Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2025 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2025 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) таъкидлайдики, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг (бундан буён матнда Давлат бюджети деб юритилади) ижроси «2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган бюджет параметрлари доирасида амалга оширилган.
Дунёда кузатилаётган сиёсий ва иқтисодий беқарорликларга қарамай мамлакатимизда барқарор иқтисодий ўсиш жараёнлари давом этмоқда. Ҳисобот даврида ялпи ички маҳсулот ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,2 фоизга, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш 6,6 фоизга, бозор хизматлари 13,3 фоизга, қурилиш ишлари 10,7 фоизга ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш 4,0 фоизга ошган. Шунингдек, бюджет барқарорлигини таъминлаш бўйича тизимли ишлар давом эттирилиб, Давлат бюджети даромадлари 103,4 фоизга бажарилган ҳамда харажатлар бўйича режа кўрсаткичлари 96,8 фоизни ташкил этган.
2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида Давлат бюджети даромадлари 144,2 трлн. сўмни ташкил этиб, 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 19,2 фоизга ошган.
Давлат бюджетининг харажатлари эса ҳисобот даврида 173,3 трлн. сўмни ташкил этиб, 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 16,0 фоизга ўсган. Мамлакатимизда ижтимоий давлат принципига амал қилинган ҳолда Давлат бюджети харажатларининг 49,8 фоизини ижтимоий соҳани ривожлантириш ва аҳолини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш харажатлари ташкил қилган. Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида ижтимоий харажатлар учун Давлат бюджетидан 86,2 трлн. сўм ёки 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 12,1 трлн. сўм кўп маблағ йўналтирилган.
Шу билан бирга Давлат бюджетининг ижросини таъминлаш борасида ҳам айрим камчиликларга йўл қўйилган. Жумладан, Давлат бюджетидан етарлича маблағлар ажратилган бўлса-да, айрим вазирликлар ва идоралар томонидан маблағлар ўз вақтида ҳамда тўлиқ ўзлаштирилмасдан қолмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қон компонентлари захирасини яратиш мақсадида қон билан ишлаш хизмати муассасаларини зарур миқдордаги гемоконтейнерлар билан таъминлаш ва ҳар йили 2 500 та окклюдер харид қилишга ажратилган маблағлар йўналтирилмаган, онкология ёрдамини такомиллаштириш ва онкология хизматини янада ривожлантириш учун харажатлар деярли амалга оширилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан санитар тозалаш ишларини ташкил этиш ва аҳоли пунктларида тозаликни таъминлаш билан боғлиқ харажатлар учун ажратилган маблағлар йўналтирилмаган. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларга уларнинг амалиётни ўташи даврида базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдоридаги ҳар ойлик субсидиялар берилмаган, шунингдек олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловларини қайтариш шартисиз қоплаш учун режалаштирилган харажатлар ҳам сарфланмасдан қолган.
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан умумий ўрта таълим муассасаларида дарсликларни ва мактабларда маънан эскирган компьютер синфларини янгилаш харажатлари ҳамда давлат мактабгача таълим ташкилотларини дидактик материаллар билан таъминлаш харажатлари учун ажратилган маблағлар тўлиқ ишлатилмаган.
Ҳисобот даври давомида ички аудит хизматлари томонидан ўтказилган аудит тадбирлари натижасида жами 551,0 млрд. сўмлик мақсадсиз ва самарасиз харажатларнинг олди олинган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2025 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2025 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот тасдиқлансин.
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг даромадлари 175,6 трлн. сўмни, харажатлари эса 203,0 трлн. сўмни ташкил этиб, 27,4 трлн. сўм ялпи ички маҳсулот (йиллик прогноз)га нисбатан 1,6 фоиз тақчиллик билан бажарилганлиги қайд этилсин.
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ҳар йили ажратилган субсидиялардан мақсадли ва самарали фойдаланилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
Давлат бюджети даромадларининг прогноз кўрсаткичларини таъминлашга ҳамда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган тизимли чораларни изчил давом эттириш;
«Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга доир давлат дастури ижросини таъминлашда Давлат бюджети харажатларини «яшил» бюджетлаштириш тамойиллари асосида таснифланган атроф-муҳит мақсадларининг камида биттасига ижобий таъсир кўрсатадиган ва салбий таъсирга эга бўлмаган харажатлар улушини мунтазам ошириб бориш;
Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси бўйича кейинги ҳисоботлар билан биргаликда:
вазирликлар ва идораларнинг ривожлантириш дастурларининг мақсадли индикаторларини режа кўрсаткичлари билан биргаликда, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурининг ижро этилиши ҳолати бўйича ҳудудлар ва лойиҳалар кесимидаги таҳлилий маълумотларни;
давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси бўйича ҳар бир харажатлар кесимида батафсил таҳлилий маълумотларни Қонунчилик палатасига киритиб бориш чораларини кўриш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги:
Давлат бюджетидан харажатларнинг ўз вақтида молиялаштирилишини, бюджет интизомининг бузилиши, камомадга ва мақсадсиз харажатларга йўл қўйилиши ҳолларининг олдини олиш, шунингдек вазирликлар ва идораларнинг ривожлантириш дастурлари ҳамда уларнинг мақсадли индикаторлари ижроси бўйича доимий мониторингини кучайтириш;
Давлат бюджетидан ҳар йили ажратилган субсидиялардан мақсадли ва самарали фойдаланилиши юзасидан доимий мониторинг ўрнатсин ҳамда мониторинг натижалари бўйича маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг чораклик ҳисоботлари билан бирга киритиш чораларини кўрсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси солиқларнинг йиғилувчанлик даражасини ошириш, яширин иқтисодиётга қарши курашиш, тадбиркорларнинг қонуний фаолият юритишига кўмаклашиш, боқиманда қарздорликларни камайтириш ҳамда ортиқча тўловларга йўл қўймаслик чораларини кўрсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларига Давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар ҳисобидан амалга оширилаётган давлат дастурларининг, тармоқларга оид ва ҳудудий дастурлар ҳамда лойиҳаларнинг натижадорлигини ўз фаолияти йўналишларидан келиб чиққан ҳолда ўрганиш ва бу борадаги парламент назоратини кучайтириш чораларини кўриш тавсия этилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталарига тегишли вазирликлар ва идораларнинг ривожлантириш дастурлари ҳамда уларнинг мақсадли индикаторлари ижросини ўз фаолияти йўналишларидан келиб чиққан ҳолда таҳлил қилиб, тегишли вазирликлар ва идоралар раҳбарларининг ахборотини қўмита мажлисларида эшитиб бориш тавсия этилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатларига Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурининг ўз вақтида молиялаштирилиши ҳамда бюджет маблағларидан фойдаланишнинг мақсадлилиги ва натижадорлиги халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг мажлисларида кўриб чиқилиши жараёнида иштирок этиш тавсия этилсин.
8. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 9 сентябрь,
1251-V-сон