Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
қарори
«Сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сувни тежайдиган суғориш услублари ва технологияларини жорий этиш ҳамда магистраль ва ички каналларни бетонлаштириш ишларининг бориши тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг парламент сўровига Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Ш. Хамраевнинг жавоби ҳақида
«Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. «Сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сувни тежайдиган суғориш услублари ва технологияларини жорий этиш ҳамда магистраль ва ички каналларни бетонлаштириш ишларининг бориши тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг парламент сўровига Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Ш. Хамраев томонидан юборилган ёзма жавоб маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг ёзма жавоб маълумотида таклиф этилган суғориш тармоқларини бетонлаштириш ишларини рағбатлантириш мақсадида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига субсидиялар ва имтиёзли кредитлар ажратиш, сув объектларини бетонлаштирган ҳамда соз ҳолатда сақлаган сув истеъмолчилари учун солиқ тўловлари бўйича имтиёзлар бериш механизмларини жорий қилиш масаласини кўриб чиқиш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси парламент сўровини кўриб чиқиш натижалари бўйича белгиланган чора-тадбирларнинг ижро этилиши юзасидан парламент назоратини амалга оширсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 23 сентябрь,
1327-V-сон