Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
қарори
«Қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлашнинг самарали ва замонавий тизимини яратиш ҳамда чиқинди полигонларини ёпиш ва рекултивация қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг парламент сўровига Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А. Абдухакимовнинг жавоби ҳақида
«Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. «Қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлашнинг самарали ва замонавий тизимини яратиш ҳамда чиқинди полигонларини ёпиш ва рекултивация қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг парламент сўровига Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А. Абдухакимов томонидан юборилган ёзма жавоб маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига:
2025 йил якунига қадар 18 та қаттиқ-маиший чиқинди полигонларини ёпиш ва рекултивация қилиш, 14 та маиший чиқиндиларни қайта юклаш станцияларини ташкил этиш борасидаги вазифалар ижросини таъминлаш;
қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш, шу жумладан, кўмиш орқали органик ўғит ҳамда ёқиш орқали муқобил энергия ишлаб чиқариш бўйича 11 та лойиҳани ишга туширишни тезлаштириш;
самарасиз лойиҳаларни танқидий жиҳатдан қайта кўриб чиқиш, уларнинг ўрнини истиқболли лойиҳалар билан тўлдириш, йилдан йилга ўтувчи лойиҳалар билан боғлиқ муаммоларни, шунингдек молиялаштириш масалаларини ҳал этиш орқали «Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегияси»да 2022 — 2025 йиллар учун белгиланган режа кўрсаткичларига эришиш;
электромобилларнинг яроқсиз аккумуляторларини сақлаш ҳамда утилизация қилиш учун қайта ишлашнинг махсус тизимини йўлга қўйиш борасидаги ишларни тезлаштириш ва якунига етказиш чораларини кўриш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ёзма жавоб маълумотида қайд этилган, парламент сўровини кўриб чиқиш натижалари бўйича белгиланган вазифаларнинг ижро этилишини таъминлаш юзасидан парламент назоратини амалга оширсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ушбу Қарорнинг ижроси юзасидан 2026 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ахборот тақдим этсин.
5. Мазкур Қарор Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига юборилсин.
6. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 15 июль,
1106-V-сон