Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ИЧКИ БОЗОРНИ ДОРИ-ДАРМОНЛАР ВА ТИББИЁТ БУЮМЛАРИ БИЛАН ТЎЛДИРИШГА ОИД ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сонли «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Дори-дармонлар, вакциналар ҳамда тиббиёт буюмлари ишлаб чиқаришни ва республикага олиб келишни кўпайтиришда «Ўзфармсаноат» давлат-акционерлик концерни ва дорихона муассасалари фаолиятини рағбатлантириш мақсадида:
1. Шу йилнинг 15 ноябридан бошлаб 1996 йилнинг 1 январига қадар «Ўзфармсаноат» давлат-акционерлик концерни, шунингдек мулкчилик шаклларидан қатъи назар, дорихона муассасалари:
дори-дармонлар ва тиббиёт буюмлари харид қилиш учун республикадан ташқарига олиб чиқиб кетиладиган маҳсулот учун уни олиб чиқиб кетиш солиғи ва бож тўлашдан;
хорижий валютадаги савдо-сотиқ ишларидан олинган валюта даромадининг бир қисмини мажбурий сотишдан озод қилинсин.
2. Даромад /ялпи даромад/ солиғи бўйича бюджетга бериладиган бадал ҳисобига кирувчи маблағнинг 50 фоизи мазкур давр мобайнида «Ўзфармсаноат» давлат-акционерлик концерни ва дорихона муассасалари ихтиёрида қолдирилиб, у ўзларининг айланма маблағларини кўпайтиришга сарфлансин.
3. Пул-кредит сиёсати билан шуғулланувчи комиссия «Ўзфармсаноат» давлат-акционерлик концерни ҳамда «Дори-дармон» давлат-акционерлик уюшмасига дори-дармонлар ва тиббиёт буюмларини сотиб олиш учун аниқ мақсадга қаратилган кредитлар ажратиб беришни кўзда тутсин, фоизлар бўйича тўланадиган харажатларнинг бир қисми давлат бюджети ҳисобидан қоплансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Ушбу Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1994 йил 8 ноябрь,
985-сон