Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
қарори
Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маъруза ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маъруза ҳақидаги ахборотини эшитиб, 2024 йилда мамлакатда коррупцияга қарши курашиш соҳасида муайян ишлар амалга оширилганлигини қайд этади.
Хусусан, коррупцияга қарши курашиш соҳасини янада такомиллаштиришга қаратилган 8 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган.
Бунинг натижасида манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатлар қонун билан тартибга солиниб, ўтган даврда 85 581 нафар ходим манфаатлар тўқнашуви бўйича ўқитилган, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган 362 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
«Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси» электрон платформаси ишга туширилиб, платформада 11 518 нафар давлат хизматчиси, мактабгача таълим ташкилотларининг 1 млн 523 минг тарбияланувчиси, 1 млн 913 минг мактаб ўқувчиси, олий таълим муассасаларининг 30 минг талабаси коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқитилган.
Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиладиган хизматлар сони 750 тадан ошган, хусусан, 2024 йилда пенсия тайинлаш учун ариза бериш, тиббий маълумотнома олиш (083), кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш, меҳмонхона қуриш учун субсидия олиш, талабалар учун таълим кредити олиш ва бошқа бир қанча хизматлар электрон шаклга ўтказилган.
Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятини рақамлаштиришга қаратилган 75 та лойиҳа амалиётга жорий этилган.
Давлат буюртмачилари томонидан давлат харидларининг рақобатли тарзда амалга оширилиши натижасида 13,8 трлн сўм маблағ тежалган.
Мактабгача ва мактаб таълими соҳасида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳаси ишга туширилиб, соҳага оид 79 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилган, 1 605 нафар ходим Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида ўқитилган, коррупциявий хавф-хатарга энг кўп дуч келадиган вазифа ва функциялар махсус электрон платформада (e-anticor) баҳоланган.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари учун коррупцияга қарши курашиш мавзуларида 1 млрд 784 млн сўмлик грант танловлари эълон қилинган, 34 та семинар-тренинг ташкил этилиб, ННТ, ОАВ, Жамоатчилик кенгашларининг 840 нафар вакилининг малакаси оширилган.
Тадбиркорлик соҳасида лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соддалаштирилиб, 2024 йил 1 мартдан бошлаб 19 та ҳужжат ва тартиб-таомил бекор қилинган ва 3 таси хабардор қилиш тартибига ўтказилган.
«Аксилкоррупция ҳафталиги» доирасида 110 дан ортиқ ташкилотларда «Очиқ эшиклар куни», 334 та муассасада давра суҳбатлари ва тренинглар, республика ва халқаро даражада 3 та форум ўтказилган, 210 дан ортиқ видеороликлар намойиш этилган.
Бюджет маблағлари ҳаракати устидан ўрнатилган масофавий мониторинг натижасида 554 та ҳолатда давлат харидлари билан боғлиқ 3,1 трлн сўмлик ноқонуний харажатларнинг олди олинган.
Шунингдек, хорижий ҳамкорлар билан коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қиймати 8 млн АҚШ долларига тенг 4 та қўшма лойиҳа ишга туширилган.
Амалга оширилган ишлар билан бирга соҳада ўз ечимини кутаётган айрим муаммо ва камчиликлар ҳам сақланиб қолмоқда.
Жумладан, 2024 йилда республика бўйича судлар томонидан 7 354 нафар шахс коррупцияга оид жиноятлар учун жиноий жавобгарликка тортилган.
Коррупцияга оид жиноятлар оқибатида давлат манфаатларига 2,8 трлн сўм миқдорида зарар етказилган.
Коррупцияга оид жиноят ишлари бўйича судланган шахсларнинг аксарияти мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш ташкилотлари, тижорат банклари ҳамда бандлик соҳаси ходимлари ҳисобланади.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг коррупцияга қарши экспертизаси бўйича 2 350 та лойиҳанинг 222 тасида ёки 11 фоизида 337 та коррупциявий омил аниқланган.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш амалиёти жорий этилганлигига 4 йил бўлганига қарамасдан, айрим вазирлик ва идоралар томонидан лойиҳаларни экспертизадан ўтказилмаслик ҳолатлари мавжуд.
Коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилмай киритилган энг кўп лойиҳалар салмоғи Жиззах вилояти ҳокимлиги (8 та), Инвестициялар, саноат ва савдо (6 та), Энергетика, Қишлоқ хўжалиги, Ташқи ишлар (5 тадан) вазирликлари ҳисобига тўғри келмоқда.
Вазирлик ва идоралар томонидан ўзларига ажратилган бюджет маблағларидан 496 млрд сўм мақсадсиз ортиқча сарфланган.
Масалан, олий таълим тизимидаги ташкилотларда иш ҳақи ҳамда стипендия тўловлари учун бюджет маблағларидан 45,2 млрд сўм ортиқча сарфланган, бандлик тизимида 14 млрд сўмлик ва бошқа соҳаларда 1,7 трлн сўмлик мақсадсиз ва самарасиз харажатларга йўл қўйилган.
Давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолияти қонунчиликда белгиланган тартибда йўлга қўйилмаган.
Хусусан, 25 та Жамоатчилик кенгашида ННТ вакиллари етарли таркибда иштирок этмаган, Жамоатчилик кенгаши аъзолари сони 15 нафар бўлиши белгиланган бўлиб, 3 та Жамоатчилик кенгашида ушбу талабга риоя қилинмаган, 7 та Кенгаш раиси давлат хизматчилари орасидан тасдиқланган.
Масалан, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (13 нафар), Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги (11 нафар) ва Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси (7 нафар) Жамоатчилик кенгаши аъзолари сони 15 нафардан кам таркибда ташкил этилган.
Соғлиқни сақлаш, Энергетика, Ташқи ишлар, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирликлари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Маданий мерос агентлигида мазкур ташкилотлар ходимлари Жамоатчилик кенгашига раҳбар сифатида тайинланган.
Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш натижаларига кўра баҳолашдан ўтказилган 102 та давлат ташкилотидан 8 тасининг фаолияти «қониқарсиз» (55 баллдан паст) баҳоланган.
Жумладан, Ғазначилик хизмати қўмитаси (17 балл), Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги (26 балл), «Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази» ДМ (28 балл), «Давлат экологик экспертизаси маркази» ДМ (48 балл), «Ўзагролизинг» АЖ (53 балл), Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш маркази (53 балл) илк баҳолашдан ўтказилган бўлиб, фаолияти қониқарсиз баҳоланган.
Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражасини баҳолаш тизими, яъни Очиқлик индекси натижасига кўра 2024 йил якуни бўйича баҳолашдан ўтказилган 98 та давлат органи ва ташкилотларидан 14 тасининг фаолияти «қизил» (55 баллдан паст) самарадорлик кўрсаткичини қайд этган.
Хусусан, Фарғона вилояти ҳокимлиги 54 балл, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ 52 балл, Электр энергияси, нефт маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси 51 балл, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси 50 балл, Гидрометеорология хизмати агентлиги 45 балл, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги 32 балл, Кинематография агентлиги 30 балл ва Андижон вилояти ҳокимлиги 28 балл «қизил» тоифада баҳоланган.
Андижон вилояти ҳокимлиги ва Кинематография агентлиги ўтган йил ҳам «қизил» тоифада баҳоланган.
Ушбу ҳолатлар коррупцияга қарши курашишга қаратилган фаолиятни янада кучайтириш борасида тегишли чора-тадбирлар кўриш зарурлигини кўрсатади.
Юқоридагиларга асосан «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонуннинг 82-моддаси ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Қонуннинг 252-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маъруза ҳақидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (А. Бурхонов):
вазирлик ва идоралар билан биргаликда энг пастки бўғинга тушган ҳолда соҳалар кесимида коррупцияга сабаб бўлаётган омилларни аниқлаб, уларни бартараф этиш тизимини йўлга қўйсин;
«Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги Қонун талаблари асосида вазирлик ва идораларда ўрганишлар ўтказиб, манфаатлар тўқнашувига йўл қўяётган мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини таъминлаш чораларини кўрсин;
мунтазам равишда коррупцияга оид жиноятларни таҳлил қилиб, жиноятлар сони ошиб бораётган соҳаларда зарур чора-тадбирларни амалга ошириш учун тақдимномалар киритсин ҳамда натижадорлигини Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашида муҳокама қилсин;
коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказилаётган Соғлиқни сақлаш, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, Сув хўжалиги вазирликлари, «Ўзбекнефтгаз» АЖ ҳамда «Ўзсувтаъминот» АЖда ички назорат бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириб, мониторинг қилсин;
Очиқлик индекси натижаларига кўра «қизил» тоифага киритилган давлат органлари ва ташкилотларида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича ўз вақтида тақдимномалар киритсин;
коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш натижаларига кўра фаолият самарадорлиги «қониқарсиз» деб топилган давлат органлари ва ташкилотлари томонидан коррупцияга қарши курашишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва уларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилишига кўмаклашсин;
амалга оширилган ишлар юзасидан жорий йилнинг 10 ноябрига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ахборот киритсин.
3. Адлия вазирлиги ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги доимий равишда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилишини мониторинг қилиб, бу борада қонун бузилишига йўл қўяётган ташкилотларга тақдимнома киритсин.
4. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси, Соғлиқни сақлаш, Энергетика, Ташқи ишлар, Камбағаллик ва бандлик вазирликлари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Маданий мерос агентлиги бир ой муддатда Жамоатчилик кенгашлари фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3837-сонли қарори талаблари асосида ташкил этиб, амалга оширилган ишлар юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлигига ахборот берсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги доимий равишда коррупцияга оид жиноятлар оқибатида давлат манфаатларига етказилган зарарни айбдор шахслардан ундириш чораларини кўрсин.
6. Ташқи ишлар вазирлиги Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан биргаликда ҳар ойда Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги халқаро рейтингларда мамлакатимиз ўрнини яхшилаш ҳамда олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида рейтинг ташкилотлари, хорижий экспертлар ва халқаро ҳамжамиятни хабардор қилиш мақсадида хорижий давлатлар оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистондаги аксилкоррупция ислоҳотлари тўғрисида маълумотлар чоп этилишини таъминласин.
7. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Бош прокуратура, Олий суд, Судьялар олий кенгаши, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва барча масъул идоралар билан биргаликда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари учун коррупцияга қарши курашиш бўйича тармоғининг Истанбул ҳаракатлар режаси доирасида Ўзбекистоннинг 5-раунд мониторинг якунлари бўйича ишлаб чиқилган ва Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши томонидан тасдиқланган «йўл харитаси» ижросини ўз вақтида таъминласин ҳамда 5-раунд 2-босқич мониторингини 2026 йилгача ўтказиш чораларини кўрсин.
8. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси:
таълим муассасаси тарбияланувчилари, ўқувчилари ва талабалари учун ишлаб чиқилган курслар самарадорлиги, натижадорлигини баҳоловчи мезонлар асосида услубиёт ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этсин. Бунда мазкур ўқув курслари аҳоли ва ёшлар учун фойдали бўлаётганлиги бўйича сўровномалар ўтказиб, уларнинг ўқув курсларидан қониқиш ҳосил қилиш даражасини инобатга олсин;
таълим муассасалари ўқувчилари учун мўлжалланган ўқув дастури учун ишлаб чиқилган курслар, уни такомиллаштириш бўйича ўқитувчилар, ўқувчилар фикрини олиш тизимини йўлга қўйсин ҳамда мазкур фикрлар асосида ўқув курсларини мунтазам такомиллаштирсин.
9. Масъул вазирлик ва идоралар ҳамда вилоят ҳокимликлари ушбу Қарорнинг ижро этилиши бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига белгиланган муддатларда ахборот тақдим этсин.
10. Мазкур Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг раиси А. Эшмуратов зиммасига юклансин.
11. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2025 йил 5 сентябрь,
СҚ-183-V-сон