Ўзбекистон Республикасининг қонуни
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ, ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ КЕНГАШИНИНГ РАИСИ ВА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВИЦЕ-ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ШАЪНИ ВА ҚАДР-ҚИММАТИНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2003 йил 25 апрелдаги 481-II-сонли «Ўзбекистон Республикаси Президенти фаолиятининг асосий кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш ҳақида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг Бошлиғи сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раиси ва Ўзбекистон Республикаси вице-Президентининг шани ва қадр-қимматига путур етказилишига йўл қўйиб бўлмаслигини эътироф этган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг Олий Кенгаши қарор қилади:
1-модда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раиси ва Ўзбекистон Республикаси вице-Президентини ошкора ҳақоратлаганлик ёки уларга нисбатан туҳмат қилганлик —
уч минг сўмгача миқдорда жарима солиш ёки икки йилгача муддатга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм этиш ёхуд уч йилгача муддатга озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади.
Матбуотдан ёки бошқа оммавий ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда содир этилган худди шундай хатти-ҳаракатлар —
икки йилгача муддатга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм этиш ёхуд олти йилгача муддатга озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади.
2-модда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раиси ва Ўзбекистон Республикаси вице-Президентини ҳақоратловчи ёки уларнинг шахсига нисбатан туҳматни ўз ичига олувчи материални эълон қилган оммавий ахборот воситасига суд қарорига кўра йигирма беш минг сўмгача миқдорда жарима солинади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раиси ва Ўзбекистон Республикаси вице-Президентини ҳақоратловчи ёки уларга нисбатан туҳматни ўз ичига олувчи материални такроран тарқатган оммавий ахборот воситасининг фаолияти суд қарорига кўра тўхтатилиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(3-модда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1995 йил 6 майдаги 73-I-сон қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Олий Мажлис Ахборотномаси, 1995 й., 6-сон, 121-модда)
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1991 йил 15 февраль,
220-XII-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1991 й., 4-сон, 73-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 й., 6-сон, 121-модда)