор кўриб чиқилишини ташкил этиш.
III. Қарор ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
7. Белгилансинки, Инспекция фаолиятини молиялаштириш қуйидаги манбалар ҳисобидан амалга оширилади:
(а) Инспекциянинг жорий таъминоти, жумладан, коммунал тўловлар ва товар-моддий захираларини харид қилиш ҳамда ходимлар ойлик иш ҳақи, унга тенглаштирилган тўловларни тўлаш, устамалар ва ходимларни моддий рағбатлантириш харажатлари Рақамли технологиялар вазирлигининг Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан;
(б) Инспекциянинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, бино ва иншоотларини капитал таъмирлаш (реконструкция қилиш), шунингдек, «Рақамли назорат» платформасини ишлаб чиқиш ва техник қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ харажатлар:
(i) Инспекция томонидан аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан ундирилган маъмурий ва молиявий жарималарнинг 50 фоизи;
(ii) ташқи реклама объектини ўрнатишга бўлган ҳуқуқ учун ойлик йиғимлардан тушадиган маблағларнинг 10 фоизи;
(iii) пулли хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар.
8. «Хабар» газетаси таҳририяти» МЧЖ устав капиталидаги Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлигига тегишли давлат улушларини бошқариш функцияси ишончнома асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказига берилсин.
9. Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда:
(а) Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси фаолиятини ташкил этиш бўйича;
(б) фаолияти тугатилган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тизим ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича Ҳукумат қарорларини қабул қилсин.
10. Рақамли технологиялар вазирлиги:
(а) бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
(б) «Рақамли назорат» платформаси тўлиқ ишга туширилгандан сўнг икки ой муддатда бир-бирини такрорловчи функцияларни бекор қилиш, жараёнларни рақамлаштириш ва автоматлаштириш асосида Инспекция штат бирликларини мақбуллаштириш бўйича таклифни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
12. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб рақамли технологиялар вазири Ш.Х. Шерматов белгилансин.
13. Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 11 декабрь,
ПҚ-371-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 11 декабрдаги ПҚ-371-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекциясининг
АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ
1. Ахборотлаштириш, телекоммуникациялар, почта алоқаси, рақамли технологиялар соҳаларида давлат назоратини амалга ошириш, жумладан, сунъий интеллект технологиялари, ахборот тизимлари ва ресурслари, маълумотлар базалари, рақамли хизматлар, дастурий таъминот фаолиятини мониторинг ва назорат қилиш йўналишида:
(а) алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари, даврий босма нашрларни тарқатиш соҳасида қонун ҳужжатлари, норматив ҳужжатлар ва давлат стандартлари талабларига риоя қилиниши устидан давлат назоратини амалга ошириш;
(б) ўз ваколати доирасида рақамли технологиялар, жумладан, сунъий интеллект тизимларини жорий этиш ва ишлашида ахборот хавфсизлиги талабларига риоя қилиниши, шунингдек, почта алоқаси, ахборот технологиялари ва телекоммуникациялари хизматларининг сифатли тақдим этилиши, даврий босма нашрлар, фонограммалар, аудиовизуал асарлар ва ЭҲМ учун дастурлар тарқатилишида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чораларини таъминлаш устидан давлат назоратини амалга ошириш;
(в) фонограммалар, аудиовизуал асарлар, ЭҲМ учун дастурлар тарқатишда (сотиш, ижарага бериш ва барчанинг эътиборига етказишда) муаллифлик ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатларига ва норматив ҳужжатларга риоя қилиниши устидан давлат назоратини амалга ошириш;
(г) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқ давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, бошқа ташкилот ва идораларда «Электрон ҳукумат» тизимида инфратузилмани ривожлантириш ва ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш;
(д) иш ва бошқарув жараёнларини автоматлаштириш, интеграллашган ахборот тизимларини, маълумотлар узатиш ва алмашишнинг идоралараро тармоқларини жорий этиш ва улардан фойдаланиш, давлат ахборот ресурслари интеграцияси, шу жумладан, электрон давлат хизматлари кўрсатиш самарадорлигини ошириш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
(ж) «охирги миля» тамойили бўйича Интернет тармоғидан кенг полосали фойдаланишни, мультисервис алоқа тармоқлари технологияларини, мобил алоқа бозорини, бошқа замонавий телекоммуникация хизматларини, шунингдек, почта алоқаси хизматларини ва даврий босма нашрлар тарқатишни кенгайтириш йўли билан телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш устидан давлат назоратини амалга ошириш;
(з) Сунъий интеллект технологияларидан фойдаланишда ахлоқ меъёрлари ва қонунчилик талабларига риоя қилинишини мониторинг қилиш, дастурий таъминот ишлаб чиқариш ва тарқатишда қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини назорат қилиш, қонунбузарликларни аниқлаш, бартараф этиш ва жарима чораларини қўллаш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Оммавий ахборот воситаларини рўйхатга олиш ҳамда улар томонидан қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилинишини мониторинг ва назорат қилиш йўналишида:
(а) оммавий ахборот воситаларида тарқатилиши тақиқланган ва (ёки) чекланган ахборотларнинг тарқатилишига қарши курашиш юзасидан қонунчиликда кўзда тутилган чораларни кўради;
(б) оммавий ахборот воситалари, онлайн платформаларда ижтимоий ахборотнинг тарқатилишида тили, ҳажми, давомийлиги, ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифига риоя этилаётгани юзасидан мониторинг ва назорат қилиш чораларини кўради;
(в) оммавий ахборот воситалари фаолияти соҳасидаги қонунчилик бузилишларини бартараф этиш тўғрисида давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, оммавий ахборот воситалари фаолияти субъектлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беради.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Ноширлик ва матбаа фаолияти субъектлари томонидан қонунчилик ҳужжатлари ва техник стандартлар талабларига риоя қилинишини назорат қилиш, шунингдек, улар фаолиятини бошлаганлик (тугатганлик) тўғрисида хабардор қилиш тартиб таомилларини амалга ошириш йўналишида:
(а) ноширлик ва матбаа фаолияти субъектларига хабардор қилиш тартибидаги давлат хизматларини кўрсатади ҳамда ноширлик ва матбаа фаолияти соҳасида давлат реестрини юритади;
(б) китоб нашр этишда, электрон ва аудио китоблар яратишда муаллифлик ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш юзасидан чоралар кўради;
(в) ноширлик ва матбаа фаолияти соҳасидаги қонун ҳужжатларига, рухсатнома талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан мониторинг юритади;
(г) ноширлик ва матбаа фаолиятини амалга ошириш талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назорат олиб боради;
(д) ноширлик ва матбаа фаолияти соҳасидаги қонунчилик бузилишларини бартараф этиш тўғрисида давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, ноширлик фаолияти субъектлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беради.
4. Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш, шунингдек, тақиқланган ахборот, жумладан, онлайн-платформаларда тарқатилишини чеклаш йўналишида:
(а) болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик ижро этилиши устидан назоратни амалга оширади;
(б) ахборот маҳсулотида болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотнинг мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги, ахборот маҳсулоти болаларнинг муайян ёш тоифасига мувофиқлиги ёки мувофиқ эмаслиги бўйича мониторингни амалга оширади;
(в) ахборот маҳсулотини ишлаб чиқарувчиларга ва тарқатувчиларга болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилганлиги ҳолатларини, шунингдек, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳамда уларнинг олдини олиш бўйича кўрсатмалар юборади;
(г) онлайн-платформа ва веб-сайтлар фойдаланувчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шу жумладан, онлайн-платформа ва веб-сайтлар фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш бўйича қонунчиликнинг бажарилишини назорат қилади;
(д) ноқонуний контентни аниқлаш мақсадида онлайн-платформа ва веб-сайтлар мониторингини амалга оширади, аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилади;
(ж) онлайн-платформа ва веб-сайтлар фойдаланувчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қонунчилик талабларини бузиш ҳолатлари аниқлаганда белгиланган тартибда уларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар беради ва тақдимномалар киритади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 11 декабрдаги ПҚ-371-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 мартдаги ПҚ-102-сон қарори билан тасдиқланган Оммавий савдолар орқали тўлиқлигича сотиладиган корхоналарнинг акция пакетлари (улушлари) рўйхатининг 441-позицияси чиқариб ташлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги ПҚ-3150-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги тўғрисидаги низомда:
(а) 9-банд қуйидаги мазмундаги «ж» кичик банд билан тўлдирилсин:
«ж) глобал электрон платформалар билан ўзаро ҳамкорлик соҳасида:
глобал электрон платформалар билан электрон тижорат, крипто-активлар айланмаси, капитал бозори ва суғуртани ривожлантиришга кўмаклашиш масалалари ҳамда Агентлик фаолиятининг бошқа йўналишлари бўйича ўзаро ҳамкорлик қилади;
крипто-активларнинг ноқонуний айланишига, электрон тижоратни амалга ошириш, қимматли қоғозлар муомаласи, суғурта хизматлари кўрсатиш, букмекерлик фаолиятини ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этишнинг белгиланган тартиби бузилишига, шунингдек, нотўғри реклама ва тақиқланган фаолият турлари рекламаси, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигини бузувчи бошқа материаллар тарқатилишига қарши курашиш соҳасида глобал электрон платформалар билан ҳамкорликни амалга оширади;
глобал электрон платформаларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва ваколатли органлари билан ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштиради;
глобал электрон платформада эълон қилинган ахборот ресурси ёки материални Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғи Реестрига киритиш тўғрисидаги кўрсатмани тегишли ваколатли давлат органига юборади;
глобал электрон платформалар билан биргаликда Агентлик ваколатига кирувчи масалалар бўйича ўқув тадбирлари ўтказилишини ташкил этади;
глобал электрон платформалар рўйхатини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда белгилайди»;
(б) 10-бандда:
(i) қуйидаги мазмундаги ўн саккизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«глобал электрон платформада эълон қилинган ахборот ресурси ёки материални, шу жумладан, интернетдаги ахборот ресурсининг идентификация маълумотларини Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғи Реестрига киритиш ва ундан чиқариш тўғрисида кўрсатмани ижро учун тегишли ваколатли давлат органига киритиш»;
(ii) ўн саккизинчи хатбоши ўн тўққизинчи хатбоши деб ҳисоблансин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.12.2025 й., 07/25/371/1156-сон; 25.07.2026 й., 06/26/141/0776-сон)