Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
Қарори
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларни эксперт-криминалистик тадқиқотлардан ўтказиш жараёнлари жадаллаштирилиши муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сон қарори билан тасдиқланган Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги ягона низомга 37-иловага ўзгартириш киритиш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш орқали уларнинг аҳоли саломатлиги ва мамлакатимиз генофондига салбий таъсирини бартараф этиш стратегик чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 6 майдаги ПФ-73-сон Фармони ижросини таъминлаш ҳамда гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларни эксперт-криминалистик тадқиқотлардан ўтказиш жараёнларини жадаллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сон қарори билан тасдиқланган Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги ягона низомга 37-илованинг 12-позицияси тўртинчи устунининг тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлардан ички ишлар органлари, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда божхона органларининг экспертиза ва тезкор-қидирув фаолиятида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Электрон технологияларини ривожлантириш маркази ва Адлия вазирлигининг суд-экспертиза муассасалари фаолиятида лицензия олмасдан фойдаланилади».
2. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.А. Худаяров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 10 ноябрь,
713-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.11.2025 й., 09/25/713/1030-сон)