Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қарори
Наманган вилояти ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш дастурлари ижроси тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан Наманган вилояти ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш дастурларининг ижроси парламент назорати доирасида ўрганилди.
Ўрганиш кўрсатганидек, вилоятда жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 35,3 трлн сўмлик ялпи ҳудудий маҳсулот яратилган, ҳудуд иқтисодиёти 7,3 фоизга, шу жумладан саноат ҳажми 9,1 фоизга, қурилиш ишлари 12,7 фоизга, бозор хизматлари 12 фоизга, қишлоқ хўжалиги 4,4 фоизга ўсган.
Экспорт ҳажми қарийб 324 млн долларга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 106,4 фоизга ўсган. 492 турдаги маҳсулот 46 та хорижий давлатга экспорт қилинган.
Инвестиция дастурлари доирасида 248,6 млн долларлик 445 та лойиҳа ишга туширилган, 11 мингга яқин янги иш ўринлари яратилган. 1,6 млрд долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилган.
Кичик ва ўрта тадбиркорлик фаолияти учун 2,4 трлн сўмлик кредитлар ажратилган. Ҳоким ёрдамчилари ва маҳалла банкирлари кўмагида 19,5 мингта микролойиҳа ишга туширилган.
Хусусийлаштириш дастури доирасида 81 та давлат активи ҳамда 704 та ер участкаси (43 гектар) аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига электрон онлайн-аукцион савдолари орқали сотилган.
Маҳаллийлаштириш дастури бўйича 391,6 млрд сўмлик импорт ўрнини босувчи 25 турдаги (шундан 11 таси янги) маҳсулот ишлаб чиқарилган.
Аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш дастури доирасида 191 минг кишининг бандлиги таъминланган. Ишсизларнинг 13,2 минги касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилган. 8,5 мингдан зиёд оила (31,5 минг аҳоли) камбағал оилалар реестридан чиқарилган.
Оғир тоифадаги 86 та маҳалланинг электр таъминоти барқарорлигини таъминлаш мақсадида 161 та трансформатор ўрнатилган ва 430 км электр тармоғи тортилган, 70 тасининг сув таъминотини яхшилаш учун бюджетдан ажратилган 77,8 млрд сўм эвазига 11,4 минг хонадоннинг 6,3 минг гектар томорқа ер майдонлари иқтисодий айланмага киритилган.
Маҳаллий бюджет даромадлари ижроси прогнозга нисбатан 104 фоизга бажарилган ва бюджетга тушумлар 1,9 трлн сўмни ташкил қилган. Ташаббусли бюджет дастури доирасида 198 та лойиҳа учун қарийб 250 млрд сўм маблағ ажратилган.
Шу билан бирга, ўрганиш натижалари вилоят ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини даромадли меҳнат билан банд қилиш ва камбағалликни қисқартиришга қаратилган вазифалар ижросини таъминлашда айрим камчилик ва ўз ечимини кутиб турган масалалар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Жумладан, 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида Мингбулоқ (55,5 фоиз) ва Чуст (71 фоиз) туманларида асосий капиталга инвестициялар ҳажмида ўсиш суръатлари таъминланмаган. Экспорт прогнози ижроси Поп (41 фоиз), Янги Наманган (64 фоиз) ва Норин (68 фоиз) туманларида бажарилмаган.
16 та йирик саноат корхонасида ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан камайган. Шунингдек, охирги йилларда тижорат банклари кредити ҳисобига ишга туширилган 71 та саноат лойиҳасидан бугунги кунда 37 таси тўлиқ қувватда ишламоқда, холос.
Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши асосан Наманган шаҳри ва Поп тумани ҳиссаларига тўғри келади. Наманган ва Чортоқ туманларида эса инвестициялар ҳажми 25 млн долларга ҳам етмаган.
Маҳаллийлаштириш дастури доирасида Чуст туманида амалга оширилган 4 та (411,8 млрд сўм) лойиҳада атиги 1 та иш ўрни яратилган бўлса, Тўрақўрғон, Уйчи ва Янгиқўрғон туманларидаги лойиҳаларда қўшимча янги иш ўринлари ташкил этилмаган.
2023-2024 йиллардаги хусусийлаштириш дастурлари доирасида 25 та давлат активи балансда сақловчилар томонидан Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказиб берилмагани ва бошланғич нархни пасайтириш механизми ўз вақтида қўлланилмагани ёки ижро этиш органлари томонидан тақиқ қўйилиши оқибатида бугунги кунга қадар хусусийлаштирилмасдан қолмоқда.
Оилавий тадбиркорлик дастури доирасида муаммоли кредитлар қолдиғи йил бошига нисбатан Янгиқўрғон (3,7 баробар) ва Наманган (1,6 баробар) туманларида ошган.
Шаҳар ва туман ҳокимликлари томонидан тадбиркорлик фаолияти учун ер участкаларини аукцион савдоларига чиқаришда ҳудуднинг ихтисослашуви, коммуникация ўтказиш имконияти, аҳоли яшаш пунктларига яқинлиги каби мезонлар инобатга олинмаганлиги учун қарийб 2,2 мингта ер участкаси бир йилдан буён сотилмаган.
Учқўрғон, Косонсой ва Уйчи туманларида давлат рўйхатидан ўтган кичик корхона ва микрофирмаларнинг ярмидан ортиғи фаолият кўрсатмаяпти.
Аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш дастурларида белгиланган айрим вазифаларнинг ижроси таъминланмаган.
Хусусан, мазкур дастурлар ижросини мувофиқлаштириб, мавжуд муаммоларни тезкор бартараф этиш бўйича штаб фаолияти самарали йўлга қўйилмаган.
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлашнинг мақсадли кўрсаткичлари доирасида Чуст, Уйчи, Норин ва Янги Наманган туманларида режага нисбатан 5 — 10 фоизга кам аҳоли банд қилинган. Шунингдек, белгиланган режа инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш ҳисобига атиги 49 фоизга, қишлоқ хўжалиги соҳасида эса 79 фоизга таъминланган.
Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш бўйича энг паст кўрсаткич Янги Наманган туманида қайд этилган. Жумладан, АТ «Халқ банки» ва «Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ томонидан режанинг бажарилиши 3 фоизни ҳам ташкил этмаган.
Ишга тушган инвестиция лойиҳаларида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ишлари манзилли ташкил қилинмаганлиги учун ушбу йўналишда Янгиқўрғон (5 фоиз), Чортоқ (6,8 фоиз) ва Наманган (9,3 фоиз) туманларида мақсадли кўрсаткичлар 10 фоизга ҳам бажарилмаган.
Жорий йилнинг январь — июнь ойларида вилоятда камбағаллик реестрига киритилган оилаларнинг 14,2 фоизи камбағалликдан чиқарилган бўлса, бу борада энг паст кўрсаткич Норин (8,8 фоиз) ва Янгиқўрғон (12,6 фоиз) туманларида қайд этилган.
Камбағалликни қисқартиришга қаратилган айрим лойиҳаларни амалга оширишда Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалар аъзоларини қамраб олишга, шу жумладан камбағал аҳолини ўқитиш ва бандлигини таъминлаш масаласига етарли даражада эътибор қаратилмаган.
Хусусан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига тегишли техникумлардаги қисқа муддатли курсларга ўқишга жалб қилинган 307 нафар фуқародан атиги 2 фоизи камбағаллик реестридагиларни ташкил этади.
Туризм салоҳияти юқори бўлган Поп тумани «Гулистон» маҳалласида меҳмон уйлари ташкил этилган бўлса-да, уларга «Камбағал оилалар реестри»га киритилганларни ишга жойлаштириш чоралари кўрилмаган.
Касбий кўникмалар марказларида бугунги кунда талаб юқори бўлган «сув тежовчи суғориш технологияларига хизмат кўрсатувчи техник» ҳамда «электромобилларга техник хизмат кўрсатувчи чилангар» касблари бўйича ўқув курслари ташкил қилинмаган.
Янги Наманган туманида иш берувчилар буюртмаси ва тижорат банклари мижозлари эҳтиёжи асосида ишсиз аҳолини, шу жумладан камбағал оилалар аъзоларини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга манзилли ўқитиш чоралари кўрилмаган.
Тасдиқланган мақсадли кўрсаткичлар доирасида 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида Янги Наманган туманида 5 та, Чуст туманида 2 та оғир тоифадаги маҳаллада нодавлат оилавий мактабгача таълим ташкилотлари ишга туширилмаган.
Оғир тоифадаги Норин туманида камбағаллик ва ишсизликни кескин камайтиришнинг мақсадли кўрсаткичлари доирасида 1,2 мингга яқин аҳоли камбағалликдан чиқарилган ва йиллик режа атиги 14 фоизга бажарилган.
Янги ёндашувлар асосида аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб қилиш ҳамда камбағалликдан чиқариш бўйича «йўл харитаси»да жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида пилот тариқасида ишга туширилиши белгиланган Норин тумани, «Тегирмонбоши» маҳалласида фотоэлектр станциясини қуриш учун ҳанузгача ер майдонлари ажратилмаган.
«Компания — кооператив — деҳқон хўжалиги» тамойили асосида 21 та кооператив ташкил қилинган, лекин уларнинг 8 тасида иш ўринлари қайд этилмаган, 11 тасида эса атиги 1 тадан иш ўрни яратилган.
Ижтимоий дафтарларга киритилган аҳолининг муаммоларини тизимли ҳал этиш, шу жумладан моддий ёрдам кўрсатиш ишлари айрим ҳудудларда суст ташкил қилинган. Шу билан бирга, ажратилган маблағлардан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиш ҳолатларига йўл қўйилган.
Жорий йилнинг 1 июль ҳолатига «Аёллар дафтари»га киритилган боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизларга моддий ёрдам кўрсатилиши Поп (11,3 фоиз) ва Давлатобод (16,7 фоиз) туманларида 20 фоизни ҳам ташкил қилмаган. Наманган шаҳри (794 нафар) ва Чуст туманида (1,4 минг нафар) тиббий муолажага муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизларга моддий ёрдам кўрсатилмаган.
Шунингдек, «Ёшлар дафтари»даги ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича энг паст рейтинг кўрсаткичи Поп, Норин ва Янгиқўрғон туманларида қайд этилган. Ушбу туманларда жамғармаларда маблағ етишмаслиги оқибатида 230 нафар кишига амалий ёрдам кўрсатилмаган.
Маҳаллий бюджет даромадлари ижросини таъминлаш, шу жумладан муддати ўтган солиқ қарздорлигини ундириш борасида айрим ҳудудларда ишлар самарадорлиги паст. Жумладан, солиқ тўловчиларнинг бюджет олдидаги муддати ўтган қарздорлиги йил бошига нисбатан Мингбулоқ (3,7 баробар), Учқўрғон (2,3 баробар), Тўрақўрғон (1,6 баробар), Норин (1,4 баробар), Поп (1,3 баробар), Наманган (1,3 баробар) ва Чуст (1,1 баробар) туманларида ошган.
Ташаббусли бюджетининг 2024 йилги мавсумлари доирасида 11 та объект бугунги кунга қадар фойдаланишга топширилмаган. Шунингдек, лойиҳалар амалга оширилишида 161 та ҳолатда 14 млрд сўмлик хато ва камчиликларга йўл қўйилган.
Наманган вилояти ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш дастурлари ижроси самарадорлигини ошириш мақсадида «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 16-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси А. Эшмуратовнинг Наманган вилояти ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш дастурлари ижроси юзасидан ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик, Инвестициялар, саноат ва савдо, Иқтисодиёт ва молия, Мактабгача ва мактаб таълими, Олий таълим, фан ва инновациялар, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, Қишлоқ хўжалиги, Энергетика вазирликлари, Марказий банк, Солиқ, Туризм, Оила ва хотин-қизлар қўмиталари, Кадастр, Ёшлар ишлари, Давлат активларини бошқариш агентликлари ҳамда Наманган вилояти ҳокимлигига Наманган вилоятида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижроси бўйича аниқланган камчиликлар кўрсатиб ўтилсин.
3. Наманган вилояти ҳокимлиги:
ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш дастурлари ижросини таъминлашда камчиликларга йўл қўйгани, ишларни лозим даражада ташкил қилмагани учун Норин, Уйчи, Чуст ва Янги Наманган туманлари ҳокимларининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари ҳамда ушбу туманлар Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари раҳбарлари фаолиятини танқидий кўриб чиқсин;
жорий йилда соҳага масъул барча ҳудудий ташкилотларнинг бир нафардан малакали мутахассисларини жалб қилган ҳолда аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаш дастури ижросини мувофиқлаштириб, мавжуд муаммоларни тезкор бартараф этиш бўйича штаб фаолиятини йўлга қўйсин;
камбағалликни қисқартиришга қаратилган ҳар бир лойиҳада камбағал оила аъзоларининг манзилли бириктирилишини назоратга олсин;
бир ҳафта муддатда «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»да турган ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш учун маҳаллий бюджетда шаклланган қўшимча манбалар ҳисобидан ижтимоий жамғармаларга зарур маблағларни ажратиш юзасидан тегишли таклифларни ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларига киритсин;
мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда Поп, Норин ва Янгиқўрғон туманларида «Ёшлар дафтари»да турган ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларга ҳамда Наманган шаҳри ва Чуст туманидаги «Аёллар дафтари»га киритилган I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, шунингдек, тезкор тиббий муолажага муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизларга амалий ёрдам кўрсатиш ишларини жадаллаштирсин ва ўрнатилган тартибда дафтарлардан чиқариш чораларини кўрсин;
хусусийлаштириш дастурларига киритилган давлат кўчмас мулк объектлари ҳамда ер участкалари ҳақида, шунингдек, бу борада тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли учун яратилган имкониятлар тўғрисида туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчиларини жалб этган ҳолда тарғибот ва ташвиқот ишларини кенг кўламда олиб борсин;
ҳудудларни иқтисодий ривожлантириш дастурларини, тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатларини ҳамда урбанизация жараёнларини чуқур таҳлил қилган ҳолда, инфратузилма мавжуд бўлган ерларни аукцион савдоларига чиқариш чораларини кўрсин;
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Кадастр агентлиги билан биргаликда келишув жараёнида бўлган ерларни икки ҳафта муддатда келишиш ишларини якунлаб, электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарсин;
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Савдо-саноат палатаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган ишсиз хотин-қизлар ҳамда ёшларни ишга қабул қилган тадбиркорлик субъектларининг давлат мулкидаги бино ва иншоотларни имтиёзли равишда ижарага олиш имкониятларини ўргансин ҳамда қонунчиликда белгиланган имтиёзлардан фойдаланиш борасида амалий ёрдам кўрсатсин;
«Узагростар холдинг» компанияси билан биргаликда Янгиқўрғон ва Чортоқ туманларида қора олхўри ва қулупнайчиликни ривожлантириш, миллий бренд яратиш, ихтисослашув даражасини янада кенгайтириш мақсадида «Узагростар холдинг» компанияси таъсислигида «Наманган — Агро Стар» ихтисослашган компаниясини ташкил этиш чораларини кўрсин;
Солиқ қўмитаси билан биргаликда Давлат бюджети даромадлари ижросини таъминлашда, шу жумладан муддати ўтган солиқ қарздорлигини қисқартириш борасида Мингбулоқ, Учқўрғон, Тўрақўрғон, Норин, Поп, Наманган ва Чуст туманлари солиқ инспекцияси раҳбарларининг масъулиятини оширсин;
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Солиқ қўмитаси билан биргаликда яширин иқтисодиётни қисқартириш борасида аҳоли ва тадбиркорларнинг солиқ маданиятини ошириш, норасмий банд бўлган шахсларнинг фаолиятини белгиланган тартибда расмийлаштириш бўйича назорат ва тарғибот ишларини кучайтирсин.
4. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги:
Наманган вилояти ҳокимлиги билан биргаликда жорий йилнинг иккинчи ярим йиллигида вилоятдаги касбий кўникмалар марказларида янги турдаги — «электромобилларни таъмирловчи ва уларга техник хизмат кўрсатувчи чилангар» ҳамда «сув тежовчи суғориш технологияларига хизмат кўрсатувчи техник» касблари бўйича ўқув курсларини ташкил қилсин, Учқўрғон туманида 15 гектар ер майдонида гидропоника усулида кооперация асосида қулупнай етиштириш лойиҳасини амалга ошириш масаласини ўрганиб, Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда мақсадли жамғармалар орқали камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлашни рағбатлантириш учун «маҳалла еттилиги» томонидан берилган тавсияномаларга асосан субсидия ва бошқа турдаги молиявий ёрдам маблағларининг ўрнатилган тартибда ажратилишини таъминласин.
5. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси, Солиқ қўмитаси ва Наманган вилояти ҳокимлиги билан биргаликда пилла етиштиришга жалб қилинган аҳоли ва иш берувчилар ўртасидаги меҳнат муносабатларини қонунчиликка мувофиқ тарзда расмийлаштириш ҳамда уларнинг меҳнатига тўланган ҳақини солиқ ҳисоботларида қайд этилишидаги муаммоларни ўрганиб чиқсин ва ечими юзасидан асослантирилган таклифларни бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
6. Марказий банк:
Янги Наманган, Норин туманларида аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликдан чиқариш, шу жумладан хотин-қизларни даромадли меҳнат билан банд қилиш борасида АТ «Халқ банки» ва «Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг масъулиятини ошириш чораларини кўрсин ҳамда Олий Мажлис Сенатига ўн кун муддатда тегишли ахборот киритсин;
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан биргаликда «Компания — кооператив — деҳқон хўжалиги» тамойили асосида Косонсой (1 та), Мингбулоқ (1 та), Чуст (1 та), Наманган (1 та), Чортоқ (2 та) ва Янгиқўрғон (2 та) туманларида ташкил қилинган қишлоқ хўжалиги кооперативларида камбағал оилалар аъзоларининг расмий бандлигини таъминлаш ҳамда уларга кооперативлар устав фондига улуш сифатида киритиш учун Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси ҳисобидан субсидиялар ажратиш чораларини кўрсин.
7. Энергетика вазирлиги «Яшил энергия» МЧЖ, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ҳамда Наманган вилояти ҳокимлиги билан биргаликда:
жорий йилнинг иккинчи ярим йиллигида пилот тариқасида Норин туманида, кейинчалик қолган 5 та тумандаги оғир тоифадаги маҳаллаларда фотоэлектр станциясини қуриш, маҳаллалардаги камбағал оила аъзоларини ўқитиш ва уларни фотоэлектр станцияларига ишга қабул қилиш ишларини жадаллаштирсин;
оғир тоифадаги маҳаллаларни барқарор электр энергияси билан таъминлаш бўйича айрим ортда қолган лойиҳаларда ишларни тўлиқ якунлаб, жорий йилнинг 15 сентябрига қадар фойдаланишга топширсин.
8. Рақамли технологиялар вазирлиги Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Наманган вилояти ҳокимлиги билан биргаликда жорий йил якунига қадар «Рақамлаштириш орқали фаровонлик сари дастури» асосида ўқитилган ва саралаб олинган камбағал оила аъзоларининг 394 нафарини бандлигини таъминлашга кўмаклашсин.
9. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Наманган вилояти ҳокимлиги билан биргаликда камбағал оилаларнинг 160 нафар аъзосини коммунал соҳада талаб юқори бўлган касбларга ўргатиш ишларини якунлаб, жорий йил якунига қадар бошқарув сервис компаниялари ва қурилиш ташкилотларига ишга қабул қилинишини таъминласин.
10. Оила ва хотин-қизлар қўмитаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Наманган вилояти ҳокимлиги билан биргаликда жорий йилги инвестиция дастури доирасидаги 819 та лойиҳада 7 136 нафар киши, шу жумладан камбағаллик реестрига ва «Аёллар дафтари»га киритилган эҳтиёжманд хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича ишларни манзилли ташкил қилсин. Бунда, маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари ва хотин-қизлар фаолларини масъулиятини ошириш чораларини кўрсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида мақсадли жамғармалар (Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси, Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда Янги иш ўринлари ташкил этишни рағбатлантириш ҳудудий жамғармаси) ҳисобидан Наманган вилоятида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлашни рағбатлантириш учун маблағ ажратилмагани сабабларини ўрганиб, бу борада мутасаддиларнинг масъулиятини оширсин;
Косонсой тумани «Ўрикзор», «Чорбоғ« ва «Садача» маҳаллаларида умумтаълим мактабининг йўқлиги, мингдан ортиқ мактаб ўқувчилари 2-3 км узоқликдаги мактабларга қатнаб таҳсил олаётганлиги, шунингдек келгусида аҳолининг ўсишини инобатга олиб, ушбу маҳаллаларга яқин жойлашган ва тўлиқ қувватда ишламаётган Саноатда ахборот-технологиялари техникуми биносида умумтаълим мактабини ташкил этиш масаласини ўрганиб чиқсин;
мазкур Қарор ижроси юзасидан дастлабки ахборотни жорий йилнинг 25 октябригача ҳамда якуний ахборотни 2026 йилнинг 15 февралига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига киритсин.
12. Халқ депутатлари Наманган вилояти, туман ва шаҳар Кенгашларига йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш бўйича амалга оширилган ишларни, шунингдек, вилоят ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш дастурларининг ижроси юзасидан мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботларини Кенгаш сессияларида тизимли равишда эшитиш ва танқидий муҳокама қилиш, ортда қолаётган масалалар бўйича қўшимча чораларни белгилаш тавсия этилсин.
13. Ушбу Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Э. Гадоев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2025 йил 15 август,
КҚ-222-V-сон