Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг
қарори
Нобанк кредит ташкилотларида бухгалтерия ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 20 августда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3263-3]
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги ва 2025 йил 17 апрелдаги ЎРҚ-1058-сон «Тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2020 йил 27 июндаги 15/9-сон қарори (рўйхат рақами 3263, 2020 йил 30 июнь) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.06.2020 й., 10/20/3263/1100-сон) билан тасдиқланган Нобанк кредит ташкилотларида бухгалтерия ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Раис Т. ИШМЕТОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 30 июль,
17/7-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2025 йил 30 июлдаги 17/7-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Нобанк кредит ташкилотларида бухгалтерия ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Муқаддима қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Мазкур Йўриқнома микромолия ташкилотлари, ломбардлар, ипотекани қайта молиялаштириш, факторинг ва кафолатлар бериш ташкилотлари (бундан буён матнда нобанк кредит ташкилоти деб юритилади) учун бухгалтерия ҳисобини юритиш ва бухгалтерия ишларини ташкил қилиш тартибини белгилайди.».
2. 2-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«2. Микромолия ташкилотлари, ломбардлар ва факторинг ташкилотлари Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатлари ва мазкур Йўриқномага, ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари (бундан буён матнда ипотека ташкилоти деб юритилади) ва кафолатлар бериш ташкилотлари Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатлари, Молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлари ва мазкур Йўриқномага мувофиқ ўз ҳисоб сиёсатини ишлаб чиқиши, тасдиқлаши ва амалда қўллаши, шунингдек иш хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда ҳужжатлар айланиш тартибини белгилаши лозим.».
3. 3-бобнинг номидаги «Микромолия ташкилотлари ва ломбардларда» деган сўзлар «Микромолия ташкилотлари, ломбардлар ва факторинг ташкилотларида» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
4. 60-банднинг биринчи хатбошиси «ломбард» деган сўздан кейин «ва факторинг ташкилоти» деган сўзлар билан тўлдирилсин.
5. 76-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«76. Асосий воситаларга эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи барча ҳужжатлар — уларнинг баҳоси, суғурта полиси ва бошқа ҳужжатлари алоҳида йиғма жилдларда сақланиши лозим.».
6. 101-банддаги «факторинг (пул талабини бериш) тўғрисидаги шартнома» деган сўзлар «факторинг (пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаш) шартномаси» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
7. 109-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Активларни инвентаризация қилиш Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (19-сонли БҲМС) «Инвентаризацияни ташкил этиш ва ўтказиш»га (рўйхат рақами 3548, 2024 йил 12 август) асосан амалга оширилади.».
8. 125-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«125. Ушбу ҳисобварақлардаги маблағларни инвентаризация қилиш Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (19-сонли БҲМС) «Инвентаризацияни ташкил этиш ва ўтказиш»га (рўйхат рақами 3548, 2024 йил 12 август) асосан амалга оширилади.».
9. 4-бобнинг номидаги «Ипотека ташкилотида» деган сўзлар «Ипотека ташкилоти ва кафолатлар бериш ташкилотида» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
10. 134-банддаги «Ипотека ташкилотида» деган сўзлар «Ипотека ташкилоти ва кафолатлар бериш ташкилотида (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади)» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
11. 135-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«135. Ташкилотларда касса операцияларини амалга ошириш тартиби амалдаги қонунчиликка мувофиқ ташкилотлар томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.».
12. 136 ва 140-бандлардаги «Ипотека ташкилотида» деган сўзлар «Ташкилотларда» деган сўз билан алмаштирилсин.
13. 137-банддаги «Ипотека ташкилотининг активлари (банкларга ажратилган ресурслар» деган сўзлар «Ташкилотларнинг активлари (кредит ташкилотларига ажратилган ресурслар» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
14. 139-банддаги «Ипотека ташкилотининг» деган сўзлар «Ташкилотларнинг» деган сўз билан алмаштирилсин.
15. 1-иловада:
3-банддаги «микромолия ташкилоти, ломбард ва ипотека ташкилоти» деган сўзлар «микромолия ташкилотлари, ломбардлар, ипотекани қайта молиялаштириш, факторинг ва кафолатлар бериш ташкилотлари» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
9-банднинг олтинчи хатбошисидаги «назорат калити» деган сўзлар «қўшимча тартиб рақами» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
10-банддаги «назорат калитини ташкилот ўзи ҳисоблаб чиқаради,» деган сўзлар «қўшимча тартиб рақами 0 дан 9 гача бўлган тартиб рақами билан ҳамда» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
2-боб «45201 Кўрсатилган хизматлар ва воситачилик учун олинган даромадлар» баланс ҳисобварағидан кейин қуйидаги мазмундаги 45217 баланс ҳисобварағи билан тўлдирилсин:
«45217 Сотиб олинган дебиторлик қарзлари бўйича даромадлар — Факторинг»;
3-боб «45201 Кўрсатилган хизматлар ва воситачилик учун олинган даромадлар» баланс ҳисобварағидан кейин қуйидаги мазмундаги 45217 баланс ҳисобварағининг номи ва таърифи билан тўлдирилсин:
«45217 Сотиб олинган дебиторлик қарзлари бўйича даромадлар — Факторинг
Ҳисобварақнинг таърифи: сотиб олинган дебиторлик қарзлар бўйича олинган даромадлар ҳисоби олиб борилади.
Ҳисобварақнинг кредитида қарздор томонидан сотиб олинган дебиторлик қарзини қоплашда ишлаб топилган даромад суммаси акс эттирилади.
Ҳисобварақнинг дебетида нотўғри олинган даромадларнинг қайтарилиш суммаси, шунингдек молиявий ҳисобот йилининг охирида банкнинг молиявий натижаси сифатида 31206 ҳисобварағига ўтказиладиган даромадлар суммаси акс эттирилади.».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.08.2025 й., 10/25/3263-3/0756-сон)