Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
МУОМАЛАДАГИ НАҚД ПУЛЛАРНИ КАМАЙТИРИШГА ОИД ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 18 октябрдаги ПФ-6325-сонли «Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Нақд пул муомаласини тартибга солиш ва пулларнинг асоссиз равишда кўпайиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва тижорат банклари корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларга, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, нақд пулларни иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, пенсиялар, нафақалар ва стипендияларни тўлашга, шунингдек, хизмат сафари харажатлари учунгина берсинлар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Белгилаб қўйилсинки, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги ҳисоб-китоблар банк муассасалари орқали нақд пулсиз амалга оширилади;
давлат (акционерлик) корхоналари ва ташкилотларидан кооперативлар, фермерлар, хусусий ва кичик корхоналарнинг ҳисоб-китоб счётларига тушадиган пул маблағлари операциялар ва тўловлар уларнинг устав фаолияти соҳасига мувофиқ келган тақдирда қўшиб қўйилади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
аҳолининг омонатлари бўйича операциялар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг лицензияларига эга бўлган банк муассасалари томонидан амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Ушбу қарор чиққан кундан бошлаб «Ўзкооптайёрловсавдо», бошқа воситачи ва тайёрлов ташкилотларининг аҳолидан харид қилинган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти учун нақд пул тўлашлари тақиқлансин. Бунда маҳсулотларнинг ҳақи жамғарма тармоғига эга бўлган банкларда фуқароларнинг алоҳида ҳисоб-китоб счётларига маблағ ўтказиш йўли билан тўлансин.
Банк муассасалари ана шу ҳисоб-китоб счётларидан маблағларни тегишли банкларнинг ҳисоб-китоб чеклари ва чек дафтарчаларидаги чеклар ҳолидагина берсинлар.
«Ўзкооптайёрловсавдо» бирлашмасига қишлоқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тайёрлаш ва чорва моллари харид қилиш учун нақд пул қандай мақсадларга ажратилгани ва қайтарилиши кўрсатилган ҳолда фақат республика Ҳукуматининг қарорига биноан ажратилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. 1994 йилнинг 11 июлидан бошлаб нақд пулга майда улгуржи савдо қилиш, шунингдек, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг жорий хўжалик эҳтиёжлари учун нақд пул бериш тақиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Марказий банки «Ўзбексавдо» уюшмаси ва Ўзбекбирлашув бошқаруви билан биргаликда бир ҳафта муддатда майда улгуржи савдо бўйича товарлар сотиш ва нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича корхоналарнинг жорий хўжалик эҳтиёжларини таъминлаш тартиби, шунингдек, умумий овқатланиш ташкилотлари тушган фойданинг бир қисмидан қишлоқ хўжалиги маҳсулоти харид қилиш учун фойдаланиши тартиби тўғрисида таклифлар киритсинлар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. 1994 йилнинг 1 августидан меҳнатга ҳақ тўлаш учун ажратиладиган маблағлар давлат йўли билан тартибга солиниши жорий этилсин. Шу мақсадда:
мулкчиликнинг барча шаклларидаги корхоналар ва ташкилотлар (бюджетдагилардан ташқари) маҳсулот (иш, хизмат) ҳажми ўсишининг ҳар бир фоизи учун база даврига нисбатан иш ҳақи фондини таққослама нархларда 0,7 фоизгача оширишлари мумкинлиги;
хўжалик юритувчи субъектлар белгиланган нисбатни турли сабабларга кўра ошириб юборган ҳолларда меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг асоссиз оширилган қисми тўлов бюджет ҳисобига ўтказилиши белгилаб қўйилсин.
Тижорат банклари хўжалик юритувчи субъектлар томонидан меҳнатга ҳақ тўлаш учун маблағлар сарфланиши устидан ҳар чоракда назорат ўрнатсинлар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддатда амалдаги қонун ҳужжатларига ҳамда Ўзбекистон Республикасида илгари қабул қилинган қарорларга мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифлар тақдим этсин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1994 йил 11 июль,
356-сон