Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қарори
Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ҳамда хусусийлаштириш жараёнларини янада жадаллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар ижросини ўрганиш натижалари тўғрисида
Сўнгги йилларда иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш, давлат мулкини хусусийлаштириш орқали хусусий сектор улушини ошириш ва тадбиркорликка шароит яратиш, самарасиз ишлаётган ва истиқболсиз корхоналарни тугатиш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, 2021 — 2024 йилларда давлат иштирокидаги 500 дан зиёд хўжалик жамиятлари ва давлат унитар корхоналари ва 3,4 мингга яқин кўчмас мулк объектлари хусусийлаштирилган, 1 027 та корхона тугатилган ва 964 таси қайта ташкил этилган.
Давлат активларининг хусусийлаштирилиши натижасида қарийб 36 минг янги иш ўринлари яратилган. Тадбиркорларга янада қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган изчил чора-тадбирлар самараси ўлароқ 50 дан ортиқ давлат хизматлари хусусий секторга берилган.
Банк соҳасида трансформация ва хусусийлаштириш бўйича амалга оширилган ишлар натижасида сўнгги беш йилда банклар капитали 2 баробарга, йиллик кредит ажратиш ҳажми 2,3 баробарга кўпайган. Ипотека-Банк, Ўзагроэкспорт банк ва Пойтахт банкдаги давлат улуши хорижий инвесторларга сотилган, 8 та янги хусусий банк ташкил этилган. Давлат улуши мавжуд бўлган банк активларининг улуши 85 фоиздан 65 фоизга қисқарган.
Охирги икки йилда 4 ва 5-тоифага мансуб туманларда тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш мақсадида 599 та давлат активининг бошланғич нархи 10 фоиздан 90 фоизгача пасайтирилган тарзда, 5 йил муддатга тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти билан аукцион савдоларида сотилган.
2024 йилнинг ноябр ойида илк бор «Xalqchil IPO» дастури доирасида Республика товар-хом ашё биржасининг 3 миллиондан ортиқ акцияси аҳолига сотилиб, 11 мингга яқин киши акциядорга айланган.
Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 апрелдаги «2025 йил учун хусусийлаштириш дастури тўғрисида»ги ПФ-70-сонли Фармонига асосан 30 триллион сўмлик давлат активлари ва ер участкаларини сотиш, давлат ва давлат иштирокидаги корхоналарга тегишли 115 та жамият устав капиталидаги улушларни, 659 та кўчмас мулк объектини ва 6,1 минг гектар ер участкасини савдога чиқариш дастурда тасдиқланган.
Ушбу мақсадли кўрсаткичлар доирасида 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида 7,7 триллион сўмлик давлат активлари ҳамда ер участкалари хусусийлаштирилган.
Шу билан бирга, олиб борилган ўрганиш ва таҳлиллар иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ҳамда хусусийлаштириш жараёнларини янада жадаллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар ижросини таъминлашда ўз ечимини кутиб турган айрим масалалар ҳамда ишга солинмаган имкониятлар мавжудлигини кўрсатди.
Жумладан, 2024 йилнинг якунига кўра давлат улуши 50 фоиздан юқори корхоналарнинг сони 1 819 тани ташкил қилса, уларнинг 885 таси (49 фоизи) истиқболсиз бўлиб, бугунги кунда самарасиз фаолият кўрсатаётганлиги сабабли хусусийлаштириш ва тугатиш чоралари кўрилмоқда.
Зарар кўрган ва иқтисодий таваккалчилик ҳолатидаги (паст рентабелли, тўлов қобилиятини йўқотган) корхоналарни молиявий соғломлаштириш бўйича 2024 йилга мўлжалланган «йўл хариталари» ижроси доирасида йил якуни билан зарар билан чиққан 52 та корхона (шундан 19 тасида ўтган йилга нисбатан зарар миқдори 41 млрд сўмга камайган)нинг асосий қисми хизматлар нархи тартибга солинадиган уй-жой коммунал хўжалиги ҳамда йўловчи ташиш корхоналари ҳиссаларига тўғри келади.
«Ўзбекнефтгаз» АЖ ва унинг тизимидаги корхоналар балансида бўлган 10 дан зиёд активлар қарийб бир йилдан буён аукционда сотилмаса-да, АЖ бошқаруви органлари томонидан активларни бошланғич нархини пасайтириш механизмлари қўлланилмаган.
Шаҳар ва туманлар ҳокимликлари томонидан ҳудуднинг ихтисослашуви, коммуникация ўтказиш имконияти ўрганилмасдан тадбиркорлик фаолияти учун аукционга чиқарилган 1,9 минг гектарга яқин ер майдони қарийб 1 йилдан буён сотилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 17 июлдаги 432-сонли «Кичик саноат зоналари ҳамда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари тадбиркорларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни тўлиқ бажарган кичик саноат зоналари иштирокчилари, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ёш тадбиркорлик субъектларига берилган давлат кўчмас мулк объектлари ҳамда ер участкаларини хусусийлаштириш ишлари суст ташкил қилинган.
Шунингдек, жорий йил учун саноат зоналаридаги бино ва иншоотлар ижара тўлови ставкалари ўтган йилга нисбатан кескин кўтарилиши (республика бўйича ўртача 7,5 баробар) тадбиркорлик субъектларининг эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Ҳоким ёрдамчилари томонидан ўз ҳудудларида бўш турган давлат кўчмас мулк объектини аниқлаш ва аукцион орқали сотиш, ижарага бериш ишлари самарадорлиги паст. 2022 — 2025 йиллар ҳисобига ҳоким ёрдамчиларининг буюртманомалари асосида 16 та давлат кўчмас мулк объекти ва 97 та ер участкаси электрон онлайн-аукцион савдоларида сотилган, холос.
«Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари»га киритилган ишсиз хотин-қизлар ҳамда ёшларни ишга қабул қилган тадбиркорлик субъектларига давлат мулкидаги бино ва иншоотларни имтиёзли равишда ижарага бериш имкониятидан бугунги кунда бор-йўғи 4 нафар тадбиркорлик субъекти фойдаланмоқда.
«2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида белгиланган Давлат активларини реализация қилишдан тушган маблағлар ҳисобидан Давлат бюджетига ўтказилган трансфертлар миқдори режага нисбатан 62 фоизни ташкил қилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 19 апрелдаги «Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-162-сонли қарорида ветеринария хизматини босқичма-босқич хусусий секторга ўтказиш назарда тутилган, бироқ бугунги кунга қадар амалиётга жорий этилмаган.
2024-2025 йилларда инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни бажариш шарти билан сотилган 108 та давлат активи бўйича тузилган шартномалар харидорлар томонидан ўз мажбуриятлари бажарилмаганлиги, шу жумладан тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли бекор қилинган.
Давлат иштирокидаги корхоналарда молиявий натижадорлик ва давлат мулкидан фойдаланиш ва давлат мулкини хусусийлаштириш ҳолати юзасидан жамоатчиликка ҳисоб бериш орқали мазкур жараёнларни очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш борасида ишлар етарли эмас.
Хусусан, 2024 йил ва 2025 йилнинг ўтган даври мобайнида Давлат активларини бошқариш агентлигининг Жиззах, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидаги ҳудудий бошқармалари томонидан муниципал мулкни хусусийлаштириш ҳолати тўғрисида маҳаллий Кенгашларга ҳисоботлар берилмаган.
Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ҳамда хусусийлаштириш жараёнларини янада жадаллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар ижроси самарадорлигини ошириш мақсадида «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 16-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директори А. Ортиковнинг давлат мулкини хусусийлаштириш ҳолати тўғрисидаги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Э. Гадоевнинг иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ҳамда хусусийлаштириш жараёнларини янада жадаллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар ижросини ўрганиш натижалари тўғрисидаги ахборотлари маълумот учун қабул қилинсин.
2. Давлат активларини бошқариши агентлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо, Иқтисодиёт ва молия вазирликлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ҳамда хусусийлаштириш жараёнларини янада жадаллаштириш борасида белгиланган айрим вазифаларнинг ижросини таъминлашдаги йўл қўйилган камчиликлар кўрсатиб ўтилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
зарар кўрган ва иқтисодий таваккалчилик ҳолатидаги давлат иштирокидаги корхоналарни молиявий соғломлаштириш бўйича тасдиқланган «йўл хариталари» тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий ижро ҳокимияти органлари (акциядор функцияларини бажарувчилар) томонидан бажарилишини мувофиқлаштириб борган ҳолда таъсирчан чоралар кўрсин;
«Ўзбекнефтгаз» АЖнинг бошқарув органларида савдога чиқарилган ва узоқ муддатдан буён сотилмаётган активларнинг бошланғич нархни пасайтириш механизмларини қўллаш масаласини кўриб чиқилишини таъминласин;
ҳокимликларнинг фаолияти самарадорлигини баҳолашда хусусийлаштириш жараёнлари, шу жумладан реализация қилинган объектлар улуши, муддатларга риоя этилиши, жалб қилинган инвестициялар ҳажми каби мезонларни ҳам инобатга олиш масаласини кўриб чиқсин;
мазкур Қарор ижроси юзасидан дастлабки ахборотни жорий йилнинг 1 октябрига ҳамда якуний маълумотни 2026 йилнинг 10 февралига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига киритсин.
4. Давлат активларини бошқариш агентлиги:
хусусийлаштирилган давлат активлари тўғрисидаги кунлик маълумотларни расмий веб-сайтида ва ижтимоий тармоқларда ёритиб боришни давом эттирсин;
давлат активларини сотиш бўйича тузилган шартномага мувофиқ, харидорлар томонидан ўз мажбуриятларини бажармаслик ҳолатларининг олдини олиш ва бу борада уларга кўмаклашиш юзасидан зарур чоралар кўрсин;
жорий йилнинг 15-августига қадар ҳудудий бошқармалар томонидан тегишли ҳудудда муниципал мулкни хусусийлаштириш ҳолати тўғрисидаги ҳисоботлар тегишлилигича халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сессияларда кўриб чиқиш учун тақдим этилишини назоратга олсин;
Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар порталида очиқ маълумотлар тўпламлари эълон қилинишини, шунингдек, ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар ўз вақтида тақдим этилишини ва янгилаб борилишини ҳамда ўз фаолиятига оид ҳисоботни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш учун матбуот анжуманлари ўтказилишини таъминлаб борсин;
давлат иштирокидаги корхоналарнинг инвестициявий жозибадорлигини таъминлаш учун сотишдан олдин тайёрлаш бўйича самарали механизмларни жорий этишга қаратилган таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиб борсин;
2025 йил учун бюджетдан ташқари Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармасининг даромадлари прогнози ижроси доирасида Давлат бюджетига, шу жумладан маҳаллий бюджетларга трансфертларни ўз вақтида амалга оширилишини таъминласин;
тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий ижро ҳокимияти органлари (акциядор функцияларини бажарувчилар) билан биргаликда давлат иштирокидаги зарар кўрган ва иқтисодий таваккалчилик ҳолатидаги корхоналарни молиявий соғломлаштириш бўйича «йўл хариталари» ижросини мониторинг қилиб борган ҳолда жорий йилни ижобий молиявий натижа билан якунлаш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга оширсин;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда:
хусусийлаштирилиши белгиланган давлат активлари, жумладан, корхоналардаги давлат улушлари, бўш турган давлат мулки объектлари ва сотилиши белгиланган ер майдонлари бўйича оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарғибот ишларини, шунингдек «Roadshow» тақдимотларини мунтазам равишда ўтказиб борсин;
2 000 квадрат метргача бўлган давлат кўчмас мулк объектларини ҳоким ёрдамчиларининг онлайн-буюртманомасига асосан сотишдан тушадиган маблағлар баҳолаш ва сотиш харажатлари чегирилган ҳолда тегишли маҳаллаларнинг Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаларига ўтказилишини таъминласин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
хусусийлаштириш дастурларига киритилган давлат кўчмас мулк объектлари ҳамда ер участкалари ҳақида, шунингдек, бу борада тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли учун яратилган имкониятлар тўғрисида тарғибот ва ташвиқот ишларини кенг кўламда олиб борсин, бунда туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчиларининг иштирокини кучайтирсин;
ҳудудларни иқтисодий ривожлантириш дастурлари, тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатлари ҳамда урбанизация жараёнларини чуқур таҳлил қилган ҳолда, инфратузилма мавжуд бўлган ерларни аукцион савдоларига чиқариш чораларини кўрсин;
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Савдо-саноат палатаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган ишсиз хотин-қизлар ҳамда ёшларни ишга қабул қилган тадбиркорлик субъектларининг давлат мулкидаги бино ва иншоотларни имтиёзли равишда ижарага олиш имкониятлари бўйича тарғибот ишларини олиб борсин.
6. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Давлат активларини бошқариш агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда:
ҳоким ёрдамчиларига ўз ҳудудларида бўш турган давлат кўчмас мулки объекти ёки ер участкаларини аниқлаш, сотиш ёки ижарага бериш бўйича онлайн-буюртманомаларни шакллантириш, электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқариш тартиб-таомиллари юзасидан тушунтириш ишларини олиб борсин;
ҳоким ёрдамчиларининг фаолияти самарадорлигини баҳолашда улар томонида ўз ҳудудларида бўш турган давлат кўчмас мулк объекти ёки ер участкаларини аниқланиши, электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилиши ва реализация қилиниши каби мезонларни инобатга олиш юзасидан бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
7. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда график асосида ҳудудларда хусусийлаштиришга масъул идоралар ва саноат зоналари иштирокчилари учун ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича тушунтириш-тарғибот ишларини олиб борсин ва саноат зоналари ерларини хусусийлаштириш чораларини кўрсин;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан биргаликда график асосида ҳудудларда хусусийлаштиришга масъул идоралар ва саноат зоналари иштирокчилари учун ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича тушунтириш-тарғибот ишларини олиб борсин.
8. Соғлиқни сақлаш вазирлиги икки ой муддатда 2025 йил учун хусусийлаштириш дастури доирасида стоматология поликлиникалари (келгусида хусусийлаштириш орқали) негизида ташкил қилинадиган хусусий клиникаларда сифатли тиббий хизмат кўрсатилиши бўйича самарали мониторинг механизмларини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин.
9. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига:
Маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича доимий комиссиялар томонидан муниципал мулкни хусусийлаштириш бўйича белгиланган вазифалар ҳамда хусусийлаштириш дастурлари доирасида тегишли ҳудуд учун мақсадли кўрсаткичларнинг бажарилишини мониторинг қилиб бориш;
ҳар чоракда камида бир марта мониторинг натижаларининг муҳокамасини Комиссия мажлисларида ташкил этиш ҳамда мутасадди идора ва ташкилотлар раҳбарларининг мазкур йўналишдаги фаолияти тўғрисидаги ахборотлари эшитилишини таъминлаш;
саноат зоналари жойлашган ҳудуднинг жойлашуви, жозибадорлиги, инфратузилма билан таъминланганлиги, тадбиркорлик субъектларининг ижтимоий ва иқтисодий барқарорлиги ҳамда бозор конюнктурасини инобатга олган ҳолда жорий йил учун белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкаларини қайта кўриб чиқиш;
Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудий бошқармаларининг тегишли ҳудудда муниципал мулкни хусусийлаштириш ҳолати тўғрисидаги ҳисоботи бир йилда камида бир марта, шу жумладан, 2025 йилнинг биринчи ярим йиллиги якуни билан жорий йилнинг 15 августига қадар Кенгаш сессияларида муҳокама қилинишини ташкил қилиш, ортда қолаётган масалалар бўйича қўшимча чораларни белгилаш тавсия этилсин.
10. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Э. Гадоев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2025 йил 22 июль,
КҚ-212-V-сон