Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг «Оқова сувларни чиқариб юбориш тизимларини модернизация қилиш ва янгиларини қуриш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида»ги ахбороти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ш. Хидоятовнинг «Оқова сувларни чиқариб юбориш тизимларини модернизация қилиш ва янгиларини қуриш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида»ги ахборотини эшитиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, мамлакатимизда оқова сув тизимини ривожлантириш ва унинг қувватини ошириш, эскирган қувурларни ҳамда тозалаш иншоотларини янгиларига алмаштириш ва модернизация қилиш, мавжуд қувватларнинг узлуксиз фаолиятини таъминлаш, соҳага экологик жиҳатдан сифатли, замонавий, тежамкор, инновацион технологияларни кенг жорий этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, кейинги йилларда оқова сув тизимини янада такомиллаштириш ҳамда соҳадаги инвестиция лойиҳалари самарадорлигини оширишга қаратилган қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари қабул қилинган. Шу жумладан «Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни оқова сувларни чиқариб юбориш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишда, экологик ва эпидемиологик барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24-октабрдаги «Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-343-сонли Қарори билан оқова сув бўйича хизматлар кўрсатишни яхшилаш борасида олиб борилаётган изчил чораларни янада жадаллаштириш, оқова сув бўйича хизматлар кўрсатиш қамровини ошириш, соҳада трансформация жараёнини жадаллаштириш ҳамда корхоналарнинг молиявий-иқтисодий аҳволини янада мустаҳкамлаш каби вазифалар белгилаб берилди.
Бугунги кунда республикамиз ҳудудида жами 255 та оқова сув иншооти мавжуд. Уларнинг 63 таси йирик оқова сув тозалаш иншооти бўлса, 192 таси локал оқова сув тозалаш иншоотидир.
Оқова сувларни чиқариб юбориш хизматини кенгайтириш мақсадида 2022 — 2024 йилларда республика буджетидан ажратилган 1,04 трлн. сўмлик маблағ ҳисобидан 78 та оқова сув иншоотини, 115 та оқова сув кўтариш иншоотини ва оқова сувларни чиқариб юборувчи 1 028 километрлик тармоқларни қуриш ишлари амалга оширилган.
Шунингдек халқаро молия институтларининг 138 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида 6 та оқова сув иншоотини, 9 та оқова сув кўтариш иншоотини ва оқова сувларни чиқариб юборувчи 403 километрлик тармоқларни қуриш ишлари амалга оширилган.
Амалга оширилган қурилиш-монтаж ишлари натижасида аҳолининг марказлашган оқова сувларни чиқариб юбориш хизмати билан таъминланганлик даражаси 17,6 фоиздан 20,5 фоизга етказилган.
Жорий йилда оқова сувларни чиқариб юбориш хизмати билан таъминланганлик даражасини янада ошириш мақсадида республика бюджетидан ажратилган 258,9 млрд. сўмлик маблағ ҳисобидан 13 та оқова сув иншоотини, 34 та оқова сув кўтариш иншоотини ва оқова сувларни чиқариб юборувчи 200 километрлик тармоқларни қуриш режалаштирилган.
Шунингдек халқаро молия институтларининг 176,2 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар ҳисобидан 5 та оқова сув иншоотини, 11 та оқова сув кўтариш иншоотини ва оқова сувларниг 318,5 километрлик тармоқларини қуриш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган.
Мазкур ишларнинг амалга оширилиши натижасида аҳолининг марказлашган оқова сувларни чиқариб юбориш хизмати билан таъминланганлик даражасини 22,3 фоизга, жами хизмат кўрсатиладиган аҳоли сонини 8,3 млн. нафарга етказиш режалаштирилган.
Шу билан бирга таҳлиллар соҳада айрим камчиликлар ва ҳал этилиши лозим бўлган масалалар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Жумладан, мавжуд иншоотларнинг 37 фоизи, оқова сувларнинг умумий узунлиги 9 924,6 км бўлган коллекторларининг ва оқова сувларни чиқариб юбориш тармоқларининг 18,2 фоизи ёки 1 810,3 км қисми таъмирталаб ҳолатда.
Оқова сувларни тозалаш иншоотлари ва оқова сув каналлари атрофида бадбўй ҳид тарқалиши ҳамда очиқ сув манбаларига саноат корхоналарининг ташланма оқова сувлари ташланиши натижасида экологик зарар етказилиши ҳолатлари мавжуд.
Маълумотларга кўра, оқова сувларни самарали қайта ишлаш учун замонавий технологиялардан фойдаланмаслик, саноат корхоналарининг ишлаб чиқаришда ҳосил бўладиган оқова сувларни бирламчи қайта ишламасдан асосий тармоққа йўналтириши ва тозалаш учун ресурслар етишмаслиги натижасида ташланмалардаги ифлослантирувчи моддаларнинг рухсат этилган нормалардан юқори миқдорда чиқариб юборилаётганлиги аниқланган.
Амалдаги инфратузилманинг моддий жиҳатдан эскирганлиги, энергия тежамкорлиги кўрсаткичлари ва автоматлаштирилган бошқарув қўлланилмаслиги, аксарият тармоқлар ўз хизмат даврини ўтаб бўлганлиги соҳада жиддий янгиланишларга эҳтиёж мавжудлигини кўрсатмоқда.
Аҳоли томонидан оқова сув тармоғи орқали чиқарилиши мумкин бўлмаган буюмлар ва жисмларни тармоқ орқали чиқариб юбораётганлиги ҳолатларининг олдини олиш, оқова сув сарфини камайтиришга хизмат қилувчи технологияларни кенг қўллаш амалиёти талаб даражасида эмас.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг «Оқова сувларни чиқариб юбориш тизимларини модернизация қилиш ва янгиларини қуриш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида»ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига:
соҳага экологик жиҳатдан сифатли, замонавий, самарали ва энергияни тежовчи технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратиш;
оқова сувларни чиқариб юбориш соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишда, уларнинг мониторингини юритишда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари билан ҳамкорликни кучайтириш;
соҳага рақамлаштиришни кенг жорий этиш ҳамда ахборот технологиялари билан таъминланганлик даражасини янада ошириш бўйича амалий ишларни ташкил этиш;
оқова сувларни чиқариб юбориш тизимларининг фаолияти самарадорлиги истеъмолчилар томонидан баҳоланишига имкон берувчи тизим яратиш;
оқова сув бўйича хизматлар кўрсатувчи объектларни қуриш ва реконструкция қилиш бўйича тендерлар ўтказиш жараёнларини коррупцияга қарши текширувлардан ўтказиш ва уларнинг шаффофлигини таъминлаш;
оқова сувларни чиқариб юбориш бўйича хизматлар кўрсатилишида хусусий секторнинг иштирокини кенгайтириш, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида кенгайтириш чораларини кўриш;
оқова сувларни чиқариб юбориш соҳасида корпоратив бошқарувга ўтиш, малакали кадрларни тайёрлашни йўлга қўйиш бўйича чора-тадбирларни белгилаш;
оқова сувларни чиқариб юбориш тизимларидан фойдаланиш қоидаларига риоя этиш бўйича аҳоли ўртасида тарғибот ва ташвиқот ишларини кучайтириш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси оқова сувларни чиқариб юбориш тизимларини модернизация қилиш ва янгиларини қуриш бўйича амалга оширилаётган ишлар устидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатсин.
4. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари М. Ходжаева зиммасига юклатилсин.
5. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Р. ХАКИМОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 7 октябрь,
1355-V-сон