Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитасининг 2025 йил январь — июль ойларидаги фаолияти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитасининг (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) 2025 йил январь — июль ойларидаги фаолияти тўғрисидаги ахборотини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши таъкидлайдики, Қўмита томонидан аҳолининг соғлиғини сақлаш ва ижтимоий муҳофаза қилиш каби йўналишларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ҳамда ўз фаолияти доирасида таъсирчан парламент назоратини олиб бориш борасида муайян ишлар амалга оширилган.
Ҳисобот даврида Қўмита 17 та қонун лойиҳасига масъул бўлган. Уларнинг 16 таси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилган.
«Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида»ги, «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги, «Ижтимоий иш тўғрисида»ги, «Озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги тўғрисида»ги қонунлар шулар жумласидандир.
Қўмита масъул бўлган қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш ва маромига етказиш мақсадида жами 155 марта ишчи гуруҳи йиғилиши ўтказилган.
Қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш жараёнини янада самарали ташкил этиш, улардаги нормаларнинг халқчил бўлишини таъминлаш ва ислоҳотлар жараёнига таъсирини янада кучайтириш мақсадида 2025 йил 14 март куни Қўмита ҳузурида экспертлардан, мутахассислардан ва фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат Жамоатчилик кенгаши ташкил этилган.
Шунингдек Қўмита фаолиятига тажрибали экспертлар ва олимларни кўпроқ жалб қилиш мақсадида 6 та илмий-тадқиқот ташкилоти ва таҳлил маркази билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланган.
Кўриб чиқилаётган даврда Қўмита томонидан давлат органлари раҳбарларининг ахборотини эшитишга доир 2 та ҳамда қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолатини ўрганишга тааллуқли 2 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилган.
Жумладан, Қўмита томонидан «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижро этилиши ҳолати Бухоро ва Самарқанд вилоятлари мисолида, камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қабул қилинган дастурларнинг амалга оширилиши Сурхондарё вилояти мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганилган.
Бундан ташқари, 2025 йил 6 май куни Қўмита ҳамда «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А. Худаяровга «Аҳоли орасида онкологик касалликларнинг олдини олиш ва барвақт аниқлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида» парламент сўрови юборилган.
Ҳисобот даврида Қўмита томонидан жами 12 та ташкилий-амалий тадбир, шу жумладан 5 та семинар, 2 та конференция ва 2 та давра суҳбати ташкил этилган. Хусусан, 2025 йил 17 июль куни Қўмита томонидан фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи «РОМПҲАРМ НС» қўшма корхонасида ташкилот ходимлари ва мутахассислар иштирокида очиқ мулоқот ўтказилган. Учрашувда сифатли дори-дармон воситаларини ишлаб чиқариш ва соҳага доир қонунчиликни такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинган.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида ўрганишга ҳамда уларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилган. Шунга кўра, ўтган даврда Қўмита номига фуқаролардан келиб тушган жами 340 та мурожаат белгиланган тартибда кўриб чиқилган.
Қўмита фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, соҳага оид қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка етказиш мақсадида оммавий ахборот воситалари билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Қўмитанинг ҳисобот давридаги фаолияти юзасидан оммавий ахборот воситаларида жами 2000 тага яқин чиқиш қилинган.
Шу билан бирга, Қўмитанинг ўтган даврдаги фаолияти таҳлили келгусидаги ишларни ташкил этишда бир қатор жиҳатларга эътиборни янада кучайтириш лозимлигини кўрсатмоқда.
Жумладан, қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш ва назорат-таҳлил тадбирларини ўтказиш жараёнида Қўмита ҳузурида ташкил этилган Жамоатчилик кенгаши имкониятидан самарали фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
Қўмита ўзининг кўриб чиқишида бўлган қонун лойиҳаларини ўз вақтида ва сифатли тайёрлашга ҳамда белгиланган муддатда Қонунчилик палатасининг мажлисига киритишга жиддий эътибор қаратиши керак. Бундан ташқари, ҳуқуқни қўллаш амалиётини мунтазам равишда таҳлил қилган ҳолда, ўз фаолиятига доир қонун ҳужжатларини такомиллаштириш борасида ташаббускорликни ошириши лозим.
Қўмитанинг назорат-таҳлил фаолиятида, шунингдек давра суҳбати, семинар, конференция каби тадбирларни ташкил этишда натижадорликка алоҳида эътибор қаратиш муҳим аҳамиятга эга.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитасининг 2025 йил январь — июль ойларидаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси:
ўз фаолиятига доир қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга;
ўзи масъул бўлган қонун лойиҳаларини Қўмита ҳузурида тузилган Жамоатчилик кенгаши йиғилишларида мунтазам равишда муҳокама қилишга;
парламент назорати тадбирлари якунлари бўйича қабул қилинган қарорларнинг ижросини мониторинг қилишга;
қўмита томонидан кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаларининг ва ўтказилаётган назорат-таҳлил тадбирларининг мазмун-моҳиятини доимий равишда жамоатчиликка етказишга;
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз муддатида кўриб боришга ва фуқаролардан қонунчиликни такомиллаштириш бўйича келиб тушган таклифларни улар иштирокида Қўмита мажлисларида муҳокама қилишга алоҳида эътибор қаратсин.
3. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари М. Ходжаева зиммасига юклатилсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари М. ХОДЖАЕВА
Тошкент ш.,
2025 йил 18 август,
1214-V-сон